Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Инвестиция – иқтисодиёт ривожланиши гарови



Улашинг :


Республикамиз иқтисодиётининг хусусий секторида инвестиция фаолиятини молиялаштириш тизими такомиллашиб, инвестициялаш шакл ва манбаларининг кўпайиши кузатилмоқда.

Бу ҳолатни ижобий тенденция сифатида баҳолаш лозим. Ўзгаришлар, фикримизча, қуйидагилардан иборат:

  • инвестиция фаолиятини амалга оширишни молиявий жиҳатдан таъминловчи манбаларнинг сезиларли даражада кўпайиши;
  • инвестицияларга йўналтирилаётган хусусий капиталнинг давлат капитали устидан устуворлиги ошиб бориши;
  • инвестиция фаолиятида иштирок этувчи мулкчиликнинг турли шаклидаги хўжалик юритувчи субъектлар ва объектлар сонининг муттасил ўсиш суръатига эга бўлаётгани;
  • бўш турган пул маблағларини жамлаш ва уларни инвестиция фаолиятига жалб қилиш орқали инвестициялар билан боғлиқ талаб ва таклифни мувофиқлаштирадиган инвестиция бозорнинг шаклланганлиги, шунингдек, унинг институтларини ташкил қилиш жараёнининг ривожланаётганлиги каби йўналишларда ўз ифодасини топмоқда.

Ушбу жараёнлар тадрижий йўл билан босқичма-босқич равишда инвестиция капиталини шакллантириш тизимини мулкчилик шакли ва молиялаштириш манбаларига мос ҳолда такомиллаштириб бориш учун катта имкониятлар яратади.

Шу билан бирга, инвестиция капитали таркиби ва инвестициялаш субъектлари ташкилий тузилмаларининг бозор иқтисодиёти талабларига мос равишда ўзгариши инвестиция фаолиятини ривожлантириш ва диверсификациялаш жараёнини янада такомиллаштириш борасида қулай шарт-шароитлар яратади. Давлатнинг инвестиция фаолиятини амалга оширишдаги иштирокининг пасайиши ўтиш даврида инвестиция фаолияти турларига жалб этиладиган давлат даромадлари ҳажмининг камайиши оқибатида юз беради. Демак, иқтисодиётнинг устувор, айниқса реал тармоқларини давлат бюджети ҳисобидан инвестициялаш талабларининг пасайиб бориши молиялаштириш билан боғлиқ муаммоларни хусусий сектор орқали ҳал этиш мумкинлигини объектив ҳақиқатга айлантиради.

Давлат бюджети маблағларисиз ижтимоий соҳа тармоқлари самарали ривожлана олмайди. Давлат давлат бюджетидаги марказлаштирилган молия ресурсларининг 80 % га қадар маблағларини таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, илм-фан, турар-жой ва давлат қурилиши каби соҳаларнинг кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжларини қондиришга йўллайди.

Марказлаштирилган молия маблағларининг қолган 20 % қисмидан маҳаллий ва хорижий хусусий инвестицияларни ишлаб чиқариш жабҳаларида рағбатлантириш мақсадида фойдаланилади.

Бозор иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда инвестицияларни молиявий таъминлаш манбаларининг таҳлили шундан далолат берадики, умумий инвестиция ресурслари ҳажмида ички манбалар улуши турли мамлакатларда кўплаб объектив ва субъектив омилларга боғлиқ равишда жиддий фарқланиб туради. Иқтисодий адабиётларда Ғарб мамлакатларида инвестицияларнинг ички ва ташқи манбалари ўртасидаги нисбат турлича баҳоланади. Иқтисодчилар урушдан кейинги даврда турли мамлакатларда молиявий бўлмаган корпорациялар инвестицияларини молиявий таъминлашда ички ва ташқи манбалар ўртасида икки хил кўринишдаги нисбат шаклланди деб ҳисоблайдилар. Улардан бири умумий молиялаштириш манбаларида ўз маблағининг кўплиги билан (асосан АҚШ ва Буюк Британияга хос) иккинчи йўналиш эса асосан жалб этилган ва қарзга олинган маблағ қиёсий ҳажми кўплиги билан ажралиб турадиган яна бири – ГФР ва Японияда учрайди.

МДҲ республикалари иқтисодиётида инвестицияларни молиялаштириш манбалари ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради. Бунинг асосий сабабини инвестициялашнинг ички ва ташқи манбалари нисбатининг ўзгаришига хос бўлган бозор моделига ўтиш даврида аксарият корхоналарнинг бир томондан ссуда ва фонд бозори капиталларидан фойдалана олиш имкониятларининг чекланганлиги билан, иккинчи тарафдан эса, инвестиция фаолиятини молиявий таъминлашда ўзларининг етарли маблағларига эга эмасликлари билан боғлаш мумкин деб ҳисоблаймиз.

