Айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистоннинг Жаҳон банки билан ҳамкорлиги стратегик шериклик асосида ривожланиб бормоқда. Банкнинг кўмаги билан энергетика, ирригация ва коммунал тармоқларни модернизация қилиш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш йўналишларида қатор лойиҳалар амалга оширилди.
Мулоқот чоғида ҳамкорликнинг амалий жиҳатларига эътибор қаратилиб, унинг истиқболлари хусусида фикр алмашилди. Хусусан, давлат корхоналарини хусусийлаштириш дастурини амалга ошириш, махсус иқтисодий зоналар фаолияти самарадорлигини ошириш, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти ролини кучайтириш, шунингдек, гендер тенглик соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари диққат марказида бўлди.
Ўзбекистонда турли соҳалардаги лойиҳаларни амалга оширишда хорижий компанияларни жалб этиш борасида Жаҳон банкининг иштироки муҳокама қилинди.
Анна Берде юртимиздаги ислоҳотларнинг муваффақиятини юқори баҳолаб, Ўзбекистонда иқтисодий янгиланишлар ижтимоий ислоҳотлар билан уйғун равишда олиб борилаётганини таъкидлади.
Шу жумладан, ижтимоий инклюзивлик ва ижтимоий тенглик ёндашувлари асосида давлатнинг алоҳида стратегик мақсадлари белгиланганини қайд этди. Жаҳон банки бундан кейин ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга интилишини айтиб ўтди.
ЎзА
Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий
10 03 2023 / 12:56