Давра суҳбати Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш
маркази, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик
партияси - O`zLiDeP ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тадбиркорлик
субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили
(Бизнес-Омбудсман) томонидан ташкиллаштирилди. Унда Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммоларини ўрганиш институти, Ўзбекистон
Республикаси Олий Суди ҳузуридаги Судьялар Олий кенгаши, Ўзбекистон
Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Республикаси
Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Респубикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар
малакасини ошириш маркази, Олий таълим ва илмий–тадқиқот муассасалари
эксперт-олимлари, фермерлик ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва соҳага алоқадор
бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
Ҳозирги вақтда иқтисодиётни ривожлантириш, тадбиркорлик
фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва
манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлик йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш билан
боғлиқ ислоҳотлар давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб
қолмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев, тадбиркорлик
фаолиятининг эркинлиги, хусусий мулк дахлсизлигини амалда таъминлаш бундан буён
ҳам давлат сиёсатида устувор йўналиш бўлиб қолишини ва тадбиркор йўлига
тўсиқ бўлишни давлат сиёсатига хиёнат, деб қабул қилинишини алоҳида таъкидладилар.
Ўтган йилги
пандемия жаҳон иқтисодиёти учун жуда катта миқдорда зарар келтирмоқда. Бугунги
кунга қадар дунё бўйича 500 миллионта иш ўрни йўқотилган. Тан олиш керакки,
бунинг салбий оқибатлари республикамизни ҳам четлаб ўтмади. Аксарият тадбиркорлар, айниқса, хизмат кўрсатиш,
туризм соҳасида тадбиркорлик фаолиятини
юритаётган хўжалик юритувчи субъектларга пандемия таъсири яққол сезилди.
Ишсизлик муаммоси кучаймоқда. Пандемия оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш
учун давлатимиз томонидан жами 82 триллион сўмлик комплекс чора-тадбирлар
амалга оширилди. Ушбу маблағларнинг муайян қисми тадбиркорлик субъектларига
пандемия салбий таъсирини юмшатиш учун ажратилди. Ёшлар тадбиркорлиги ва
бандлигини таъминлаш учун 100 миллион доллар ажратиш тўғрисида қарор қабул
қилинди. Шунингдек, ёшларнинг бизнес лойиҳаларини кредитлаш ҳамда уларни
касб-ҳунарга ўқитиш учун 1 триллион сўм ва 50 миллион доллар
ажратилиши белгиланди.
Шу ўринда, таъкидлаш жоизки,
“қўлдан берганга қуш тўймас” деганларидек, тадбиркорлик фаолияти билан
шуғулланиш истагида бўлган барча ёшларга, фуқароларга, хотин – қизларимиз қўлига
таъбир жоиз бўлса, “қармоқ бериш”, яъни тадбиркорлик фаолияти
тартиб-таомилларини соддалаштириш, ушбу фаолият ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш,
молиявий ресурсларга бўлган талабни қондириш чораларини кўриш, бизнес
асосларига ўқитиш тизимини янада кенгроқ
ёйиш, тадбиркорларни ахборотлаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш муҳим
аҳамиятга эга. Шу тарзда тадбиркорлик фаолиятини кенг ривожлантириш республикамизда
долзарб ва оғриқли нуқта бўлган камбағаллик масаласи ечимини топишга хизмат
қилиши шубҳасиздир.
Шу ўринда иқтисодиётимиз равнақи учун ҳал қилувчи
аҳамиятга эга бу соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унинг олдида пайдо
бўладиган тўсиқларни бутунлай олиб ташлаш масаласи бозор иқтисодиётига ўтиш
даврини бошидан кечираётган давлатимиз учун муҳим ва долзарб аҳамиятга эга. Биз ўз олдимизга
мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган
эканмиз, иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлган тадбиркорлик ҳаракатини,
ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитини янада ривожлантиришимиз керак бўлади.
Бу борада республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш қулай инвестиция
муҳитини яратиш, иқтисодиётимизни ривожлантиришнинг муҳим омили сифатида
қаралмоқда ва бу борада кўплаб қонунчилик ҳужжатлари, қарор ва фармонлар қабул
қилинмоқда. Маълумки, бундан 4 йил олдин мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёевнинг
бевосита ташаббуси билан тадбиркорлик субъектларида текширишлар ўтказишга
мораторий эълон қилинган эди. Бунинг натижасида ўтган давр мобайнида
республикамизда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларнинг сони икки баробар
кўпайиб, 400 мингдан ошиб кетди.
