Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилмоқда



Улашинг :


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 13 сентябрда қабул қилинган «Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони мазкур йўналишдаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиши билан бирга тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишнинг кафолати бўлди.

Фармонга мувофиқ, назорат қилувчи органлар томонидан 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олиниши қатъий бўлиб, мазкур тизимда рўйхатга олинмаган текширувларни ўтказиш ноқонуний ҳисобланиши белгиланди.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширувларнинг натижалари ҳамда профилактика тадбирлари тўғрисида маълумот текширув ёки профилактика тадбирлари тугаган кундан бошлаб уч кун муддатда «Ягона давлат назорати» ахборот тизимига киритилади.

Ўрнатилган тартибга кўра, назорат қилувчи органлар, «Хавфни таҳлил этиш» тизими натижаларига асосан ўтказиладиган текширувларнинг бошланиши ҳақида камида 10 иш куни олдин тадбиркорлик субъектини хабардор қилади. Тадбиркорлик субъектининг илгари текширилган фаолият давридаги предмети ва объекти бўйича қайта текширув ўтказишга ва тадбиркорлик субъекти томонидан аввал тақдим этилган ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмаслиги белгиланди.

Шу билан бирга, Тадбиркорлик субъектлари учун профилактика тадбирларини Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган режа-графиклар асосида тадбиркорлик субъектлари молия-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда семинарлар, оммавий муҳокамалар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, «очиқ эшиклар куни» тадбирларини ташкил этиш, шунингдек, тарқатма материал ва қўлланмалар билан таъминлаш, тавсия ва хабарлар юбориш шаклларида амалга ошириши қайд қилинди.

Мазкур фармоннинг алоҳида эътиборли жиҳати, тадбиркорларга текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруқ ўрнатилган тартибда расмийлаштирилмаганда, текширув белгиланган тартибда Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилмаганда ёки у хабардор этилмаганда, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома мавжуд бўлмаганида, текширувчилар "Текширувларни рўйхатга олиш китоби"га маълумотларни киритишдан бош тортганида, тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахсларини текширув ўтказиш учун ўз ҳудудига қўймаслик ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди.

Бугунги кунда Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ушбу Фармон тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш билан биргаликда уларнинг хўжалик ва молиявий фаолиятига ноқонуний аралашишнинг ҳам олдини олади. Бу эса иқтисодиётимизни барқарор ривожлантиришнинг асосий омили сифатида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлидаги маъмурий ғов ва сунъий тўсиқларни бартараф этиб, уларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтиради.

Фарҳод Аҳмедов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

ҳузуридаги Бизнес-Омбудсман девони

масъул ходими


Сарлавха :
Иқтисодиёт

27 10 2022 / 17:53