
Иқтисодиётимиз ривожининг муҳим шарти – бу фаол инвестиция. Зеро, мамлакатимиздаги қулай ишбилармонлик муҳити, хорижий инвесторлар учун яратилаётган имтиёз ва имкониятлар янги лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилмоқда. Бу эса, давлатимиз томонидан олиб борилаётган соҳа фаолиятини ривожлантиришга доир ислоҳотлар, уларнинг олдидаги мавжуд тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, корхоналар фаолияти барқарорлигини таъминлаш ва янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси суди ва маъмурий суди судьялари инвесторлар билан мулоқот қилди. Қайд этилдики, уларнинг ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилди. Бу эса хорижий инвесторларга Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибидаги судлов ҳайъатига мурожаат этиш ҳуқуқини бериш, ишларни холис ва беғараз кўриб чиқишни кафолатлайди. Жумладан, инвестициявий низоларни судларда ҳал қилишнинг янги тартиби бўйича Иқтисодий процессуал кодексга ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида ҳам иштирокчиларга кенг тушунчалар берилди. Шу жумладан, инвестиция ва рақобатга оид низоларни кўриб чиқиш тартиби бўйича маълумотлар тақдим этилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА
https://www.uza.uz/uz/posts/investorlar-bilan-uchrashuv_251744
Сарлавха :
Иқтисодиёт
26 03 2021 / 10:25