Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Тадбиркорлар учун муҳим семинар



Улашинг :


Пойтахтимизда “Кичик, ўрта ва йирик корхоналарда Саноат-4.0 технологиясини жорий этишни жадаллаштириш” мавзусида семинар бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан Малайзия Давлат технологик тараққиёт корпорацияси (Malaysian Technology Development Corporation – MTDC) экспертлари иштирокида ташкил этилган мазкур тадбирда маҳаллий саноат корхоналари, давлат ва хусусий секторнинг 60 дан зиёд турли ташкилоти вакиллари қатнашмоқда.

19-21 октябрь кунларига мўлжалланган анжуман дастуридан “Саноат-4.0”нинг асосий хусусияти, яъни “юқори маълумотлар”, “булутли ҳисоблаш”, “буюмлар интернети” ва “ақлли ишлаб чиқариш” технологияларини жорий этишни жадаллаштириш, ахборот технологияларининг саноатга чуқур интеграциялашуви, "Cyber-Fisical Systems" ёки CPS бўйича маъруза, тақдимотлар ўрин олган.

Маълумот ўрнида айтиш керак, МТDC 1994 йил Малайзия Халқаро савдо ва саноат вазирлиги томонидан илмий-амалий тадқиқот олиб бориш ва изланиш натижасини иқтисодиётнинг етакчи тармоқларига жорий этиш мақсадида ташкил этилган. Корпорация саноат корхоналари учун зарур янги технологияларни ишлаб чиқади ва молиялаштиради. Стартап экотизимини яхшилайди, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлайди ва янги лойиҳаларни молиялаштиради. Шу билан бирга соҳанинг турли йўналишлари бўйича мутахассислар малакасини оширишга қаратилган ўқув-амалий машғулотлар ўтказилмоқда.

Семинар иштирокчилари тадбир ҳақида илиқ муносабат билдиришяпти. Уларнинг фикрича, курс давомида олинган кўникма маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотининг ташқи бозорда рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Тадбир якунида иштирокчиларга тегишли сертификатлар топширилиши кўзда тутилган.

ЎзА


Сарлавха :
Иқтисодиёт

20 10 2022 / 11:44