Бугун барча соҳаларда бегиланган вазифа ва мақсадларга иқтисодий барқарорликни таъминламасдан туриб эришиб бўлмайди. Шу боис Президентимиз инаугурация маросимида сўзлаган нутқида барча соҳаларда бўлгани каби мамлакат иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.
Хусусан, бу борада мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлиги янада оширилиб, иқтисодиёт соҳасида ҳам туб бурилишлар амалга оширилиши белгиланди. Жумладан, “Яшил иқтисодиёт”, “яшил энергия” тамойиллари янада кенг жорий этилади. Иқтисодиётимизга киритилаётган инвестициялар ҳажми бир неча баробар оширилади. 2030 йилгача ялпи ички маҳсулотимиз ҳажми 160 миллиард долларга етказилади.
Шунингдек, бу борада иқтисодиётимизга инвестицияларни кенг жалб этиш, банк тизимини ислоҳ қилиш энг асосий вазифаларимиздан бири бўлиши таъкидлаб ўтилди. Бунда тадбиркорлик учун янада қулай имкониятлар яратилиб, янги иш ўринлари очилади. Аҳоли даромадларини кўпайтириш, ёшлар ва хотин-қизларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, уларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Жумладан, Президентимизнинг сайловолди дастурида 2030 йилгача 250 миллиард доллар инвестицияларни ўзлаштириш, шу жумладан, бунда 110 миллиард долларни хорижий инвестициялар ҳисобига ўзлаштириш, 40 миллиард долларни давлат-хусусий шериклик доирасида жалб этиш мақсад қилинган.
Шунингдек, хорижий инвецияларни ўзлаштириш билан бир қаторда банк ва молия тизимида йиллик кредитлаш ҳажмини ҳозирги 18 миллиард доллардан 40 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ дастурлар амалга оширилади. Шу билан бирга, банкларга қўйилаётган омонатлар ҳажми 4 баробарга оширилиб, банкларни хусусийлаштириш жараёнлари тезлаштирилади.
Бунинг учун банк бозорига яна камида 4 та йирик нуфузли чет эл банки кириб келиши таъминланиб, нобанк молиявий хизматларини кенгайтириш учун кенг имкониятлар яратилади. Шунингдек, иқтисодиётнинг қон томири бўлган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, экспорт ҳажмини ошириш учун Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ишларини жадаллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Хусусан, саноатни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, унга 1 миллиард доллар маблағ ажратилади. Қолаверса, келгуси йилларда 50 та нуфузли хорижий брендлар билан махсус экспорт зоналари ташкил қилинади. Бу бевосита маҳаллий тадбиркорларимиз иш фаолиятига ўзининг ижобий натижасини кўрсатиб, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар дунё бозорида муносиб ўрин топишига хизмат қилади.
Шунингдек, ҳар бир туманда камида мингта иш ўрни яратадиган 2 тадан янги саноат зоналари ташкил этилади. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, бундай тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун тайёр инфратузилмага эга бўлган саноат зоналарига хорижий инвестицияларнинг кенг жалб этилиши эса, ҳар бир иш ўрни муносиб меҳнат ҳақи билан яратилишига олиб келади.
Албатта, ушбу мақсадларга эришишда янгиланган Конституциямизга мос равишда мавжуд ҳуқуқий-меъёрий базани янгилаш муҳим аҳамият касб этади. Бу жараёнда қонунчилик ва ижро ҳокимиятини такомиллаштириш, фуқароларни идорама-идора сарсон қилмайдиган ихчам ва самарали бошқарув тизимини ташкил этиш муҳим саналади. Қонунчилик базасининг такомиллаштирилиши эса, ўз навбатида, биз халқ вакиллари зиммасига катта масъулият юклайди.
Маҳфират ХУШВАҚТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
ЎзА
Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий
17 07 2023 / 11:23