Шу мақсадда ўтган 2022 йил давомида "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Сирдарё вилояти бўлими бошқаруви, унинг жойлардаги бўлинмалари ҳузурида ташкил этилган "Саховат ва кўмак" жамғармаси ҳисобидан 27 минг 229 нафар фуқарога 14 миллиард 73 миллион 669 минг сўмлик турли кўринишдаги ёрдамлар кўрсатилди. Жорий йилда бу кўрсаткич бунданда юқори бўлиши кутиляпти.
– Жорий йилнинг ўтган даврида, фонд ҳузурида ташкил этилган "Саховат ва кўмак" жамғармаси ҳисобидан 12 минг 892 нафар фуқарога 2 миллиард 924 миллион 675 минг сўмлик кундалик истеъмол товарлари, ун маҳсулотлари етказиб бердик, – дейди "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Сирдарё вилояти бўлими бошқаруви раиси Баҳодир Тўхтасинов. – Шунингдек, соғлиғида муаммоси бор, даволанишга муҳтож бўлган 970 нафар фуқаронинг саломатлигини тиклаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 3 миллиард 391 миллион 611 минг сўм пул маблағлари дори-дармон воситаларини харид қилиш учун ажратилди.
Ушбу пул маблағлари ҳисобига беморлар юрак қон томир, таянч ҳаракати, ҳазм қилиш тизимлари, йўл транспорт ҳодисасидан кейинги сон суяк ва бошқа органларни синиши билан боғлиқ юқори технологик жарроҳлик амалиётларини ўтказди. Аксарият беморлар айни вақтда Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида, Сирдарё вилоятидаги Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг Сирдарё вилоят бўлими, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази унинг Сирдарё бўлими, Гулистон тиббиёт кластери ҳамда бошқа даволаш профилактика муассасаларида даво муолажаларини олмоқда.
– Ўнг сон суягимни бўкса қисмининг емирилиши, юриш тизимида жиддий муаммоларни келтириб чиқарганди, – дейди Сардоба туманининг "Бирлашган" маҳалласида истиқомат қилувчи Дониёр Донабоев. – Эндигина, 42 ёшга кирдим. Оилам ва фарзандларим бор. Ёлғиз боқувчи эдим. Бироз жамғармам бор эди. Лекин даволаниш харажатларига кетиб қолди. Ноилож, туман ҳокимлигига, Халқ депутатлари туман кенгашига мурожаат қилдим. Улар ёрдами билан менга "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Сардоба туман бўлинмаси ҳузурида ташкил этилган "Саховат ва кўмак" жамғармаси ҳисобидан 7 миллион сўм пул маблағи ажратиб берилди. Ушбу пул маблағи ҳисобига вилоятда жарроҳлар юқори технологик жарроҳлик амалиётини ўтказишди. Ҳозир анча яхшиман.
Бу каби ижтимоий ташаббуслар фуқароларни қўллаб-қувватлаш, аҳолини кўпдан буён қийнаб келаётган муаммоларни ечиш, уларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш имконини бермоқда.
Шуҳрат Суяров, ЎзА
Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий
27 02 2023 / 12:34