Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Кореянинг йирик шаҳарларидан бири – Йонгин шаҳри мэрининг ўринбосари Хван Джун Ки бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Йонгин шаҳри мэрияси расмийлари, Йонгин шаҳар Кенгаши раиси Юн Вон Гюн ва кенгаш аъзолари, Йонгин саноат ва тижорат палатаси раҳбарлари, йирик тадбиркорларни ўз ичига олган делегация билан учрашувда Фарғона ва Йонгин ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтариш истиқболлари муҳокама қилинди.
2008 йилда Фарғона вилояти билан биродарлашган шаҳар келишуви имзолаган Йонгин Кореянинг “ақлли шаҳар” концепциясига уйғун ҳолатда энг тез ривожланаётган шаҳарларидан биридир. Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 25 миллиард долларга тенг бўлган, ярим ўтказгичлар ишлаб чиқаришда дунёда етакчи Йонгин шаҳрида, шунингдек, йилига 7 миллионга яқин киши ташриф буюрадиган Кореядаги энг йирик “Everland” кўнгилочар парки ҳамда “Caribbean Bay” аквапарки, Корея миллий боғи жойлашган.
Хайрулло Бозоров бошчилигидаги Фарғона вилояти делегациясининг 2022 йил март ойида Кореяга ташрифи доирасида Йонгин шаҳри мэри Пэк Кун-ки бошчилигидаги расмийлар билан учрашув ўтказилиб, икки ҳудуд ўртасида алоқаларни ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликка айлантириш, савдо ва инвестициявий алоқаларни йўлга қўйиш, ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш масалалари юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш бўйича келишилган эди. Ушбу келишувларни ҳаётга тадбиқ этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокамаси ҳам учрашув кун тартибидан ўрин олди.
Йонгин шаҳри мэрининг ўринбосари Хван Джун Ки ҳамда Йонгин шаҳар Кенгаши раиси Юн Вон Гюн вилоят ҳокимига самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, Йонгин шаҳрининг янги сайланган мэри Ли Сан-Илнинг саломларини ва икки ҳудуд ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш бўйича қатъиятини етказишди.
Аёллар тадбиркорлиги кўлами жиҳатидан Кореяда биринчи ўринда бўлган Йонгин шаҳри саноат ва тижорат палатаси ҳузуридаги Тадбиркор аёллар уюшмаси билан вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Меҳмонлар икки кун давомида вилоятда бўлиб, Фарғона шаҳридаги экошаҳар массиви қурилиши, “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси ҳамда Учкўприк туманидаги "Бобошбек" савдо ва ишлаб чиқариш мажмуаси фаолияти, Риштон ва Марғилон ҳунармандчилиги билан танишадилар, вилоятда бўлиб ўтаётган Наврўз байрами тантаналарида иштирок этади.
М.Сулаймонов,
ЎзА
Сарлавха :
Иқтисодиёт
23 03 2023 / 12:06