Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Янгиланаётган Конституция инсон ҳуқуқ-манфаатлари, эркинликларини кафолатлашга хизмат қилади



Улашинг :


Ислоҳотлар, айниқса, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар сиёсий ирода, машаққатли меҳнат, катта маблағни талаб этади.

Биласизми, биргина 2020-2021 йиллардаги фаолиятим даврида 10 000 000 000 сўмга яқин, судлар томонидан эса, бир неча юз миллиарддан ортиқ маблағ тадбиркорлар ва аҳолига давлат ғазнасидан компенсация тўловлари тариқасида ундириб берилди. Ортиқча тўланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар қўрқмасдан аҳоли ва тадбиркорларга қайтариб берилмоқда.

Болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш, «пахта якка ҳокимлиги» ва бошқа мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатларига чек қўйилди. Маъмурий тартибда меҳнатга жалб қилганлик учун эса жавобгарлик кучайтирилди. Судларда маъмурий тартибда мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатларига йўл қўйган идоралар ва уларнинг мансабдор шахсларига тизимли жазо чоралари қўлланилмоқда.

Фуқароларнинг яшаш ҳуқуқи билан бевосита боғлиқ паспорт тизими ислоҳ этилди. Хусусан, Конституцияда белгиланган Ўзбекистон Республикаси Фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ҳуқуқи тамойилларига риоя этилган ҳолда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида рўйхатда туришга чеклов, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаби бекор қилинди.

Худди шунингдек, Ўзбекистон Республикасига кириб чиқиш ҳуқуқи, виза тартиботлари соддалаштирилди. Бу соҳада ҳам Конституцион тамойил амалда таъминланмоқда.

«Жаслиқ» колонияси ёпилди, Термиз шаҳридаги халқ тилида «дайдихона», «подвал» деб номланган масканлар, Қашқадарёдаги «шайхали», Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятидаги ҳамда Тошкент шаҳридаги Тоштурмада бўлган «овуллар»даги қийноқлар батамом барҳам топди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил – Омбудсманга бевосита озодликдан маҳрум этиш жойларида ўрганиш ўтказиш каби кенг ваколатлар берилди.

2016 йилдан бери Ўзбекистонда 5 минг нафардан ортиқ маҳбус озод қилинган. Бундан ташқари, озод этилган ёки жазоси енгиллаштирилган маҳбуслар сони 2 минг нафарга етган.

2017 йилда – 263 нафар, 2018 йилда – 867 нафар, 2019 йилда – 859 нафар, 2020 йилда – 781 нафар фуқаро оқланган. 3 минг 434 нафар шахс суд залидан озод қилиниб, 5 минг 958 нафар фуқарога нисбатан асоссиз қўйилган моддалар айбловлардан чиқарилган ёки ўзгартирилган. Ҳокимларнинг 2 минг 852 та қарори ноқонуний деб топилиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Маъмурий судлар ташкил қилингач, 2017 йилда 218 та, 2020 йилга келиб эса 41 минг 292 та маҳаллий ҳокимликларнинг қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган.

2017 йилдан бугунга қадар оқловлар беш мингдан ортиқни ташкил этмоқда. Одамларнинг суддан нажот излайдиган бўлди. Аслида инсон ҳуқуқларига асосланган ҳуқуқий давлатда шундай бўлиши ҳам керак.

Бир сўз билан айтганда, кеча орзу бўлган – ноҳақ айбларни олиб ташлаш, оқлов, давлат органларига ишга тиклаш, давлатдан зарар ва компенсация ундириш масалалари бугун янгилик эмас.

Янгиланаётган Конституцияда белгиланаётган янги нормалар ҳам аввало, айнан инсон ҳуқуқ-манфаатлари, эркинликларини янада кенгроқ кафолатлашга, инсон қадрини улуғлашга хизмат қилади.

Нуриддин Муродов,

Сариосиё туманлараро иқтисодий суди раиси

ЎзA


Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

13 04 2023 / 13:08