Халқаро
экспертлар ҳам юртимиздаги бизнес муҳити яхшиланиб бораётганлигини тан олишмоқда. “Иқтисодий эркинлик” рейтингида ҳам
мамлакатимизнинг 26 поғона кўтарилгани ислоҳотларимизнинг халқаро
майдондаги яна бир эътирофи бўлди. Айтиш жоизки, сўнгги тўрт йил мобайнида барча соҳаларда кенг кўламли
ўзгаришларни амалга ошириш бўйича 150 та қонун, 2 мингга яқин фармон ва
қарорлар қабул қилинди. Шунингдек, таҳлилларга кўра, тадбиркорлик соҳасига у
ёки бу жиҳатдан тааллуқли бўлган жами қарийб 14 мингдан зиёд меъёрий-ҳуқуқий
ҳужжатлар мавжуд.
Тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик
ва норма ижодкорлигида янгича ёндашувларни жорий этиш зарурати.
Республикамизда ўтган давр мобайнида миллий
қонунчилик тизими бутунлай янгитдан яратилди. Бу – албатта, катта иш. Бироқ бу
борада олиб борилган ишларни асло камситмаган ҳолда миллий қонунчилик тизимимиз
билан боғлиқ кўплаб жиддий муаммолар ҳам йилдан-йилга ўтиб, бизга йўлдош бўлиб
келаётганлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бу ўринда давлатимиз раҳбари Шавкат
Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаб
ўтган қуйидаги фикрини келтириб ўтиш жоиз: “Очиқ тан олиш керак, аксарият
ҳолларда бирон-бир масалани аниқ ҳал этмайдиган, бир-бирига тўғри келмайдиган
қонун ва қонуности ҳужжатларини қабул қилиш амалда кўплаб муаммолар
туғдирмоқда. Ўзингиз айтинг, самарасиз ишчи гуруҳлар ташкил этиш, ҳуқуқни
қўллаш амалиётига таъсир кўрсатмайдиган, ижро механизмларига эга бўлмаган,
таъбир жоиз бўлса, «ўлик» қонунлар кимга керак? Ана шундай салбий ҳолатларни
бартараф этиш мақсадида Қонунчилик ва норматив ҳужжатлар ижодкорлигини
такомиллаштиришга доир концепция ишлаб чиқиб, амалга оширишимиз лозим”.
Дарҳақиқат, тадбиркорлик фаолиятини
ривожлантириш бўйича давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда маҳаллий давлат
ҳокимияти органлари муҳим роль ўйнайди.
Хусусан, жойларда тадбиркорлик ва яратувчанлик
муҳитини шакллантириш, ёшларни, биринчи навбатда таълим муассасалари
битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, аҳолини тадбиркорликка оид
ахборот-маълумотлар билан таъминлаш, тегишли ҳудуддаги бўш бино ва иншоотларни
ишлаб чиқариш объектларига айлантириш, оилавий тадбиркорлик, касаначилик,
миллий ҳунармандчилик, чорвачилик, паррандачилик, деҳқончилик, шахсий томорқа
хўжалигини рағбатлантиришга кўмаклашиш, замонавий инсон омилини шакллантириш
каби вазифаларни амалга оширишда бевосита маҳаллий давлат ҳокимияти органлари
марказий фигура ҳисобланади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ихтиёрида
тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича шундай
имкониятлар борки, улар тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда ҳал қилувчи
аҳамият касб этади. Шу билан бирга мазкур имкониятларни марказий тартибда
сафарбар этишнинг имкони йўқ. Қолаверса, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва
амалга оширишда маҳаллий инфраструктура ва у билан боғлиқ турли-туман омиллар
катта аҳамиятга эга. Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари
тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишнинг
асосий субъектларидан бири ҳисобланади. Лекин жойларда барча раҳбарлар ҳам
ҳукуматимиз томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тушуниб, берилган
имкониятлардан фойдаланмоқда, аҳоли ва тадбиркорларга зарур шарт-шароит
яратмоқда, деб айта олмаймиз. Мутахассислар фикрига кўра, маҳаллий давлат
ҳокимияти органларининг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва
ривожлантириш билан боғлиқ фаолиятига оид қонун ҳужжатларида ягона ёндашув
мавжуд эмас, хусусан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бу борадаги
фаолияти айрим қонун ҳужжатларида мажбурият, яна айрим қонун ҳужжатларида вазифа
ва яна бошқаларида ваколат сифатида
белгиланган бўлса, яна айрим қонун ҳужжатларида эса маҳаллий давлат ҳокимияти
органлари раҳбарларининг жавобгарлиги
белгилаб қўйилган.
