Тантанали тадбирни вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Т. Атамуродов очиб, йиғилганларга вилоят раҳбарининг табригини ўқиб эшиттирди.
Барчага маълумки, қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг энг қадим, ҳеч қачон ўз ўрни ва аҳамиятини йўқотмайдиган, шу билан бирга энг масъулиятли ҳамда меҳнати оғир бўлган соҳаларидан бири ҳисобланади.
Навоий вилоятида қишлоқ хўжалигининг ибратли мактаби яратилганлиги, соҳада катта тажриба тўпланганлиги улкан зафарлар қўлга киритилишига омил бўлганлигини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Қишлоқ хўжалик мавсумининг қанчалик инжиқ ва ноқулай келишига қарамай, навоийлик заҳматкаш бобо деҳқонлар мўл ҳосил олиш йўлида ҳамиша жасорат кўрсатиб келишаётганлиги чинакам мардлик ва фидоийлик намунасидир.
Эътироф этиш керакки жорий йил вилоят пиллакорлари томонидан 1022 тонна “кумуш тола” етиштирилиб, бу борадаги шартномавий режа 100,3 фоизга бажарилди.
Шунингдек, вилоятда жами 263 минг тонна ғалла етиштирилиб, ўртача ҳосилдорлик гектаридан 69,3 центнерни ташкил этди ва бу миришкор деҳқонларимизнинг самарали меҳнатлари ва она заминимиз саховатининг натижасидир. Жами давлат захирасига 93,5 минг тонна дон топширилди.
Бу йил вилоятда 31,6 минг гектар майдонга пахта экиб, 115,1 минг тонналик “оқ олтин” хирмонини яратдилар. Чигит қадашдан тортиб, ҳосилни териб йиғиштириб олишгача бўлган ҳар бир кун ва дақиқа деҳқонларимиз учун ҳақиқий синов даври бўлди, десак, асло муболаға бўлмайди.
Қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан саналган мева-сабзавотчилик, узумчилик, паррандачилик, асаларичилик, йўналишларида ҳам эришилган ютуқлар салмоғи ҳар йилгидан самарали кечганлигини эътироф этиш ўринлидир. Такрорий экинлар билан бирга вилоят деҳқон ва фермерлари томонидан жорий йилда 326 минг тоннадан ортиқ сабзавот, 107 минг тоннадан ортиқ мева етиштирилди, бу орқали халқимиз турмуш фаровонлигига муносиб ҳисса қўшилди. 7,6 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулотлар экспорт қилинди.
Шу билан бирга, кейинги йилларда мамлакатимизда асал етиштиришнинг бир неча баробарга ошгани, жорий йилда Навоий вилоятида 1650 тоннадан ортиқ асал етиштирилгани она заминимиз имкониятидан деҳқонларимиз унумли фойдаланаётганининг ифодасидир. Бугун вилоят бўйича 98 та фермер хўжалиги ҳам қўшимча тармоқ сифатида асаларичилик билан шуғулланмоқда. Вилоят бўйича 70,1 минг асалари оиласи боқилиб, юзлаб ишсизлар имтиёзли кредит маблағи эвазига асаларичилик билан шуғуллана бошлади.
Энг муҳими, бугунги кунда вилоятда етиштирилган пилланинг 100 фоизи ёки 957 тоннаси, пахтанинг эса 95 фоизи ҳудуднинг ўзида қайта ишланмоқда.
Тадбирда эришилган бу каби ютуқлар эътироф этилиб, соҳанинг бир гуруҳ фидойилари "Илғор фермер", "Меҳнаткаш деҳқон", "Намунали томорқачи", "Қишлоқ хўжалиги фидойиси", “Ўзбекистон Республикаси ветеринария фидойиси”, “Ўзбекистон Республикаси чорвачилик фидокори”, “Сув хўжалиги аълочиси” кўкрак нишонлари ҳамда вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Бектемир Пирнафасов,
Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.
Сарлавха :
Иқтисодиёт
12 12 2022 / 12:58