Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш марказининг Тошкент шаҳар бўлими ташаббуси билан пойтахтимиздаги “Intercontinental hotel”да “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг ҳудудларни комплекс ривожлантириш, урбанизация стратегиясини амалга ошириш, аҳолини арзон уй- жой билан таъминлаш даражасини ошириш (60-мақсад) борасида белгиланган вазифалар бажарилишини муҳокама қилиш бўйича йиғилиш ўтказилди.
Тадбирни мазкур ташкилот ходимлари ҳамда тилга олинган йўналишдаги чора-тадбирлар амалга оширилишига кўмаклашиш ва жамоатчилик назоратини олиб бориш бўйича тузилган O‘zLiDeP ишчи гуруҳи аъзолари олиб бордилар.
Таклиф қилинган масъул вазирлик ва идоралар вакиллари вазифаларнинг бажарилиши бўйича атрофлича маълумот бердилар.
Хусусан, Самарқанд ва Наманган шаҳарларини “миллионлик шаҳарлар”га айлантириш бўйича ишлар жадал суръатда олиб бориляпти. Олий Мажлис Сенатининг “Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани ва Наманган шаҳрининг Давлатобод тумани, шунингдек Наманган шаҳрининг чегараларини ўзгартириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Самарқанд шаҳри бўйича “Самарқанд вилоятининг Оқдарё, Пастдарғом, Самарқанд, Тойлоқ туманлари ҳамда Самарқанд шаҳри таркибида Қорасув, Суғдиёна, Сиёб, Боғишамол, Мароқанд туманларини ташкил қилиш ҳамда Самарқанд туманини тугатиш тўғрисида”ги қарорлари лойиҳалари ишлаб чиқилиб, кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатаси ва Сенатга тақдим этилган.
Шунингдек, ҳудудларни ривожлантиришнинг бош режаларини ишлаб чиқиш бўйича Туркия, Нидерландия, Беларусь давлатларининг етакчи корхоналари билан қиймати 256 млрд сўмлик шартномалар имзоланди. Шу йили 90 923 та хонадонли 2 012 та қурилажак уйларнинг манзилли рўйхати шакллантирилгани ҳам диққатга молик.
Бугунги кунга қадар “Янги Ўзбекистон” массивларида 6 минг 157 та хонадонли 221 та уй-жой, уй-жойга талаб юқори бўлган ҳудудларда 18 минг 244 та хонадонли 389 та уй-жой фойдаланишга топширилди.
Таъкидланганидек, барпо этилаётган кўп қаватли уйларнинг қаватлилиги ошиб бормоқда. Ўтган йилда қурилган уйларнинг ўртача қаватлилиги 5 қаватни ташкил қилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 7 қаватга тўғри келмоқда. Аҳоли ижтимоий шароити таҳлили одамларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш бугунги куннинг асосий талаби эканини кўрсатяпти.
Жорий йил давомида 32 146 та қурилиш объекти рўйхатдан ўтган бўлиб, уларда 55 321 маротаба назорат ишлари амалга оширилган. Ҳудудий қурилиш назорати инспекциялари томонидан 51 минг 912 та ёзма кўрсатмалар берилиб, 35 минг 992 таси бартараф этилган.
Қурилишда аниқланган қонунбузилишлар натижасида 4 минг 918 нафар (шундан 1 215 та пудратчи, 3 105 та буюртмачи ва 598 та лойиҳа ташкилотлари) мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилган. 1 257 та объектда қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилиб, 395 тасида буздириш ишлари олиб борилган.
Йиғилиш қатнашчилари қайд этганидек, қурилиш ишлари ҳажмининг ошиб бориши билан қонунбузарликлар олдини олиш, сифатли объектларни барпо этиш, қурилган биноларнинг инсонлар учун хавфсиз бўлишини таъминлаш масалалари тобора долзарблашиб боради.
Тадбир якунида партиямиз фаоллари вазирлик ва идоралар билан биргаликда қурилиш соҳасида сифат ва хавфсизликни таъминлаш, аҳоли учун арзон уй-жойлар барпо этилишида узлуксиз жамоатчилик назоратини амалга ошириш ва бошқа ишларни ҳамкорликда ташкил қилишга келишиб олишди.
Бахтиёр РУҲИДДИНОВ,
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия
қўмитаси бўлими мудири, ишчи гуруҳ раҳбари
Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий
30 11 2023 / 18:19