Амалдаги назорат
тизими эса кўпроқ формал тусга эга бўлиб, ижрони ташкил этишдаги муаммоларни
аниқлаш ва ҳал қилишга йўналтирилмаяпти.
Шундай қилиб, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг
турли қонун ва қонуности ҳужжатларида белгиланган тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш билан боғлиқ
фаолиятини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизми мавжуд эмаслиги
натижасида тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш борасида маҳаллий
давлат ҳокимияти органларининг фаолияти бугунги кун талабига жавоб бермайди.
Бу ҳолат мамлакатимиз
қонунчилик тизимига фуқароларимиз, тадбиркорлар, қолаверса, чет эл
инвесторларининг ишончсизлигини келтириб чиқариши мумкинлигини унутмаслигимиз
керак.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг
2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида мамлакатда тадбиркорлик
фаолиятини янада ривожлантириш, юртимизда амалга оширилаётган тадбиркорликни
ривожлантириш соҳасидаги ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, жумладан, ушбуга
оид амалдаги 5 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш
(масалан, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ
муносабатлар ўттиздан ортиқ қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади), уларнинг
сонини қисқартириш долзарб аҳамиятга эга.
Айни вақтда экспертларга кўра нафақат тадбиркорлик
субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, балки тадбиркорлик субъектларини
қўллаб-қувватлаш, давлат томонидан бошқариш ва назорат қилиш, тадбиркорлик
субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги
ўзаро шартномавий муносабатларни тартибга солиш соҳаларида ҳам йирик ҳажмдаги
қонунчилик ҳужжатлари тизими вужудга келганки, мазкур ҳолат ушбу қонун
ҳужжатларини қўллашда муайян қийинчиликлар ва муаммолар келтириб чиқармоқда. Шу
сабабли тадбиркорлик соҳасидаги барча қонун ҳужжатларини тизимлаштирган ҳолда
ягона тадбиркорлик кодексига бирлаштириш ва бунда тадбиркорлик субъектларини
давлат рўйхатидан ўтказиш тартиботларини ҳам бир йўла таклиф этилаётган
кодексда институционал тартибга солиш зарур.
Булардан келиб чиқиб, такомиллашган ягона конституциявий қонун мақомига
эга бўлган Тадбиркорлик кодексини ишлаб чиқиш зарурати пайдо бўлмоқда.
Шу йўсинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда
Ўзбекистон Республикаси ривожланишининг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар
стратегиясининг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш
йили”да амалга оширишга оид давлат стратегияси тўғрисида” 2021 йил 3 февралдаги
ПФ-6155- сон Фармони билан тасдиқланган давлат дастурининг 3.8 бўлими (“Хусусий
тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириишни таъминлайдиган ишбилармонлик
муҳитини яратиш”) 84- бандида ҳам Тадбиркорлик
фаолияти билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиб, Тадбиркорлик
кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди.
Айни пайтда, Тадбиркорлик кодексининг қабул қилиниши бу соҳадаги қонун
ҳужжатларини тизимлаштириш билан боғлиқ масалалар ечимини топишни талаб этади. Қонунчиликнинг
ички тизимлилигини таъминлашда кодекслаштириш алоҳида ўрин тутади. Маълумки,
кодекс муайян ҳуқуқ (қонунчилик) соҳасидаги норматив мажмуани ифодаловчи,
жамловчи қонундир. Кодекс тузиш жараёнида тармоқдаги ҳуқуқий нормалар, турли
даражадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлил қилинади, қайта ишланади,
ихчамлаштирилади ва такомиллаштирилади[1].
Шу ўринда тадбиркорлик фаолияти эркинлигини
кафолатлаш тамойилидан келиб чиқиб, ушбу соҳадаги қонунчиликда ихтилофлар вужудга келганда тадбиркор манфаатини
ҳимоялаш устуворлигини ва қонунчиликдаги
зиддиятлар тадбиркорлик субъектининг фойдасига талқин қилинишини белгилаб қўйиш
ҳам юртимизда тадбиркорлик ривожини таъминлашини таъкидлаб ўтиш лозим.
