"Тадбиркор аёл" халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси ташкил этаётган нуфузли анжуман “Ҳунармандчиликда электрон тижорат – Марказий Осиё аёллари бизнесидаги асосий ўзгаришлар драйвери” мавзуига бағишланади.
Минтақамиз ҳунармандлари ўртасида истиқболли бизнес лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган аниқ келишувларга эришиш учун қулай шароит яратиши кутилаётган форумда Марказий Осиёнинг 100 дан ортиқ моҳир ҳунарманд аёллари иштирок этади. Тадбирнинг мамлакатларимизда миллий ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, аёлларнинг тадбиркорликдаги иштирокини таъминлаш, инфратузилма ва ресурслардан фойдаланиш, хотин-қизларни иш билан банд қилишнинг минтақавий муаммолари, ахборот ресурсларидан фойдаланиш имкониятлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг кўмаги, Марказий Осиё аёллари ўртасида ҳунармандчиликни ривожлантиришни мониторинг ва таҳлил қилиш тизимини шакллантиришга йўналтирилгани аҳамиятлидир.
Форум ташкилотчиларидан олинган маълумотларга кўра, халқаро анжуман иштирокчилари икки кун давомида Марказий Осиё мамлакатларида электрон тижоратни ривожлантиришнинг долзарб масалаларини кенг муҳокама қилиш учун замонавий платформа яратиш йўлларини ўрганади. Тадбиркор аёлларнинг ҳунармандчилигида рақамли ечимларни ишлаб чиқишнинг устувор йўналишларини муҳокама қилади. Ҳунарманд аёлларнинг электрон тижорат йўналишидаги маҳоратини ошириш ва аёллар бизнесида инновацион онлайн савдо имкониятларига бағишланган қатор тақдимотлар ўтказилади. Термиз шаҳридаги “Санъат саройи” да ташкил этилган ҳунарманд аёллар кўргазмаси билан танишади. Сурхондарё вилоятининг тарихий обидалари ва археологик ёдгорликларини томоша қилади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири
Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий
04 05 2023 / 13:37