Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун муҳим янгилик



Улашинг :


Кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун муҳим янгилик


not found

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг йиғилишида дастлаб “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига божхона брокери ва халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Бугунги кунда божхона брокерлари фаолияти йўналишда айрим муаммоли ҳолатлар мавжуд. Жумладан, декларациялаш бўйича хизмат кўрсатиш бозорида нақд пул олиш орқали “қора брокерлар” ортиб, ушбу фаолият йўналишида яширин иқтисодиёт улуши тобора ортиб бормоқда. Яъни ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси билан декларацияловчи шахс ўртасида шартнома имзоланмайди ва солиқ органларида ҳисобга олинмайди.

Шунингдек, халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб берувчи тадбиркорлик субъектлари билан ҳам муаммолар бор. Бу эса ўз навбатида, қисқа муддат фаолият (бир кунлик) юритувчи курьерлик ташкилотлари томонидан олиб келинадиган жўнатмаларни ялпи божхона кўригидан ўтказишни бекор қилиш орқали хавфларни бошқариш тизими асосида соддалаштирилган божхона назоратини амалга ошириш имкониятини чекламоқда.

Натижада ноҳалол курьерлик ташкилотлари билан бир қаторда ҳалол курьерлик ташкилотлари ҳам чуқур божхона назоратидан ўтказилмоқда ва жўнатмаларни фуқароларга бир кун ичида (тезкорлик билан) етказиб беришга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Қонун лойиҳаси билан божхона брокери ва халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш фаолиятларини ваколатли органни хабардор этиш асосида ташкил этиш ҳамда божхона брокери ва халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш фаолиятларини ваколатли органни хабардор этмасдан бошлаганлик учун жавобгарлик чораларини белгилаш назарда тутилмоқда.

Қизғин муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг зарурати ва аҳамиятига алоҳида эътибор қаратиб, лойиҳадаги айрим нормалар бўйича қонун ташаббускорларини саволга тутишди. Хусусан, фракция аъзоси Жавлонбек Эргашев божхона брокери сифатида фаолиятни бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақидаги хабарнома бермаганлик учун жарималар миқдори нега 20 баравар этиб белгиланаётгани сабаблари билан қизиқди.

Қонун ташаббускорлари жарималарнинг камроқ миқдорда белгиланаётгани сабабини тушунтирар экан, қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан ўтганлиги, хабардор этмасдан бу билан шуғулланишнинг деярли имконияти йўқлигини айтиб, жамоатчилик фикридан келиб чиққан ҳолда 20 баробар этиб белгиланганлигини қайд этди.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш ва божхона брокери сифатида фаолиятни амалга оширишда мавжуд қоидабузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Йиғилишда “Ўзбeкистон Рeспубликаси Савдо-саноат палатаси фаолиятининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокамалар марказида бўлди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан Савдо-саноат палатасининг кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномаларини жорий этиш, кичик ва ўрта бизнес субъектларини Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига текин аъзо қилиш, унинг ташкилий тузилмасига ўзгартиришлар киритиш, аъзолари манфаатлари йўлида судларга апелляция ва кассация шикоятларини киритиш ҳамда тадбиркорликка оид ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини жалб этишда Палатанинг лойиҳа ҳамкори сифатида жалб этилишига оид нормалар белгиланмоқда.

Фракция аъзоси Ботир Мардаев ушбу қонун лойиҳасининг аҳамиятига тўхталар экан, унинг қабул қилиниши Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиришга, ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини амалга оширишни соддалаштирган ҳолда, маҳаллий тадбиркорларнинг халқаро ишбилармонлик ҳамжамияти билан интеграциялашувини жадаллаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Қизғин савол-жавоблар, узоқ давом этган баҳс-мунозаралардан сўнг депутатлар ҳар иккала қонун лойиҳасини қўллаб-қувватладилар.


Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

12 03 2024 / 10:47