Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузганлик учун белгиланган жиноий жавобгарлик бекор қилиниши мумкин



Улашинг :


“Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

Мазкур қарор лойиҳасига кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига нисбатан янги турдаги жавобгарлик ва жазо чораларини белгилашга уч йиллик мораторий жорий этилади. Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнини мураккаблаштиришни ва тадбиркорлик субъектларига янги мажбуриятлар юклатишни назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар улар расман эълон қилингандан бошлаб, олти ойдан олдин бўлмаган муддатда кучга киритилади.

Шунингдек, cавдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузганлик учун белгиланган жиноий жавобгарлик маъмурий юрисдикцияга ўтказиш орқали бекор қилинади ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ қонунчилик талабларини риоя этмаганлик учун белгиланган молиявий санкциялар миқдорлари камида 30 фоизга камайтирилади. Тадбиркорлик субъектларига мажбуриятлар юклайдиган янги қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган талабларни бажармаганлик учун уларга нисбатан олти ой давомида жавобгарлик чоралари қўллаш тақиқланади.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган микро ва кичик тадбиркорлик субъектларига молиявий санкция чоралари қўлланилмайди ҳамда ҳуқуқбузарликларни аниқлаган тегишли назорат қилувчи органлар томонидан уларни бартараф этишга қаратилган ва ҳуқуқбузарликка йўл қўйилишини олдини олиш бўйича профилактика тадбирлари ўтказилади. Терговга қадар ва жиноят ишлари доирасида аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун қўлланиладиган жарималар бундан мустасно.

Шу билан бирга, тадбиркорлик фаолиятида аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича айбга иқрор бўлганда ва ушбу ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор олинган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддатда молиявий санкциялар суммаси ихтиёрий равишда тўланганда жарима белгиланган миқдорга нисбатан икки бараварга камайтирилади.

2023 йил 1 январдан бошлаб Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши томонидан ҳар чоракда вазирлик, идоралар ва ҳокимликлар томонидан тадбиркорлик субъектларида текширувлар ўтказиш бўйича фаолиятини таҳлил қилиш ва самарадорлигига баҳо бериш амалиёти жорий этилади.

ЎзА


Сарлавха :
Иқтисодиёт

31 10 2022 / 11:09