Мажлисда дастлаб «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Ушбу масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Шуҳрат Полвонов маъруза қилди:
— Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, одамларни рози қилиш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловни самарали таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Лекин шунга қарамай, бугунги кунда давлат органи қарори, мансабдор шахс ҳаракати устидан шикоят қилиш учун белгиланган муддатнинг қисқалиги кўпгина ҳолларда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш имконини бермаяпти. Шу боис, кенг жамоатчилик, хусусан, соҳада фаолият юритиб келаётган амалиётчи-юристлар, фаол ҳуқуқшунос-блогерлар томонидан билдирилган таклифлар, шунингдек, суд амалиёти таҳлили натижаларидан келиб чиққан ҳолда ушбу муддатларни қайта кўриб чиқиш ва узайтириш зарурияти келиб чиқмоқда. Аҳолидан келиб тушаётган таклифларни инобатга олиб, судга мурожаат қилишни янада эркинлаштириш, аҳолининг одил судловдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш мақсадида давлат органи қарори, мансабдор шахс ҳаракати устидан судга шикоят қилиш муддатини 3 ойдан 6 ойгача узайтириш зарурати вужудга келмоқда. Шу боис мазкур қонун лойиҳаси билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилишнинг уч ойлик муддатини олти ойга узайтириш назарда тутиляпти. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг суд орқали самарали ҳимоя этилишини таъминлашга, турли сабабларга кўра вақтида шикоят қилолмаган тарафларнинг суд қарори устидан шикоят қилиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади, — деди Ш.Полвонов.
Муҳокамаларда сўз олган депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамияти хусусида ўз фикр ва таклифларини билдирдилар. Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.
КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ ЭКСПEРТИЗА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ БEЛГИЛАНМОҚДА
Мажлисда «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.
— Ушбу ҳужжатда коррупцияга қарши экспертиза ўтказадиган органлар ва уларнинг ваколатлари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда уларнинг лойиҳаларидаги коррупциявий омиллар, коррупцияга қарши экспертизани ўтказиш тартиби ўз аксини топмоқда, — деди депутат Дилмурод Исмоилов. — Шунингдек, ҳуқуқий экспертиза доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш, муҳокамаси жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси, коррупцияга қарши экспертиза ўтказилиши мажбурий бўлган соҳаларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, коррупцияга қарши мустақил экспертиза каби нормалар назарда тутилмоқда. Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг норматив-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Қонун лойиҳасини моддама-модда кўриш давомида ундаги айрим нормалар депутатларнинг қизғин муҳокама ва тортишувларига сабаб бўлди. Халқ вакиллари ўзларининг савол ва эътирозларига тегишли мутасаддилардан жавоблар олишди. Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси учинчи ўқишда ҳам қабул қилинди.
ДАВЛАТ ҲИСОБИДАН ЮРИДИК ЁРДАМ КЎРСАТИШДА ШАФФОФЛИК ТАЪМИНЛАНАДИ
“Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси — кун тартибидаги ушбу ҳужжат лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
5 та боб, 32 та моддадан иборат қонун лойиҳасида давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг тамойиллари, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, фуқароларнинг юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари белгиланмоқда. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига фуқаролик ва маъмурий ишларни киритиш орқали фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имкониятларини ҳамда давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи шахсларнинг доирасини кенгайтириш назарда тутиляпти.
Қонун лойиҳасига кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрини юритиш ва унга адвокатларни киритишнинг очиқ ва шаффоф механизмларини ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш назарда тутилмоқда. Шунингдек, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни инсон омилисиз электрон тизим орқали тасодифий танлаш тартибини жорий қилиш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида депутатлардан келган таклиф ва мулоҳазалар асосида ҳужжат янада такомиллаштирилгани таъкидланди. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг шаффоф тартибини жорий этиш, давлат томонидан ушбу мақсадда ажратиладиган маблағлар сарфланиши устидан самарали назоратни ўрнатишга хизмат қилади. Шу билан бирга, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш ва малакали юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга, мамлакатимизнинг тегишли халқаро рейтинглар, шу жумладан, Ҳуқуқ устуворлиги («Rule of law») индексидаги ўрнини яхшилашга замин яратади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинди.
СОЛИҚНИНГ ЎРНИНИ ҚОПЛАШ МУДДАТЛАРИ 60 КУНДАН 30 КУНГАЧА ҚИСҚАРТИРИЛМОҚДА
Мамлакатимизда тадбиркорликни, айниқса, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, уларнинг фаолиятида келиб чиқаётган муаммо ва тўсиқларни бартараф этиш ҳамда солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, хорижий валютадаги тушумни кечиктириш ҳолати учун қўлланиладиган молиявий жарима миқдори 2 бараварга камайтирилди, касса оперaсияларини юритиш тартибини бузганлик ҳамда дебитор ва кредитор қарздорликлар муддатини ўтказиб юборганлик учун маъмурий жарима қўллаш бекор қилинди. Шунингдек, ҳисобварақ-фактураларда ёки назорат касса техника чекларида олинган товарлар номенклатурасида мувофиқ бўлмаган идентификaсия кодларини акс эттирганлик учун молиявий жарима қўлланилмайдиган бўлди. Бугунги кунда ҳисобварақ-фактураларни ва солиқ ҳисоботларини фақат электрон шаклда расмийлаштириш тартиби жорий этилган бўлиб, ҚҚС, акциз, айланмадан олинадиган ва ер солиқлари бўйича ҳисоботларни шакллантирилиши деярли 90-95 фоизи автоматлаштирилган.
Эндиликда Солиқ кодексининг айрим моддаларига киритилаётган ўзгартишлар натижасида тадбиркорлик субъектларининг пул маблағларини қайтариш муддатлари қисқартирилади ва пул маблағларини тасарруф этиш кафолатлари таъминланади. Гап шундаки, Солиқ кодексининг 138-моддасига ўрни қопланиши лозим бўлган қўшилган қиймат солиғи суммаси асослантирилганлигининг камерал солиқ текширувини ташкил этиш ҳамда 274-моддасининг учинчи қисмига, яъни, солиқнинг ўрнини қоплаш муддатлари 60 кундан 30 кунгача қисқартирилиши назарда тутилмоқда.
Мазкур тартибларни назарда тутувчи «Камерал солиқ текшируви тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатларнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлди.
Билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлардан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Шунингдек, мажлис кун тартибидан ўрин олган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий
07 12 2022 / 11:19