Бундан келиб чиқадики, мамлакат иқтисодиётини
ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик
субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлик йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш билан боғлиқ ислоҳотлар
давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
Тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ва норма
ижодкорлигида янгича ёндашувларни жорий этишни тақозо этувчи айрим омиллар
мавжуд. Булар сирасига:
- тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонун ва қонуности
ҳужжатлари ўртасидаги нисбатнинг номутаносиблиги;
- тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонунларнинг ижтимоий
муносабатларни тўғридан-тўғри тартибга солишга йўналтирилмаганлиги;
- тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонунларни
амалиётга жорий этиш механизмининг етарлича шаклланмаганлиги ва ҳ.к. киради.
Тадбиркорлик
фаолиятини тартибга солувчи қонун ва қонун ости ҳужжатлари лойиҳаларини
тайёрлаш ҳамда уларни қабул қилишда бир қатор зарурий омиллар эътибордан четда
қолган. Хусусан, қонунда заруратсиз ҳаволаларнинг кўплиги, айниқса, тегишли
ҳуқуқлар ва уларнинг ҳажмини белгиловчи нормалар қонундан ҳаволаки нормалар
орқали «чиқариб» юборилган. Шунингдек, қонун ости ҳужжатлари кўп ҳолларда
тадбиркорлик субъектларининг қонун билан белгиланган ҳуқуқ ва манфаатларини
тўлиқ рўёбга чиқармайди ёки уларни сиқиб қўяди.
Бу борада қонунларнинг
тўлиқлиги, ҳаётийлиги ва тўғридан-тўғри амалга ошириш механизмларига эга экани
ҳақида сўз юритганда, бу борада ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини таъкидлаш
зарур.
Тан олиш
лозимки, ҳозирги кунда қонунларнинг ислоҳотлар самарасига таъсири етарлича
сезилмаяпти ва ижтимоий муносабатларни бевосита тартибга солишдаги ўрни пастлигича
қолмоқда.
Тадбиркорлик
фаолиятини тартибга солишга оид ҳуқуқий меъёрларнинг асосий ва энг муҳим тамойиллари республикамиз қонунларида
мужассамлашган асосий қоидалардир. Улар бозор иқтисодиёти шароитида хўжалик
юритувчи субъектларнинг иқтисодий
фаолиятини маълум бир мақсад сари йўналтириб, хуқуқий жиҳатдан тартибга солиб
туради. Булар жумласига иқтисодий фаоллик
эркинлиги, тадбиркорлик субъектлари иқтисодий манфаатларини қонуний ҳимоя қилиниши,
иқтисодий услубларни қўллаш асосида давлатнинг хўжалик муносабатларига таъсир
этиши, нархларни эркинлаштириш ва бозор
инфратузилмасини шакллантириш, товар ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи
субъектларнинг ўзаро рақобати, тадбиркорлик субъектларининг қонун ман этмаган
ҳар қандай фаолият тури билан шуғулланиши мумкинлиги сингари муҳим
тамойиллар киради. Албатта, ушбу тамойилларнинг ҳуқуқий жиҳатдан Тадбиркорлик
Кодексида янада мустаҳкамланиши ва амалиётга тадбиқ этилиши юртимизда
тадбиркорлик фаолиятини ривожланишига мустаҳкам замин яратади.
Юқорида қайд
этилганидек, тадбиркорлик ҳуқуқининг асосий тамойилларидан бири бу хўжалик
юритувчи субъектларнинг иқтисодий
фаоллиги эркинлигидир. Жумладан, Конституциямиз 53-моддасига мувофиқ бозор
муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини
хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи
устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш
эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан
баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.