Ишлаб чиқариш кўламининг тушиб кетиши, тўлов қобилиятининг инқирозга юз тутиши, ишлаб чиқариш харажатларининг ортиши бир томондан даромад массасини кескин камайтирса, иккинчи томондан катта солиқлар корхоналарга даромаднинг қолган қисмидан инвестиция манбаи сифатида ишлатиш имконини бермаяпти. Зеро, даромаддан инвестиция мақсадларида фойдаланиш кўп жиҳатдан солиқ сиёсатининг таъсири билан боғлиқ. Маълумки, корхоналар даромадларини шакллантириш ва уларнинг массасини кўпайтириш имкониятлари охир оқибатда солиққа тортиш тизимининг бош иқтисодий нуқсони, яъни хўжалик юритиш субъектлари зиммасидаги солиқ юкининг оғирлиги билан изоҳланади. Бу бир томондан, иккинчи томондан эса, корхоналар моддий-техника базасининг заифлиги ва шу боисдан ҳам уни замонавий техника ва технологиялар билан қайта қуроллантириш учун катта ҳажмда ажратиладиган амортизация жамғармаларига бориб тақалади.

Ўзбекистон Республикасининг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ҳажми ва таркиби таҳлили унда ижобий ўзгаришлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Шу ўринда яна бир ижобий характерга эга тенденцияни алоҳида қайд этиш лозим. Яъни шу йиллар давомида асосий капитални молиялаштириш манбалари таркибида жиддий ўзгаришлар содир бўлганини ва шу жараёнга йўналтирилаётган давлат бюджети маблағлари улушининг камайиш, корхона ва бошқа нодавлат мақомидаги хўжалик юритиш субъектлари улушининг эса ўсиш суръатига эга бўлаётганини кузатиш мумкин.

Корхоналар даражасида инвестициялашнинг ташқи манбалари, яъни марказлаштирилган инвестициялар ҳажмини кўпайтириш, хусусий инвесторлар (аҳоли, тижорат банклари, инвестиция фондлари ва компаниялари кабилар) фаолиятини фаоллаштириш ва хорижий инвестицияларни, имкон даражасида тўғридан-тўғри, жалб этиш устувор вазифалар сифатида қаралиши ва ҳал этилиши лозим. Шу билан бирга, давлатнинг инвестиция фаолиятидаги иштироки фаоллашуви инвестиция танқислигини енгиб ўтишнинг энг муҳим манбаи ва омили эканлигини ҳам унутмаслик керак. Бу айниқса бўлиб ўтган "Covid-19" инқирозлари шароитида давлатнинг иқтисодиёт соҳаларига аралашуви кучайиши бозор механизмини шакллантириб, бўлган мамлакатлар учун ҳам хосдир. Бироқ давлатнинг инвестиция фаолиятидаги иштироки турли шаклда, масалан, инвестициялашнинг марказлашмаган ва хусусий молиялаштириш манбаларини ривожлантириш, улар фаолиятини рағбатлантириш асосида амалга оширилиши мақсадга мувофиқ.

Шу билан бирга, давлатнинг инвестицияларни молиялаштиришни таъминлашини нафақат марказлашган манбалар ҳажми нуқтаи-назаридан, балки давлат кафолатлари, суғурталаш ва хусусий сармоядорлар учун тадбиркорлик майдони яратиш нуқтаи-назаридан ҳам аҳамияти ортади.

Ўзбекистон иқтисодиётида давлатнинг иқтисодиётнинг реал тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини инвестициялаш жараёнидаги ролини фаоллаштириш зарурати яна шу билан асосланадики, бир қатор объектив-иқтисодий шарт-шароитлар туфайли хусусий капитал ишлаб чиқариш соҳаларига камдан-кам йўлланади (баъзи тармоқларни истисно қилганда) ва у деярли бутунлай хусусий маблағлар ҳисобига инвестицияланиши натижасида вужудга келадиган сармоя танқислиги инвестициялар ҳажмининг тобора қисқаришига олиб келади.

Марказлаштирилган инвестициялаш манбалари маблағларини шакллантириш жараёнида инвестиция ва жорий харажатларни алоҳида ажратиш, бюджет маблағларини аниқ мақсад ва манзилли ишлатиш, хусусан ғазначилик тизими орқали назорат қилишни кучайтириш, марказлашган инвестициялар самарадорлигини оширадиган янги механизмлар ишлаб чиқиш ва жорий қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Бозор ТУХЛИЕВ,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети

«Солиқлар ва суғурта иши» кафедраси мудири


Сарлавха :
Иқтисодиёт

07 10 2022 / 13:12