Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Бу йил 30 минг гектар ерга картошка экиш режалаштирилган



Улашинг :


Дастурхонимиз тўкинлиги, бозорларимизда нарх-навонинг барқарорлиги ҳамда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда деҳқон ва фермерларнинг меҳнати, етиштираётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари муҳим ўрин тутади.

Юртимиз аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасида қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш йўналишидаги ишлар, бу йилги режалар хусусида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигининг Сабзавотчиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Фарҳод Аширов билан суҳбатлашдик.

— Ўтган 2022 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш борасида агентлик томонидан қандай чора-тадбирлар амалга оширилди?

— 2022 йилда 100 минг гектар пахта ва ғалла экинларидан қисқартирилган ерлар ҳисобидан E-AUKSION электрон савдо платформаси орқали 428 минг фуқарога ижара ҳуқуқи асосида ер майдонлари ажратиб берилди. Бу майдонларда кичик интенсив боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар ва картошка етиштириш каби лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган эди. Ерларнинг 29,3 минг гектарида сабзавот, 17,9 минг гектарида полиз, 14,7 минг гектарида картошка, 9,2 минг гектарида мойли, 27,4 минг гектарида дуккакли ва 1,6 минг гектарида бошқа экинлар жойлаштирилди.

Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги томонидан деҳқон ва фермер хўжаликларига 410 тонна саримсоқ пиёз ва 5,6 тонна пиёз уруғликлари етказиб берилди. Тўқсонбости экинлари бўйича 2022 йилда жами 4 минг 90 гектар майдонда, жумладан 1 минг 502 гектарга саримсоқ пиёз, 2 минг 419 гектарга пиёз, 96 гектарга сабзи, 39 гектарга ош лавлаги ва 34 гектарга кўкат экилди.

— Бу йилги режалар қандай: қанча майдонга сабзавот ва полиз экинларини экиш мўлжалланган?

— Албатта, бу йилги ҳосил учун ҳам ишлар бошлаб юборилган. 2022-2023 йилларда ажратилиши режалаштирилган 195 минг гектар ер майдонининг 67 минг гектари сабзавот, 33 минг гектари полиз, 23 минг гектари мойли экинлар, 42 минг гектари дуккакли экинлар ва 30 минг гектарига картошка уруғи экиш режалаштирилган. Бунинг натижасида аҳолининг ушбу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондириш билан бирга, республикамиз бўйича 1 миллион 490 минг аҳоли бандлиги ҳам таъминланади.

—Сабзавот ва полиз кўчатларини етиштириш борасида қандай ишлар қилинмоқда?

— Агентлик ташаббуси билан жойлардаги мавжуд иссиқхона хўжаликларида 400 миллион дона сабзавот ва полиз кўчатларини етиштириш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Жумладан, Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги 2 гектарлик ҳамда Андижон вилоятининг Пахтаобод туманидаги 3 гектарлик иссиқхоналарда 10 миллион дона сабзавот уруғларини қадаш ишлари бошланди. Ҳозирда ҳар бир контурда деҳқон хўжаликлари билан келишилган ҳолда уста деҳқон танлаб олиш, ҳар бир контур бўйича бир экин турини экиш ҳамда уруғлик ва кўчатларга бўлган талабларни қайта ўрганиб чиқиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, яратилган имкониятлар натижасида деҳқон хўжаликлари томонидан етиштирилган маҳсулотлар фючерс шартномаси асосида бозор нархида тайёрлов, қайта ишлаш ва экспорт қилувчи корхоналар томонидан кафолатли харид амалиёти йўлга қўйилади.

Яна шуни таъкидлаш жоизки, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Агросервис оператор» ДУК томонидан 2023 йилда маҳсулот етиштирувчиларга қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун зарур бўлган моддий-техник ресурслар, шу жумладан импорт ўрнини босувчи маҳсулотларнинг уруғлик, кўчат, минерал ўғит ва кимёвий воситалар етказиб бериш, шунингдек, зарурий агротехник хизматлар кўрсатиш ишлари ташкил этилган.

Бир сўз билан айтганда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сабзавотчиликни ривожлантириш соҳасидаги ислоҳотлар натижасида аҳолини зарур маҳсулотлар билан етарли даражада таъминлаш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш имкони яратилади. Бундан ташқари, жаҳон бозорида Ўзбекистоннинг ушбу маҳсулотлар экспортидаги улушини оширишга замин яратилади.

Муҳтарама Комилова суҳбатлашди.

ЎзА


Сарлавха :
Иқтисодиёт

14 02 2023 / 12:10