Марказда “Ўзбекистонда экспортбоп ва
ижтимоий аҳамиятга эга мева-сабзавотлар етиштиришда кўчат ва уруғ таъминоти”
мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди
2024 йил
29 март куни Ўзбекистон Тадбиркорлик ва
фермерликни кўллаб-қувватлаш марказининг мажлислар залида “Ўзбекистонда экспортбоп ва ижтимоий
аҳамиятга эга мева-сабзавотлар етиштиришда кўчат ва уруғ таъминоти”
мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра
суҳбатида Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги
ҳузуридаги уруғчиликни ривожлантириш маркази, Қишлоқ хўжалиги экинлари
навларини синаш маркази, “Узстандарт” агентлиги, Халқаро ФАО ташкилотининг Ўзбекистондаги
ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси Экспортни рағбатлантириш агентлиги, Ўзбекистон
фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши экспертлар, шунингдек
тадбиркор ва фермерлик субъектлари вакиллари ва соҳага алоқадор бошқа
ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
Кейинги
йилларда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, аҳолининг озиқ-овқат
хавфсизлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу
саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистонда аграр секторнинг асосий йўналишлари
бўлган экспортбоп ва ижтимоий аҳамиятга эга мева-сабзавотлар етиштириш ҳамда
унга ихтисослашган фермерлик субъектларини сифатли, ҳосилбоп кўчат ва уруғ
таъминлаш бугунги куннинг долзарб масалаларига айланмоқда.
Айтиб
ўтиш жоизки, биргина ўтган йили юртимизда 23 миллион тонна мева-сабзавот
етиштирилиб, озиқ-овқат саноатида 86 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган.
Шунингдек, ҳар йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини қўллаб-қувватлашга
700 млрд сўм, ишлаб чиқаришни кўпайтиришга 1 трлн сўм йўналтирилмоқда. Лекин
натижа шунга яраша эмас. Бу борада 1 млн гектар ғалладан бўшайдиган майдон, 508
минг гектар аҳоли томорқаси, 260 минг гектар одамларга бўлиб берилган ерлар
имкониятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.
Шу
боисдан давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2023 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари
ишлаб чиқариш, қайта ишлашни кенгайтириш ва қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари
тўғрисида”ги (ПҚ–113-сон, 5.04.2023й.) қарори, Вазирлар
Маҳкамасининг “2023-2026 йилларда
ўзбекистон республикасида уруғчилик ва кўчат етиштиришни ривожлантириш миллий
дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги (ВМ-51-сон,2.02.2023й.) қарори, “Республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг
қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги (ПФ-36-сон, 16.02.2024й.)
Фармони ижроси бўйича амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Дастлаб,
йиғилишда жорий йил 18 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ
хўжалиги ва озиқ-овқат саноатида инвестицияларни жалб қилиш ва экспортни
кўпайтириш масалалари юзасидан навбатдаги видеоселектор йиғилишида белгилаб
берилган вазифаларга тўхталиб ўтилди.
Ушбу
масалалардан келиб чиққан ҳолда, давра суҳбатида Ўзбекистон мева-сабзавотчилиги
селекцияси ва уруғчилигининг ҳозирги ҳолати, уруғчилик ва кўчатчиликни таҳлил
қилиш, бирламчи ва нав уруғчилиги йўналишларини ривожлантириш, сертификатлаш
тизимини жорий этиш, муаллифлик ҳуқуқини ҳимоялаш каби долзарб муаммолар қизғин
муҳокамалар марказида бўлди.
Қайд
этиш жоиз, бугунги кунда фермерлар интенсив технологияларни жорий қилаётгани,
корхоналар янги йўналишлар очаётганига қарамай навларга бўлган ҳақ-ҳуқуқларни
ҳимоя қилиш, навлар ва дурагайларни мослаштириш, илгари суриш, юқори сифатли
уруғ ва кўчатларни тижорат мақсадида етиштиришда учраётган муаммоларга ечим
топиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Шу билан
бирга, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилик ва кўчатчилик соҳасида илғор халқаро
тажриба ва илмий асосланган замонавий ресурс тежайдиган ва инновацион
технологияларни қўллаш, дурагайларни яратиш, интенсив соғлом кўчатлар
етиштириш, нав муаллифлари ҳамда илмий-тадқиқот институтларини (нав
оригинаторлари) ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, қишлоқ хўжалиги
маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларни сифатли уруғликлар ва кўчатлар билан
барқарор таъминлаш тизимини яратиш масаласи долзабрлигича қолмоқда.
Шунингдек, йиғилишда соҳада яна бир муҳим йўналишлардан бири юртимиздаги лабораториялар
халқаро стандартларга мос эмаслиги оқибатида ўзбек мева-сабзавотларига ишонч пасайиб
бораётганлиги таъкидлаб ўтилди.
Умуман олганда, йиғилиш давомида уруғ ва кўчат
етиштириш, экспортни ривожлантириш учун қонунчиликни такомиллаштириш борасида
таклиф ва ташаббуслар кўриб чиқилди. Мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспортини
кўпайтиришда экин экишдан бошлаб, маҳсулотни сақлаш, қадоқлаш, қайта ишлаш ва
сотиш каби масалалар юзасидан бир қатор фикр-мулоҳаза, таклиф ва тавсиялар
берилди. Шуниндек, мамлакатимизда уруғ ва кўчатларни импорт қилиш тартиби ва
уларга берилаётган имтиёзлар тўғрисида масъул ходимлари томонидан ахборот бериб
ўтилди.
Сарлавха :
Иқтисодиёт
02 04 2024 / 15:20