Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Жанубий Кореянинг расмий ва ишбилармон доира вакиллари Сирдарё вилоятида



Улашинг :


Бугунги кунда Президентимиз томонидан ташқи сиёсат доирасида олиб борилаётган дўстона муносабатлар Ўзбекистон ва Жанубий Корея давлатлари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаб, савдо, инвестициялар соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди. Бу эса мамлакатимизда хорижий сармоя иштирокидаги корхоналар сонининг ортишига хизмат қилмоқда.

Вилоятга тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилиш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш мақсадида жорий йилнинг 2-4 ноябрь кунлари Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев бошчилигидаги делегация хизмат сафари билан Жанубий Кореяда бўлиб қайтган эди.Бугун эса Жанубий Корея–Ўзбекистон бизнес уюшмаси раиси ўринбосари ва Кореянинг Пёнтек шаҳри ҳокими бошчилигидаги делегация Сирдарё вилоятига ташриф буюрди. Меҳмонларни Сирдарё туманида вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев кутиб олди.

Ташрифдан кўзланган мақсад ўтган ҳафта вилоят делегациясининг Кореяга қилган хизмат сафари давомидаги келишувларни амалга ошириш, хусусан, замонавий мактабгача таълим, тиббиёт муассасаси, савдо-кўнгилочар ва спорт мажмуаларини ўз ичига олган «ақлли шаҳар» (“Smart City”) ни лойиҳалаштириш, шунингдек, Пёнтек шаҳрида бошланган ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилишдан иборат.

Делегация аъзолари дастлаб "Sirdaryo universal oyna” ҳамда “Sirdaryo Glass” корхоналарида бўлди ва фармацевтика, озиқ-овқат саноатида фойдаланиладиган шиша идишлар ишлаб чиқариш жараёни билан танишди.

Мазкур корхонага сиғими 120 ва 160 тонна бўлган печлар ўрнатилган бўлиб, кунига 800 минг дона шиша идишлар ишлаб чиқарилади.
"Sirdaryo Mega Lux" корхонасида полипропилендан катта сиғимли қоп ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишилди.

“Юмшоқ контейнер” деб аталувчи қоплар 500 килограммдан 5000 килограммгача юк кўтаради. Уларга ишлаб чиқариш, савдо, қишлоқ хўжалиги, логистика каби кўплаб соҳаларда талаб юқори. Корхона йилига 132 миллион дона шундай маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.
Ўтган йили икки қаватли плёнка тайёрлаш йўлга қўйилди. Яқинда эса стреч плёнка ишлаб чиқариш бошланди.

Ҳозирда корхонада 2 мингдан ортиқ киши иш билан таъминланган. Лойиҳалар тўлиқ қувватда ишга тушгач иш ўринлари 5 мингга етади.
Корея делегацияси, шунингдек, икки кун давомида вилоятнинг ишлаб чиқариш ва инвестицион салоҳияти билан яқиндан танишиб, маҳаллий ишбилармон доира вакиллари билан учрашув ҳамда музокаралар ўтказиши режалаштирилган.

Ш. Суяров,Ш.Ортиқбоев,(суратлар)ЎзА


Сарлавха :
Иқтисодиёт

11 11 2022 / 14:54