Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Хоразм: иқтисодий ривожланиш йўли нафақат сармоя, балки самарали дастур ва қарорлар билан ҳам белгилаб берилмоқда



Улашинг :


Таҳлил

Жорий йил 31 март куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожи, жумладан, бунёдкорлик, саноат, инвестиция, транспорт ва туризм соҳаларидаги ислоҳотларининг самараси билан танишиш, аҳоли турмуш тарзини яқиндан ўрганиш ҳамда ечим топмаётган мавжуд муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Хоразм вилоятига ташриф буюрди. Хусусан, Урганч шаҳрида Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида қатнашди.

Мазкур сессияда давлатимиз раҳбари ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга тўхталар экан, ўтган 6 йилда ҳудудда мактабгача таълим қамрови 22 фоиздан 79 фоизга ортгани, 131 та умумий ўрта таълим мактабларида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилганини қайд этиб ўтди. Зеро, мамлакат ривожида таълимнинг ўрни беқиёс. Боиси таълим сифатини халқаро стандартлар асосида ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилиб, бюджет сармоясининг сезиларли улиши ажратиб келинмоқда.

Маълумки, давлатимиз томонидан оғир ҳудуд эканлиги ҳисобга олиниб – Қорақалпоғистон ва Хоразмда ўқувчиларни бепул овқатланиш учун бюджетдан сармоялар ажратилиб, уларнинг сифатли таълим олиши учун йўналтирилган.

Бугунги кунда олис ва узоқ масканларда яшайдиган аҳоли учун турли соҳаларда имтиёзлар берилмоқда, айтайлик, ичимлик суви таъминоти босқичли такомиллаштирилмоқда. Сессияда Хоразм вилояти ичимлик суви танқис бўлган ҳудудлардан саналиб, бугунги кунда 580 минг аҳолига марказлашган тизим орқали ичимлик суви етказиб берилгани қайд этилди.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари ташрифи давомида кўпроқ аҳолини, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш масалаларига эътибор қаратди.

Дарҳақиқат, аҳоли бандлигини таъминлаш деган сўз оддий эшитилиши мумкин. Лекин унинг замирида минглаб одамлар тақдири, оилалар тирикчилиги ётибди. Ана шу муаммоларни илғаш, унинг ечимларига сармоя йўналтириш бу катта инсонийлик, қадр-қиммат тушунчаларини англатади. “Инсон қадри учун” ғояси асосида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Хоразмга янада кўпроқ инвестициялар киритиш, мавжуд ишлаб чиқаришларни кенгайтириш, аҳолини иш билан бандлигини таъминлаш борасида аниқ кўрсатмалар берди. Камбағалликни қисқартиришга оид муаммоларга ечим сифатида оилавий бизнес, тадбиркорлик ва саноат тармоқларини институционал ривожлантириш, хорижий савдо-иқтисодий шериклар билан интеграциялаштириш борасида фикрларни илгари сурди.

Жадал суръатда тузилган бундай чора-тадбирлар ҳудудларда бюджет, солиқ, пул кредит, нарх-наво барқарорлигини сақлаш, экспорт, қолаверса, қишлоқ хўжалиги соҳасини диверсификация қилиш, унда интенцив технологияларни самарали қўллаш каби макроиқтисодий омилларга инновацион ёндашувни тақозо қилади.

Ташриф доирасида Президентимиз Хоразм вилоятидаги “Янгибозор текстил агрокластер” масъулияти чекланган жамиятининг тўқимачилик корхонаси фаолияти билан танишди.

Хусусан, яқинда умумий қиймати 13 миллиард сўмдан зиёд капитални ўз ичига олган ва ишга туширилган лойиҳани бориб кўрди. Маълум бўлишича, мазкур лойиҳа йилига 5 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Ушбу корхона маҳсулотларининг 65 фоизи экспорт учун ишлаб чиқарилиб, айни пайтда 500 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланган. Айта оламизки, шунча оилаларга фаровонлик ва тадбиркорлик тушунчалари кириб боргани ўз ҳосилини берадиган ютуқлардан.

Президентимиз иштирокида 6 та корхонанинг илк иш фаолиятига старт берилди. Янги корхоналар фаол иш бошлаши ҳудудда амалга ошрилаётган ислоҳотлардан бир шингил. Бугунги кунда умумий ҳисобда Хоразм вилоятида қиймати 9 триллион 3 миллиард сўмлик 685 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 14 минг 909 та янги иш ўрни яратилишига эришилди. Қўйилган талабларга нисбатан бу кам, аммо натижалар яхши, ҳали қарорлар билан тасдиқланган 2026 йилгача татбиқ қилиниши лозим бўлган катта-катта лойиҳалар кўп, аниқ чора-тадбирлар устида қизғин ишлар кетмоқда.

