Тадбир Президентимизнинг жорий йил 22 август куни тадбиркорлар билан ўтказган “Очиқ мулоқоти” натижалари муҳокамаси, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича янги таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, 2022 йил 30 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2022 йилдаги “Очиқ мулоқоти” да белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсманнинг Андижон вилоятидаги вакиллари ҳамкорлигида ўтказилган учрашувда вилоят ташкилотлари, солиқ, банк идоралари раҳбарлари, 150 дан зиёд тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.
Учрашувда Президентимизнинг “Очиқ мулоқоти” самаралари, тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича бешта йўналишдаги таклиф ва ташаббуслари хусусида фикр алмашилди, қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Белгиланган йўналишларда вилоятда амалга оширилиши кўзда тутилган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбиркорлик субъектларини тоифаларга ажратиш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни манзилли ташкил этиш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай молиялаштириш тизимини шакллантириш, тадбиркорлар учун етарли шароит, инфратузилма ва кафолатли бозор яратиш, мулк ҳуқуқини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, мол-мулкни ҳақиқий бозор активига айлантириш, шунингдек, тадбиркорлар фаолиятини назорат қилиш ва уларни жавобгарликка тортишни эркинлаштириш масалалари бўйича аниқ таклифлар билдирилди.
Тадбиркорлар томонидан билдирилган 25 та муаммо ва таклиф юзасидан алоҳида-алоҳида чора-тадбирлар белгиланди. Уларнинг ижросини таъминлаш бўйича мутасаддилар, масъуллар ва тадбиркорларга вазифалар топширилди. Шунингдек, учрашув давомида мутахассислар томонидан тадбиркорлик фаолияти бўйича қонунчиликдаги ўзгариш ва янгиликлар хусусида маълумотлар берилди. Тадбиркорларни қизиқтирган саволларига мутасаддилар атрофлича жавоб қайтарди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА
Сарлавха :
Иқтисодиёт
20 09 2022 / 10:45