Дастурий мақсадларида тадбиркорларни, ёш бизнесменларни қўллаб-қувватлашни илгари сурган Ўзбекистон Либерал демократик партияси “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” муносабати билан ёшлар ва ёш тадбиркорлар учун “Тадбиркорлар клуби” фаолиятини йўлга қўйди.
Ёшларни тадбиркорлик кўникмалари билан яқиндан таништириб бориш мақсадида ташкил этилган мазкур клубнинг тақдимотида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо-саноат палатаси, Бизнесни ривожлантириш банки вакиллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари ва ёшлар иштирок этди.
– Куни кеча давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди, – деди ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси бўлим мудири Отабек Собитов. – Унда ёшларни, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор мақсад-вазифалар ўз аксини топган. Бу йил олдимизга қўйилаётган вазифалардан келиб чиқиб, “Тадбиркорлар клуби” фаолиятини йўлга қўйдик. Бундан мақсад янги тадбиркорлик синфларини шакллантириш, энди тадбиркорликка кириб келаётган ёшларга йўл-йўриқ кўрсатиш, амалда ўз тажрибасига эга бўлган бизнес вакилларига ҳуқуқий кўмак беришдан иборат. Шунингдек, юртимизда тадбиркорларга тақдим этилаётган эркинликлар, имконият ва имтиёзлар ҳақида ёшларни хабардор қилиш ниятидамиз. Тадбиркорлик субъектларини қийнаётган муаммоларни парламент қуйи палатасидаги фракциямиз аъзолари кўмагида ҳал этишга кўмаклашиш, шу билан бирга, қонунчиликка тегишли таклифлар беришни мақсад қилганмиз.
Учрашувда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Бизнесни ривожлантириш банкининг имкониятлари, ёшларга тақдим этилаётган имтиёзли кредитлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Банк вакили Шерзод Расулов бугунги кунда энди тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ниятидаги фуқароларга кенг имкониятлар мавжудлигини таъкидлаб, бу борада Бизнесни ривожлантириш банки томонидан тақдим этилаётган молиявий инструментлар ҳақида тушунчалар берди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда тадбиркорлар учун божхона тизимида ҳамда солиқ сиёсати йўналишида яратилган имкониятлар ҳақида ҳам атрофлича маълумотлар берилди.
Тадбирда қайд этилганидек, ҳар ойда бир марта клубнинг ана шундай учрашувлари ташкил этилиб, тадбиркорлар фаолиятига оид муҳим масалалар чуқур таҳлил қилинади. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда “Тадбиркорлик минбари” платформасини йўлга қўйиб, тадбиркорларни бир майдонда йиғиш, уларнинг ўзаро фикр алмашишига имконият яратиш ҳақида маълумотлар берилди.
Ёшларни қизиқтирган саволларга тегишли мутасаддилар томонидан жавоблар берилди.
Муҳтарама Комилова, Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА
Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий
01 02 2024 / 14:14