Хоразм вилояти соноат маҳсулотлари 2016 йилда 3 триллион сўмни ташкил қилган бўлса, 2022 йил сарҳисобид уманлар кесимидаги мақсадли кўрсаткичлар белгилаб берилган.

Бу борада саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ҳудуд шароитидан келиб чиқиб ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхатини тасдиқлаш ва улар ижроси ҳар ой муҳокама қилинмоқда. Натижада ҳужжатлар ижроси аҳоли ҳаётида амалий бўй кўрсатмоқда.

Халқимиз орзу-ҳавасли халқ, унинг интилишларида доимо Ватан, оила, маҳалла ва бошпана тушунчалари муқаддас саналган. Азалдан ўғил-қизи вояга етса, аввало, уларга уй-жой қуриб, кейин унаштириш тадориги кўрилади.

Шу боис бугунги кунда “Инсон қадри учун” тамойили асосида аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишлари аниқ йўл хариталари асосида тез суръатларда олиб борилмоқда. Жумладан, охирги беш йилда 9 минг 500 та хонадонли уйлар фойдаланишга топширилди. Бугун ушбу хонадонларда эртамиз эгалари бўлган бахтли авлод яшамоқда. Улар қулай шароитлар, спорт ўйингоҳлари, шинам ва яқин мактабгача таълим муассасалари, умумий ўрта таълим мактабларида ўқиб вояга етмоқда. Ана шундай файзли масканлардан бири Урганч шаҳрида Ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилиши бошлангани юзлаб янги уйлар бунёд этилишини кўрсатади. Албатта, бу хонадонлар минглаб оилалар бахтли турмуш кечиришига манзил бўлади.

Давлатимиз раҳбари Хоразмга ташриф чоғида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларига шахсан ўзи ажратган 1,5 миллиард долларлик 7 мингта лойиҳа ишга тушганининг гувоҳи бўлди. Мазкур лойиҳалар ишлаб чиқаришга йўналтирилиши баробарида яқинда 50 минг нафар ёшга доимий иш ўринлари яратилиб, 19 мингта оила камбағалликдан чиқарилиши маълум қилинди.

Бугунги кунда олиб борилаётган халқчил саъй-ҳаракатлар натижасида вилоятда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 бараварга ошди, экспорт 190 миллион долларни ташкил этди. Саноат ўсиб, тўқимачилик, автомобилсозлик, озиқ-овқат, электротехника ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш 2 бараварга ўсгани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари вилоятда олдингига нисбатан эришилган саноат ютуқлари билан бирга, иқтисодий ва табиий ресурслар кўп бўлган ҳудудда айрим залворли ижтимоий муаммолар бартараф этилмай келинаётгани, бу масалалар ечим топиши кераклигини танқидий баҳолаб, халқни рози қилиш бўйича тегишли кўрсатмалар берди.

Сессияда вилоят мутасаддиларининг тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш бўйича режалари маъқулланди. Давлатимиз раҳбари томонидан вилоятда иш билан бандлик ва оилавий тадбиркорлик дастурлари учун йўналтирилган 940 миллиард сўмга қўшимча 100 миллиард сўм ажратилди. Бундай саноатни қувватловчи маблағлар натижаси ўлароқ, яратилаётган тадбиркорлик субъектлари ҳисобига 57 минг, касаначиликда салоҳияти бор 240 та маҳаллада меҳнат қуроллари ва жой масаласи ҳал этилиб, 50 минг, ўзини-ўзи банд қилиш орқали 28 минг аҳоли бандлиги таъминланади.

Бугунги глобаллашув шароитида ҳар бир ҳудуд учун муҳим бўлган бир масала борки, бу озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдир. Бунинг учун қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик ва бошқа аграр соҳа имкониятларидан самарали фойдаланиш, томорқа имкониятларини такомиллаштириш зарур. Бу йўналишда айни пайтда “Тошсоқа тизимидаги магистрал суғориш каналини тиклаш” лойиҳасининг иккинчи босқичи ҳаётга татбиқ қилинди.

Шунингдек, аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида Боғот, Шовот ва Янгибозор туманларидаги қўшимча 2 минг гектар ерда узум, олма ва қовун плантациялари яратилиб, лизинг асосида тадбиркорларга тарқатишга топшириқ берилди. Гурлан ва Боғотда агрологистика марказлари ташкил қилиш учун 5 миллион доллар, чорвачиликка ихтисослашган 53 та маҳалла ҳудудида сут қабул қилувчи пунктларни ишга тушириш учун 30 миллиард ажратиш учун кўрсатмалар берилди.

