Халқаро ташкилотлар кўп томонлама ҳамкорликнинг энг яхши воситаларидан бири бўлиб, унинг доирасида давлатлар мураккаб масалаларини ҳал қилади.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитида Евроосиёнинг муҳим стратегик ҳудудларида жойлашган туркий дунё мамлакатлари раҳбарлари иштирок этиши оламшумул тарихий воқеликдир. Туркий давлатлар ташкилотининг асосий вазифаси аъзо давлатлар ўртасида турли соҳада алоқаларни ривожлантириш, ўзаро ишонч муҳитини шакллантириш ва халқаро муносабатларда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Туркий давлатлар ташкилоти – халқаро ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, туркий тилли мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, дўстлик, қўшничиликни мустаҳкамлаш, жаҳонда тинчликни сақлаш, хавфсизлик ва ўзаро ишончни таъминлашга қаратилган.
Ўзбекистон ушбу ташкилотга 2019 йилнинг октябрь ойида Боку шаҳрида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг (Туркий кенгаш) еттинчи саммитида тўлақонли аъзо сифатида қўшилган.
Айни вақтда ташкилотга Қозоғистон, Туркия, Қирғизистон, Ўзбекистон, Озарбайжон аъзо саналади. Венгрия ва Туркманистон эса кузатувчи давлат мақомига эга. Таъкидлаш жоизки, бошқа минтақавий ташкилотлардан фарқли ўлароқ, кузатувчилар ташкилот фаолиятида иштирок этиш учун кенгроқ ваколатларга эга. Қоидага кўра, улар эксперт учрашувларидан тортиб, давлат раҳбарларининг саммитларигача бўлган ўзаро ҳамкорликнинг деярли барча форматларида тақдим этилади.
ТАШКИЛОТНИНГ РИВОЖЛАНИШ БОСҚИЧ
Ташкилотнинг ривожланиш босқичларини учга бўлиш мумкин. Ўзбекистон мустақилликка эришган вақтларда, яъни 1992 йил Туркиянинг Анқара шаҳрида Туркий тилли мамлакатлар саммити бўлиб ўтади ҳамда 2009 йилгача бу давлат раҳбарлари саммити сифатида фаолият юритади.
2009 йил 3 октябрь ташкилот ривожланишининг иккинчи босқичи деб аталади ва ушбу санада Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битими имзоланади. Унга асосан Туркий тилли давлатлар кенгаши халқаро ташкилот сифатида ташкил қилинади ва унинг низоми тасдиқланади. 3 октябрь – ташкилотнинг расмий ташкил топган куни байрам сифатида нишонланадиган бўлди.
Учинчи босқич сифатида ташкилотнинг сўнгги 8-саммити 2021 йилнинг 11-12 ноябрь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган эди ва Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг (Туркий кенгаш)ни Туркий давлатлар ташкилоти деб қайта номлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу Ташкилотга аъзо давлатларнинг жиддий мақсадлари ва узоқ муддатли режалари тасдиғидир.
Саммитда давлат раҳбарлари 10 дан ортиқ ҳужжат – саммитнинг якуний декларацияси, “Туркий дунё нигоҳи – 2040” дастурий ҳужжати ва кун тартибига киритилган бошқа қарорларни имзолаганлар. Ташкилот бу ўзгариш билан янги бир куч олди, чунки ташкилот кенгашдан кўра кенгроқ тузилма. Зеро, туркий давлатлар ҳамкорлиги бугунги давр талабига жавоб бериши, ҳамкорлик механизми мустаҳкамланиши, ўзаро боғлиқлик учун янада мукаммал сиёсий-ҳуқуқий асос яратилиши учун муҳим аҳамиятга эга эди.
Саммитда сўзга чиққан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Аминманки, бугун қабул қилинаётган қарорга биноан Туркий Кенгаш номи “Туркий давлатлар ташкилоти“ деб ўзгартирилиши ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади», деб таъкидлаган эди.
Ўзбекистон ташкилотнинг ташкилот доирасида ўз қарашларини таклиф этувчи фаол ва муҳим аъзоларидан бири ҳисобланади. Шу пайтга қадар давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 35 дан ортиқ кўп қиррали аниқ ташаббусларнинг аксарияти амалиётга жорий этилганлиги ташкилот кун тартибини бугунги кун воқелигига мос равишда бойитишга ҳисса қўшмоқда. Ушбу ташаббуслар ташкилот доирасида кўп қиррали ҳамкорликнинг янги форматларини йўлга қўйиш, унинг > UzA Abdulaziz: институционал ва амалий салоҳиятини мустаҳкамлаш имконини беради.
Туркий давлатлар ташкилоти турк дунёси мамлакатлари мулоқоти ва ҳамкорлигини ривожлантириш учун ташкил этилган халқаро платформадир. Самарқанд саммити аъзо мамлакатлар ўртасидаги барча йўналишлардаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаради, зеро тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида самарали ҳамкорлик қилиш халқимизнинг туб миллий манфаатларига тўлиқ мос келади.
Шуҳрат РАҲМОНОВ,
Адлия вазирлиги қошидаги
Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири,
юридик фанлар номзоди
Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий
11 11 2022 / 15:19