Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Қайси ҳолларда кадастр ҳужжати бўйича давлат хизматлари кўрсатилгани учун йиғим ундирилмайди?



Улашинг :


Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини, шу жумладан битимлар асосида вужудга келишини, узатилишини, чекланишини, бекор қилинишини тан олиш ва тасдиқлашнинг ҳуқуқий ҳужжатидир.

Маълумотларга кўра, мамлакатда 2,6 миллион хонадоннинг кадастр ҳужжатлари мавжуд эмас. Келгусида кадастри йўқ хонадонлар масаласини узил-кесил ҳал қилиш учун алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш белгиланган. Бу борада янги тартиб ишлаб чиқилаётган қонунда ўз аксини топади. Шунингдек, жорий йил 1 октябрга қадар маҳаллабай кадастр ҳужжати бўлмаган хонадонларнинг электрон рўйхати шакллантирилади. Уй-жойга бўлган ҳуқуқларни эътироф этишга асос бўлувчи ҳужжатлар тўпланади ва электрон базага киритилади.

Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, республикамизда аҳолига қулайлик яратиш, ҳудудлардаги мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш, аҳолига маиший, савдо, транспорт, тиббий ва бошқа турдаги замонавий хизматларни кўрсатишда қулайликлар яратиш ҳамда аҳолининг турмуш даражасини янада ошириш мақсадида аҳоли пунктлари чегараларига ўзгартиришлар киритилади.

Маълумки, бир туман ёки шаҳарнинг маълум бир қисмини иккинчи туман ёки шаҳарга қўшилиши ёки янги туман/шаҳар шаклида ташкил этилиши, келгусида ушбу ҳудудларда яшовчи аҳолининг яшаш манзили номига ва кадастр ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритиш заруратини юзага келтиради. Ўз навбатида фуқаролар мавжуд кадастр ҳужжатларини янгисига алмаштиришда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ маълум бир тўловларни амалга оширар эди.

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ҳукуматнинг 2014 йил 10 июлдаги 186-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга мувофиқ эндиликда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ аҳоли пунктларининг номланиши ва чегаралари ўзгарганда, шу жумладан бир ҳудуддан бошқа ҳудудга ўтказилганда (турар ёки нотурар кўчмас мулк объектида реконструкция, қўшимча ва алоҳида қурилиш мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустасно) давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун йиғимлар ундирилмаслиги белгиланди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Олий Мажлис Сенатининг “Тошкент вилоятининг Зангиота, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Қибрай туманлари ҳамда Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир, Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларининг, шунингдек, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисида”ги 2021 йил 27 августдаги қарори билан Тошкент вилоятининг бир қатор аҳоли пунктлари Тошкент шаҳрига ўтказилган бўлиб, ушбу ҳудудларда яшовчи аҳоли мазкур қулайликдан фойдаланишлари мумкин.

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА


Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

30 09 2022 / 11:43