Саноат лойиҳаларига қўшимча 100 миллиард сўм йўналтириш, Урганчда электротехника ва фармацевтика саноат парклари ташкил қилиш чора-тадбирлари белгилаб олинди.

Давлатимиз раҳбари томонидан ҳудудни индустриал жиҳатдан янада ривожлантириш учун 20 миллион доллар инвестиция эвазига “Дамас” ва “Лабо” автомашиналари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, 300 та янги иш ўрни яратилиши бўйича кўрсатма берилди. Вилоятда олиб борилаётган самарали ишлар натижасида 2022 йилда 13 триллион 136,2 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўсиш суратлари 115,9 фоизга ошган, вилоятнинг республикадаги улуши 3,4 фоизни, яъни 9-ўринни ташкил этгани қувонарли. Аҳоли жон бошига ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажми 6,8 миллион сўмни (7-ўрин), ўсиш суратлари 114 фоизни ташкил қилади.

Сессияда Хоразмда ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга бу йилги давлат дастурларида кўзда тутилган 1,5 триллион сўмга қўшимча 400 миллиард сўм ажратилиши маълум қилинди. Аграр соҳа ва тадбиркорлик лойиҳаларига, ичимлик суви учун қўшимча 475 миллион доллар жалб қилиш бўйича топшириқ берилди.

Мухтасар қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур ижтимоий-иқтисодий соҳаларга қаратилган ташрифи муносабати билан Хоразм вилоятида саноат ривожланишини таъминловчи қуйидаги йўналишларни янада ривож-лантиришни таклиф этиш мумкин.

– Ҳудудда мавжуд корхоналарда инновацион салоҳиятни рақамлаштирган ҳолда янада такомиллаштириш, илм-фан ва юқори технологиялар асосида янги корхоналар ташкил этиш, импорт маҳсулотлари билан рақобатлаша оладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва янгидан янги брендлар яратиш зарур.

–Саноатда хусусий тармоқ ва кичик бизнес, тадбиркорлик улушини ошириш ва қишлоқ хўжалиги соҳасини диверсификация қилиш, ички захира ҳамда мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланишни жадаллаштириш долзарбдир. Бу жараённи сифатли амалга ошириш учун халқаро тажрибалардан келиб чиқиш, мамлакатимиздаги 200га яқин ОТМлар билан ҳамкорлик ўрнатиш, уларда таҳсил олаётган малакали кадрларни жалаб қилган ҳолда самарали инвестициявий лойиҳаларни ташкил қилиш лозим.

–Хоразм вилояти саноатини ривожлантиришда қурилиш индустриясини ривожлантириш, саноат соҳасини қўллаб-қувватлаш учун банк кредитлари ва инвестициялар таъсирчанлиги ва қўшма корхоналар сонини ошириш, уларнинг улушини кўпайтириш мақсадга мувофиқдир.

Тадбиркорликни изчил қўллаб-қувватлаш учун маҳаллий хом ашёни қайта ишлаш, ишлаб чиқарилган товарларнинг экспорт кўламини кенгайтириш ва кичик корхоналар маҳсулотларини экспортга йўналтиришни технологиялар ёрдамида амалга ошириш муҳим саналади.

Яна бир табиий омил, улкан “Очиқ осмон остидаги музей”да туризм инфратузилмаларини модернизация қилиш, юзлаб қадамжоларни таъмирлаш, йўқолиб кетганларини қайтадан бунёд этиш ва уларни глобал тармоқ рўйхатидан ўтказган ҳолда 12 та тилда фаол тарғиботларини олиб бориш айни муддао. Бу орқали бутун дунё туристларини фаол жалб этиш дастурларини самарали қўллаш, натижада минглаб иш ўринлари яратиш мақсадга мувофиқдир.

Ҳудудда ўтган 6 йилда мисли кўрилмаган янгиланиш ва бунёдкорлик ишлари олиб бориларкан, салмоқли инвестициялар киритилди, давлат сармоялари сарфланди.

Бундай узоқни ўйлаб амалга оширилаётган дастурлар, улкан ижтимоий-иқтисодий, бунёдкорликка оид ислоҳотлар индустриал жозибадор ҳудудга айланиб бораётган Хоразм вилоятининг иқтисодий барқарорлиги ва аҳоли турмуш тарзини бундан-да яхшилашга хизмат қилади.

Шерзод ҚУРБОНОВ,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ходими

ЎзА


Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

04 04 2023 / 12:55