Барча мулк
шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза
этилишига доир ушбу конституциявий тамойилдан келиб чиқиб Фермер, деҳқон
хўжаликлари, томорқа ер эгалари ва агрокластерларнинг, давлат тасарруфидаги
корхоналар, маҳаллий ҳокимлик идоралари
ва кичик тадбиркорлик субъектлари
ўртасидаги ҳамкорлиги ҳамда ўзаро муносабатларини бозор тамойилларига
мувофиқ тенг ҳуқуқий муносабатлар ва
эркин танлаш принципи асосида ташкил этиш тамойилини киритиш бугунги кунда
долзарб аҳамият касб этмоқда. Масалан,
ҳозирги вақтда кластерлар томонидан фермер хўжаликлари ерларини олиб қўйиш ва
фаолиятини тугатиш, фермерлар билан тузган шартномаларини бекор қилиш
қонунчиликка зид маъмурий усуллар орқали ҳал этилмоқда. Шунингдек, агрокластерлар
мажбуриятлари бажарилиши ва инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини мониторинг
қилиш механизми ҳам мавжуд эмас.
Янгидан ташкил
этилаётган агрокластерлар томонидан қишлоқ ҳудудида доимий яшаб келаётган
маҳаллий аҳоли туб манфаатларини, яъни чорвадорлик фаолияти билан шуғулланиш
ҳамда томорқадан фойдаланиш ҳуқуқларини қонуний кафолатлаш тамойилларининг
белгиланишини кластерларга оид қонунчилик нормаларига киритилишини ҳаётнинг ўзи
тақозо этмоқда.
Ер майдонидан
фойдаланиш (ерга эгалик) ҳуқуқини мустаҳкамлаш тамойилидан келиб чиқиб, фермер
хўжаликлари ва қишлоқ хўжалигидаги бошқа хўжалик юритувчи субъектларга
қонунчиликда белгиланган тартибда тузилган ер ижара шартномасида белгиланган шартларни
бажариб келаётган фермерларни ижара шартномасида муддатлар давомида
оптималлаштиришга туширмаслик ва ерни заҳирага қайтариб олинмаслигини (суд
қароридан ташқари) кафолатлаш ҳам бугун барча қишлоқ тадбиркорларини ўй-хаёлида
десак, муболаға бўлмайди.
Шунингдек,
бугунги кундаги актуал масалалардан бири
- “снос”га тушган объектлар бўйича компенсация тўловини қатъий кафолатловчи
нормаларни киритиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Хабарингиз бор, бугунги кунда
кўплаб “снос”га тушган объектлар бўйича компенсация тўловини амалга
оширишда муаммолар мавжуд. Бу эса тадбиркорлар ва фуқароларнинг қонун билан
қўриқланадиган манфаатларининг бузилишига олиб келмоқда. Тадбиркорлик
субъектларини ҚҚС солиғига тортилиши билан боғлиқ зиддиятли масалалар ҳам
бугунги кунда ўз ечимини кутаётган долзарб вазифалардан биридир. Шунга асосан барча
тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳуқуқий нуқтаи назардан тартибга солиш,
мамлакатда бизнес соҳасининг қонуний асосларини мустаҳкамлаш каби мақсадларни
ўзида мужассамлаштирган ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш ва кенг
муҳокама асосида қабул қилиш ҳамда соҳага жорий этиш бугунги давр талаби
эканлиги ўз-ўзидан аён бўлиб қолмоқда.
Маълумки, Қонун
ижодкори ва манбаи – халқдир. Шу ўринда Тадбиркорлик Кодекси муҳокамасига қанча
кўп тадбиркор ва фермерлар, иқтисодий ислоҳотларга бефарқ бўлмаган инсонлар
жалб қилиниб, ўз фикр-мулоҳазасини билдирса, шунча ушбу қонун маромига етади.
Шунингдек, соҳа мутахассислари томонидан Тадбиркорлик Кодекси учун
дастуриламал сифатида – амалдаги Фуқаролик Кодекси, Ер Кодекси ва бошқа
қонунчилик ҳужжатлари нормаларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги алоҳида
таъкидланди. Чунки Фуқаролик Кодексининг ўзида тадбиркорлик фаолиятининг асосий
тамойилларини белгилаб берилган. Шу билан бирга, Тадбиркорлик Кодекси билан бир
вақтда амалдаги Фуқаролик Кодекси нормаларини ҳам такомиллаштириш муҳим
аҳамиятга эга.
