Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш – долзарб масала



Улашинг :


Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институтида “Иқлимнинг давом этаётган ўзгариши шароитида озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш учун агробиологик хилма-хилликни сақлаш ва барқарор фойдаланиш муаммолари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Қозоғистон, Озарбайжондан келган илмий-тадқиқот институтлари олимлари, мамлакатимиздаги соҳа мутахассислари иштирок этган конференциянинг мақсади глобал иқлим ўзгариши шароитида озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш учун агробиохилма-хилликни ўрганиш, сақлаш ва барқарор фойдаланиш жараёнидаги эришилган замонавий ютуқлар, мавжуд муаммолар, уларни бартараф этишда илғор технологиялар ҳамда инновациялардан фойдаланиш йўлларини тарғиб этишдан иборатдир.

Кейинги йилларда сайёрамиз бўйлаб глобал исиш, кучли шамол, қурғоқчилик, сув тошқинлари ва ёнғинлар кўпайди, музликлар эриши эса тезлашди. Бу каби иқлим ўзгаришлари бир қатор салбий оқибатларга олиб келмоқда. Хусусан, ҳарорат кўтарилиши натижасида сувнинг буғланиш даражаси ошиши ҳудудларда сув ресурслари камайишига, танқислигига таъсир этмоқда.

Экологик танглик оқибатида йил давомида умуман ёғингарчилик бўлмаган кунлар сони кўпайди. Тупроқнинг намлиги камайиши ҳисобига такрорий қурғоқчилик хавфи ортиб бораётган бир вақтда ҳосилдорлик кўрсаткичлари пасаймоқда.

БМТ маълумотларига кўра, ер юзи аҳолиси сони “геометрик прогрессия” бўйича ортиб бормоқда. Афсуски, уларнинг эҳтиёжи “арифметик прогрессия” бўйича қондирилмоқда. Ҳозир жаҳон аҳолисининг 815 миллион нафари оч қолаётган бўлса, 2050 йилга бориб бу рақам 2 миллиард кишига етиши тахмин қилинмоқда. Айни чоғда уларнинг 12,9 фоизи ривожланаётган мамлакатлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Мутахассислар бу каби муаммолар дунё ҳамжамиятини ҳам бефарқ қолдирмаслиги, аксинча, уларни илм-фан ва инновацион технологиялардан фойдаланиш орқали ҳал этиш кераклигини айтиб ўтди.

Конференцияда мамлакатимиз ва хориждаги илмий муассасалар ўзаро манфаатли ҳамкорликка эришишда дадил қадамлар ташлаши кераклиги борасида фикр алмашди.. Жумладан, келгусида халқаро қўшма таълим ва илмий лойиҳалар тайёрлаш, ўқув, илмий-услубий ва илмий-тадқиқот материалларини алмашиш, биргаликда нашр эттириш чоралари кўрилади.

А.Мусаев, Д.Эрназаров (сурат), ЎзА


Сарлавха :
Иқтисодиёт

03 10 2023 / 15:58