Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

“Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот:янги ғоя ва таклифлар” мавзусидаги давра суҳбати



Улашинг :


2023 йил 15 август куни Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази, “Тараққиёт сиёсий” таълим маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамкорлигида “Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот: янги ғоя ва таклифлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили (Бизнес-Омбудсман), Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда Олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари эксперт-олимлари, тадбиркорлик ва фермерлик субъектлари вакиллари иштирок этдилар. Мазкур давра суҳбатида мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш, амалга оширилаётган бизнес соҳасидаги ислоҳатларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, тадбиркорларнинг хуқуқ ва манфаатларидан келиб чиққан ҳолда соҳага доир қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган устувор вазифалар муҳокама қилинди.


Маълумки, бундан 6 йил олдин мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан тадбиркорлик субъектларида текширишлар ўтказишга мораторий эълон қилинган эди. Бунинг натижасида ўтган давр мобайнида республикамизда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларнинг сони бир неча карра кўпайиб, 500 мингдан ошиб кетди.

Давра суҳбати давомида янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ишларида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил фаолияти ҳақида, тадбиркорларнинг ўз фаолиятини кенгайтириши, янги лойиҳаларни амалга ошириши учун қулай молиялаштириш тизимини ташкил этиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилаётган текширувларни мувофиқлаштириш, назорат органлари ходимларини ўқитиш, текширувлар сонини қисқартириш, тадбиркорлар фаолиятини назорат қилиш ва уларни жавобгарликка тортиш масалалари ҳамда Ўзбекистон Республикасида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағлар эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қилувчи қоидалар мавжуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хусусида муҳокамалар бўлди.

Давра суҳбатида кўтарилган долзарб масалалар юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ва хулосалардан келиб чиққан ҳолда, тадбир иштирокчилари томонидан амалий таклиф ва тавсиялар ҳам ишлаб чиқилди. Жумладан:

- тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини ва улар фаолиятига ноқонуний аралашишларнинг олдини олиш механизмларини ишлаб чиқиш;

- солиқ ва божхона сиёсатини, банк-молия соҳасини янада такомиллаштириш;

- хусусий секторни ислоҳ қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига имтиёзлар тақдим қилган ҳолда индивидуал имтиёзлар беришдан воз кечиш;

- тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ва норма ижодкорлигида янгича ёндашувларни жорий этиш;

- тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини тўлиқ амалга ошириш ва ҳимоя қилиш, кафолатлаш ҳамда ҳақиқий ишбилармонлик муҳитини вужудга келтириш;

- давлат органларининг (айниқса, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг) тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш борасидаги имкониятларини тўлиқ сафарбар этиш ва бошқалар.

Шундай қилиб, тадбиркорлик фаолиятини мақсадли тартибга солишнинг адолатли асослари ҳамда аниқ мезонларини вужудга келтириш, тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг қонуний кафолатларини белгилаш, давлатнинг иқтисодиётга асоссиз аралашишининг олдини олиш бўйича нормаларнинг белгиланиши - тадбиркорлик субъектларига ҳақиқий адолатли иқтисодий ва молиявий эркинликни тақдим этади.

Бундай эркинликнинг ҳуқуқий асослари эса фақатгина қонун даражасида белгилаб қўйилиши лозим. Бу эса тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишга нисбатан ягона шаффоф ва демократик ёндашувларнинг жорий этилишига олиб келади.

А.Абдуллаев,

“Тараққиёт” сиёсий таълим маркази координатори


Сарлавха :
Иқтисодиёт

18 08 2023 / 12:42