Ҳафтанинг ҳар душанба куни савдо-саноат палатаси вилоят бошқармасида муаммоли масаласи бўлган ишбилармонларнинг вилоят ҳокими ва бошқа масъуллар билан учрашувини ўтказиш анъанага айланган. Бундан ташқари, вилоят ҳокими вақти-вақти билан тадбиркорлар учун сайёр қабуллар ташкил этиб келмоқда. Бу галги учрашув Самарқанд шаҳрида ташкил этилди.
Учрашувдан бир ҳафта олдин эълон берилиб, тадбиркорларнинг мурожаатлари қабул қилинди. 117 нафар тадбиркор иш фаолиятида юзага келаётган турли масалалар бўйича вилоят ҳокими билан мулоқот қилиш учун рўйхатдан ўтди. Улар дуч келаётган муаммолар сўралди ва 29 нафар ишбилармоннинг масаласига учрашувга қадар ечим топилди. Қолган мурожаатчилар билан сектор раҳбарлари ва бошқа масъуллар иштирокида юзма-юз мулоқот ўтказилди. Жумладан, Покистондан гўшт импорт қиладиган “Мeat vishts” масъулияти чекланган жамияти директори Х.Ҳалимов вилоятдаги аутсорсинг корхоналари, тиббиёт муассасалари ва бошқа хизмат кўрсатувчи субъектлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда гўшт сотиш учун доимий дўконлар ташкил этишда ёрдам сўради.
– Масаламиз эътибордан четда қолмади. Вилоятда ўтадиган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркалари ва шаҳарнинг аҳоли гавжум ҳудудларида дўконлар ташкил этишда ёрдам бериладиган бўлди, – дейди Х.Ҳалимов.
Учрашув давомида тадбиркорлар асосан ер ва кредит ажратиш, электр энергияси ва табиий газ таъминотидаги узилишлар, қурилишга рухсат бериш билан боғлиқ масалаларда тўсиқларга дуч келаётганини билдирди. Ҳар бир бир мурожаат қатъий назоратга олиниб, 52 тасига шу ернинг ўзида ечим топилди, ўрганиш талаб қиладиган 46 масала юзасидан муддат ва масъуллар белгиланди.
– Ҳар бир раҳбар, мутасадди ташкилот ўз вазифасига масъулият билан ёндашса, мажбуриятини бажарса тадбиркорда муаммо бўлмайди, – деди Э.Турдимов. – Аммо, айрим масъулларнинг эътиборсизлиги, секторларнинг яхши ишламаганлиги сабабли оддий масалалар ҳам ечилмай, тадбиркорга тўсиқ бўлмоқда. Масъулиятсиз бундай раҳбарларга муносабат бошқача бўлади, ўз хатти-ҳаракати ва ҳаракатсизлиги учун қонун олдида жавоб беради.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА
Сарлавха :
Иқтисодиёт
22 11 2022 / 11:10