Шунингдек, ўтказилган давра суҳбатида Тадбиркорлик Кодекси лойиҳасини
ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш
(мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда нодавлат ташкилотлари вакиллари
иштирокида) ва гуруҳга тааллуқли ишчи дастурини ишлаб чиқиш, бунга илмий-малакавий билимга эга бўлган экспертлар
гуруҳини жалб қилиш (режа ва дастур), 2000 дан ортиқ ҳужжатларни қайта кўриб
чиқиш ва уларнинг сонини қисқартириб, Тадбиркорлик кодексига бирлаштириш, айнан
бу соҳада хорижий тажрибаларни ўрганиш, ишчи гуруҳини аниқ календарь – режа
бўйича тузиб олиш (телеграмм-канал очиш), йўл харитасини белгилаш, Кодекснинг
концепцияси ва тузилмасини яратиш, Тадбиркорлик кодекси бўйича амалга
оширилаётган ишлардан тадбиркорларни ахборотлаштириш ва уларнинг
фикр-мулоҳазасини олиш, Хорижий давлатларнинг ушбу соҳадаги тажрибасини ўрганиш,
информацион-коммуникацион технологиялар (ИКТ)дан кенг кўламда фойдаланган ҳолда
тадбиркорлар учун мулоқот майдонини яратиш ва ҳ.к. амалга ошириш лозимлиги
таъкидланди.
Хулоса ўрнида.
Тадбиркорлик Кодексининг қабул қилиниши зарурати қуйидаги
омиллар, яъни тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан мақсадли тартибга
солишнинг адолатли асослари ҳамда аниқ мезонларини вужудга келтириш,
тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг қонуний кафолатларини таъминлаш, тадбиркорлик
субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини
ишлаб чиқиш, кафолатлаш ҳамда ҳақиқий ишбилармонлик муҳитини вужудга келтириш, тадбиркорлик
субъектлари учун рақобат муҳитини яхшилаш ва давлатнинг айрим функцияларини хусусий
секторга ўтказиш, тадбиркорлик фаолияти этикаси қоидалари ва коррупцияга қарши
курашиш тартиб-таомилларини кенг жорий этиш, давлат органларининг (айниқса,
маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг) тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш
ва қўллаб-қувватлаш борасидаги имкониятларини тўлиқ сафарбар этиш, давлатнинг
иқтисодиётга асоссиз аралашишининг олдини олиш ва бошқа долзарб омиллар билан
ҳам изоҳланади.
Ушбу нормаларнинг ҳаётга амалда тадбиқ этилиши тадбиркорлик
субъектларига ҳақиқий адолатли иқтисодий ва молиявий эркинликни тақдим этади.
Бундай эркинликнинг ҳуқуқий асослари эса фақатгина қонун даражасида ва албатта,
тадбиркорлик кодексида белгилаб қўйилиши лозим.
Тадбиркорлик Кодексидан кутилаётган асосий мақсад –
тадбиркорларнинг ҳуқуқлари, фаолияти эркинлиги
кафолатларини тадбиркорлар учун содда ва равон тарзда ҳаволаки нормалардан ҳоли
тўғридан-тўғри кучга эга қонун ҳужжатида аниқ белгилаб берилишини таъминлаш ва
ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда кенг жорий этилишидир.
Шу ўринда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик
партияси, амалдаги қонунчилик билан белгиланган ўз имкониятидан келиб чиқиб,
электорати – тадбиркор ва фермерларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи сиёсий куч сифатида ҳозирда ишлаб
чиқилаётган Тадбиркорлик Кодекси лойиҳасига киритилиши лозим бўлган асосий омил ва тамойилларни сиёсий платформа даражасида пухта ишлаб
чиқиб, тегишли вазирлик ва идораларга чорлов ва чақириқ билан чиқиши, ўз нуқтаи
назарини баён этиши жамоатчилик
муҳокамасини кенг миқёсда ташкиллаштириши бугунги кун давр талаби бўлиб
қолмоқда.
Миллий Тадбиркорлик Кодексининг қабул қилиниши ҳам бугунги мураккаб
шароитда юртимизда бошланган кенг қамровли ислоҳотлар, янги Ўзбекистонни барпо
этиш сари ташлаётган дадил қадамларимизнинг бардавом бўлишини таъминлаш учун
мустаҳкам замин яратади. Зеро юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар тақдири,
халқимиз фаровонлиги ва ижтимоий барқарорлик, кучли фуқаролик жамиятининг барпо
этилиши – жамиятда бевосита тадбиркорлик қатламининг кенг ривожланиши ва
равнақи билан узвий боғлиқдир.
Султонмурод
Михридинов,
Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни
қўллаб-қувватлаш маркази бўлим мудири
Сарлавха :
Марказ фаолиятига оид
23 03 2021 / 17:18