Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

“Тадбиркор – Ўзбекистон” журналининг илк сони тақдимоти ўтказилди



Улашинг :


Пойтахтимизда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан “Тадбиркор – Ўзбекистон” журналининг илк сони тақдимот маросими бўлиб ўтди. Тадбирда юртимизнинг энг илғор 400 нафарга яқин тадбиркорлари иштирок этди.

Маълумки, тадбиркорлик фаолияти бу – тадбиркорлар томонидан қонунчиликка мувофиқ амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад олишга қаратилган ташаббускорлик фаолияти ҳисобланади.

Сўнгги йилларда тадбиркорлик фаолиятига қулай бизнес муҳитини яратишга қаратилган ислоҳотлар тизимли равишда амалга оширилмоқда. Олиб борилаётган ислоҳотлар ва қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани натижасида ҳар йили ўртача 100 мингга яқин янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилмоқда ва ҳозирда уларнинг сони 650 мингдан ортиқ.

Хорижий инвесторлар ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ишонч билдириб, ўз инвестициялари билан иқтисодиётнинг ривожланишида иштирок этмоқда. Хусусан, сўнгги 5 йилда хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар сони 3 баравар ошиб, 14 мингдан зиёдни ташкил этди.

Тадбиркорлик фаолиятининг фундаментал ва ҳал қилувчи асослари, яъни мулк ҳимояси ва эркинлик кафолатлари янгиланаётган Конституцияда олий ҳуқуқий куч даражасига кўтарилмоқда. Оддий айтганда, тадбиркорлик фаолиятининг тамал тошлари ҳисобланган мулк ва эркинлик бевосита Конституция ҳимоясига олинмоқда.

– Мамлакатимизда тадбиркорларга қулай шароит яратилгани боис, ишлаб чиқариш ҳажми ошмоқда, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов. – Жумладан, Ўзбекистонда қурилиш соҳаси охирги 25 йилда тизимли бўлмаган. Яъни, деярли 65-70 фоиз қурилиш материаллари импорт қилинган. Натижада валюта четга чиқиб кетиши сабабли соҳада чекланишлар бўлган. 2015 йилда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш 35 фоиз бўлган бўлса, қолган 65 фоиз қурилиш материаллари четдан импорт қилинар эди. 2022 йил якунига келиб қурилиш материалларини ўзимизда ишлаб чиқариш 85 фоизга етказилди. Шуни алоҳида айтиш жоиз, янгиланаётган Конституцияда тадбиркорлар ҳуқуқини кафолатловчи моддалар киритилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил тадбиркорлар билан бўлган мулоқотидан сўнг тадбиркорлар томонидан бизнес учун 55 мингдан ортиқ бинолар қурилган. Шундан тадбиркорлик субъектлари сони 5 мингтага кўпайиб, 26 мингтага етди. Эътиборли жиҳати яна 1000 нафари товар айланмасини 1 миллиондан 10 миллион долларга етказган. 200 нафар тадбиркорнинг тушумлари эса 100 миллион долларга етказилган. Экспорт қилувчи корхоналар сони 7,5 мингтани ташкил этган. Экспорт ҳажми 30 фоизга кўпайган.

Президентимизнинг 2022 йил 19 августдаги “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарорига асосан ҳар йили 20 август – Тадбиркорлар куни арафасида “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланган тадбиркорлик субъектини ўзида акс эттирган китоб чоп этиб борилиши белгиланган эди.

Қарор ижросини таъминлаш, шунингдек, 2022 йилда турли даражадаги мукофотлар билан тақдирланган маҳаллий тадбиркорлик субъектлари ҳамда мамлакатимиз иқтисодиётига инвестициялар киритиб, иқтисодий ўсиш суръатларига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган хорижий мамлакатлар ишбилармон доиралари вакилларининг фаолиятини ёритиш мақсадида ушбу “Тадбиркор – Ўзбекистон” журнали тайёрланди.

Мазкур журналда илғор натижаларга эришган, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва хўжалик юритишнинг бошқа соҳаларида ташаббус кўрсатаётган, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини янада мустаҳкамлашга, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган тадбиркорлар фаолияти ёритиб борилади.

Бу эса тадбиркорлик фаолиятидаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, ҳудудларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожланишини рағбатлантирувчи бизнес муҳит яратиш, мамлакат иқтисодиётида хусусий секторнинг улуши ва аҳамиятини ошириш, қолаверса, тадбиркорларнинг касбий маҳорати ва билим даражасини ошириш учун зарурий шарт-шароит яратиш, тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни реклама қилишга кўмаклашиш ҳамда уларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларига кўмаклашишга хизмат қилади.

Шаҳноза Маматуропова,

Носиржон Ҳайдаров(сурат)

ЎзА


Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

12 04 2023 / 11:55