Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Тадбиркорлик ривожи кафолати учун овоз бераман



Улашинг :


Марғилонлик ака-укалар Муҳаммадсодиқ, Зиёвутдин ва Салоҳиддинларни Фарғонада ҳамма танийди, ҳавас қилади. Улар оталари дуосини олиб, Фарғона тумани “Янги аср” мавзесида (Экокерама) “EKOKERAMA” сантехника жиҳозлари ишлаб чиқариш улкан корхонасини қуриб ишга туширдилар.

Бу воқеа 2020 йилда рўй берди. 2021 йилда маҳсулот турлари танлаб конвейерга қўйилди. Пок ният, тинимсиз изланиш ва интилиш натижасида 2022 йилда 50 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бундан ташқари илк бор 1,2 миллион долларлик экспортни амалга оширишди. Энди “EKOKERAMA” МЧЖ корхонаси жаҳон бозоридан муносиб жой ола билди. 2023 йилдаги асосий мақсад Европа бозорига кириб бориш.

Биз корхонада бўлганимизда ака-ука Зиёвутдин ва Салоҳиддинлар Фарғонага йўлдош қурилаётган Экошаҳарда эканлар. 6 гектар майдонда уйларни иситиш тизими учун металл қовурға-радиаторлар ишлаб чиқариш заводи қурилиши билан банд экан. Биз билан суҳбатда Муҳаммадсодиқ Саидумаров тадбиркорлик ва референдум ҳақида мулоҳазаларини билдирди.

– Оиламиздаги фарзандлар чет элда олий таълим олишган. Масалан мен ўзим Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳридаги университетда бизнес бошқаруви ва молия йўналиши бўйича ўқидим. Акаларим эса Хитой университетларини тугатдилар. Чет элдаги тадбиркорларнинг имкониятларини кўриб биз учаламиз ҳам ўша ерда қолдик ва бир неча йиллар давомида бизнесимизни юритдик. Ўшанда Ўзбекистондан биз яшаган ва ишлаган мамлакатга тадбикорлар келишар эди. Улар йирик саноат корхоналарида бўлиб технологик жиҳозлар сотиб олиш ҳақида шартномалар имзолаганлар. Лекин Ўзбекистонга қайтгач бу шартномаларнинг аксариятини амалга ошира олмадилар. Бунинг сабаби ўша пайтда Ўзбекистонда сўмнинг хорижий валютага алмаштириш имкони ниҳоятда чегаралангани билан боғлиқ эди. Сўнгги йилларда биз учун ҳеч кутилмаган ҳолатда конвертация очилди. Бу эса Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантиришга “яшил чироқ” ёқилгани дейиш мумкин. Буни кўргач биз, ака-укалар маслаҳатлашиб, Ўзбекистонга қайтдик ва бизнесимизни шу ерда ташкил этдик. Бу ерда “EKOKERAMA” МЧЖ корхонасига асос солдик. Бугунги кунда корхонамизда 380та ишчи меҳнат қиляпти. Ишлаб чиқарилаётган сантехника маҳсулотларнинг тури 27 та етди.

Кейинги пайтларда Ўзбекистон аҳолисининг даромади кўпайди. Натижада сифатли маҳсулотларга эҳтиёж ошди. Шуни ҳисобга олиб биз Европа стандартларини қўллашга ўтдик. Масалан, Европада кенг тарқалган осма унитазлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. У харидоргир маҳсулотларимиздан биридир.

Бугун Ўзбекистонда тадбиркорлик ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланяпти ва ривожланяпти. Янгиланаётган Конституцияда эса табдиркорларнинг эмин-эркин фаолият юритиши кафолатланган ва уларнинг манфаати ҳимояга олинган.

Биз, ака-укалар 30 апрель куни бўладиган референдумда биринчилар қаторида сайлов участкаларига бориб, ўзимиз, келажагимиз учун овоз берамиз.


Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

04 04 2023 / 12:45