Мукофотларни топширар экан, юртимизда тадбиркорларга яратилаётган шароит ва имтиёзлар хусусида тўхталиб ўтди. Бугунги кунда вилоятда 19 минг 996 та тадбиркорлик субъекти мавжуд бўлиб, биргина жорий йилнинг 7 ойи давомида 2 минг 471 та янги тадбиркорлик субъектлари фаолият бошлаган. Хусусан, йирик брендларни жалб қилган корхоналарга 500 миллион сўмдан грант ажратилиши, 1 октябрдан бошлаб қўшилган қиймат солиғини қайтаришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш амалиёти – “tax-gap”нинг бекор қилиниши, 2024 йил 1 январдан бошлаб рейтинги юқори корхоналар барча турдаги солиқ текширувларидан озод қилиниши, бир-бирини такрорловчи ва эскирган ҳисоботлар тугатилиши тадбиркорларнинг самарали фаолият юритишига имкон яратади.
– 2018 йилда якка тартибдаги тадбиркор сифатида битта иш ўрни билан юмшоқ ўйинчоқлар ясаш бўйича фаолият бошлаган бўлсам, йил сайин янги иш ўринлари сонини кўпайтириб бормоқдаман, – дейди “CHADOS-2009” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони соҳибаси Латофат Ҳусанова. – 2019 йилда учта ёшни иш билан таъминладим. 2021 йил 7 нафар уюшмаган ёшлар, 2022 йил 13 нафар ишсиз аёлларни ҳамда 5 нафар ногиронлиги бор бўлган аёлларга иш ўрни яратдим. 2022 йилда эса иккинчи янги цехимиз фаолияти йўлга қўйилиб, қўшимча 5 нафар хотин-қизларга иш ўрни яратилди. 2020 йилдан бошлаб Навоий вилояти хотин-қизлар тадбиркорлик марказида ишсиз аёлларга “Миллий ҳунармандчилик” йўналишида ҳунар ўргатиб келмоқдаман.
Тадбирда “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонини олганлар мамлакатимизда тадбиркорлар учун яратилаётган шароитлар ва қулайликлар учун юртбошимизга миннатдорлик билдирди.
А.Бўриев,
С.Аслонов (сурат), ЎзА.
Сарлавха :
Иқтисодиёт
23 08 2023 / 13:59