Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Юртимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда



Улашинг :


Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2021 йилнинг 21 апрелдаги «Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори мазкур йўналишдаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиши билан бирга тадбиркорларнинг ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича ишончли ҳимоя қилиш кафолати бўлди.

Қарорга мувофиқ, Бизнес юритиш шарт-шароитларни янада яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантиришга оид ислоҳотларни изчил давом эттириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, уларни зарур молиявий ва инфратузилмавий ресурслар билан таъминлаш мақсадида, 2021 йил

1 майдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватланиши жорий қилинди.

Шунга кўра, кичик тадбиркорлик субъектларига умумий қиймати 5 миллиард сўмдан, фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг

1,5 бараваридан ошмаган тижорат банкларининг миллий валютада ажратиладиган кредит ва лизинглари бўйича унинг асосий ставкадан ошган, бироқ асосий ставканинг 30 фоизидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун уч йил муддатгача компенсация тақдим этилиши ҳамда ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизимида рўйхатга олинган фуқароларга тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун кредит миқдорининг 75 фоизигача, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан ортиқ бўлмаган тижорат банклари кредитлари бўйича кафиллик берилиши белгиланди.

Шунингдек, Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилаётган кредитларнинг 70 фоизи кичик бизнес лойиҳаларига,

30 фоизи устувор равишда ўзини ўзи банд қилишга, томорқадан унумли фойдаланиш, уй шароитида ҳунармандчиликни ва касаначиликни ривожлантиришга йўналтирилиши белгиланди. Бунда ажратиладиган маблағларнинг камида 15 фоизи жойларда, айниқса шаҳарларда хизмат кўрсатиш соҳасида кичик лойиҳаларни молиялаштиришга қаратилиши белгиланди.

Мазкур қарорга кўра халқ депутатлари туман-шаҳар Кенгашларига олис ва чекка ҳудудларда жойлашган ер участкасига мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқини аукционга қўйишда уларнинг бошланғич нархини 50 фоизгача камайтириш ваколати берилди.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларига ер участкасига мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқини аукционга қўйишда бошланғич нархга чегирма белгиланадиган олис ва чекка ҳудудлар чегараларини белгилаш ваколати берилди.

2021 йил 1 июндан бошлаб инфратузилмага яқин жойларда, шу жумладан, республика аҳамиятидаги йўлларга туташ бўлган, белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхат бўйича унумдорлиги паст, фойдаланишда бўлмаган қишлоқ хўжалиги ерларини саноат ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш учун лойиҳа асосида инвесторларга “E-ijro auksion” савдо майдончаси орқали ажратишга рухсат берилди.

Шунингдек, уч йилдан ортиқ вақтдан буён фаолият кўрсатаётган ҳамда ҳисобланган солиқларни муддатида тўлаб келган, лекин молиявий аҳволига кўра солиқ қарзини тўлаш имкониятига эга бўлмаётган тадбиркорлик субъектларига солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш ҳамда уч йилдан ортиқ вақтдан буён товарларни импорт қилиш билан шуғулланаётган, божхона тўловлари бўйича мажбуриятларини бажариб келган, лекин молиявий аҳволига кўра тўловларни белгиланган муддатда тўлаш имкониятига эга бўлмаётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилди.

Ушбу тартиб бўйича гаровсиз бўлиб-бўлиб тўланадиган солиқ ёки тўловлар суммаси тадбиркорлик субъекти томонидан охирги уч йил давомида тўланган солиқ ёки божхона тўловлари суммасининг 50 фоизидан ошмаслиги белгиланди.

Бугунги кунда Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ушбу қарор тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш билан биргаликда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилади. Бу эса иқтисодиётимизни барқарор ривожлантиришнинг асосий омили сифатида тадбиркорлик фаолиятини кенгайтиришга асос бўлади.

Фарҳод Аҳмедов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

ҳузуридаги Бизнес-Омбудсман девони

масъул ходими


Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

07 11 2022 / 13:15