
“Янги Ўзбекистонни барпо этишда сиёсий партиялар ролини янада ошириш” мавзусидаги ўқувлар давом этмоқда.
O‘zLiDePнинг республика ижтимоий-сиёсий майдонидаги ролини янада ошириш мақсадида халқ хўжалиги соҳаларидаги кадрлар, хусусан, партиянинг мутахассис-ходимлари, вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари, депутатлик ва жамоатчилик гуруҳлари аъзолари, шунингдек, тадбиркорлик ва фермерлик субъектлари вакиллари иштирокида ўқув семинарлари босқичма-босқич ўтказиб борилмоқда.
Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни кўллаб-қувватлаш марказида “Сиёсий партиялар – жамиятнинг муҳим сиёсий институти: бу борада O‘zLiDePнинг ўрни ва роли” мавзусида ташкил этилган ўқув семинарларида бошланғич партия ташкилотлари вакиллари ҳам иштирок этмоқда.
Машғулотларни O‘zLiDeP ҳузуридаги “Тараққиёт” сиёсий таълим маркази мутахассислари ҳамда бошқа нуфузли олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг тажрибали эксперт-олимлари олиб боришмоқда.
Ўзбекистонда ҳуқуқий-демократик ва ижтимоий давлат қуришда том маънодаги ҳуқуқ устуворлиги, плюрализм ва кўппартиявийлик тизимини шакллантириш мамлакатнинг стратегик тараққиётини белгилаб берувчи омиллардан бири саналади. Давлат бошқарувида “ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати” тамойилига хизмат қиладиган партиялар ўртасида соғлом ва конструктив рақобатни шакллантириш устувор йўналишга айланади. Сиёсий рақобатнинг мумтоз ва замонавий моделларига мурожаат қилиш, ижтимоий трансформация ва модернизация жараёнида сиёсий партияларнинг иштирокини кучайтириш ҳамда ҳокимият ротациясида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш масалаларига эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев: “Ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади. Биз нафақат O‘zLiDeP, балки барча партиялар мисолида ана шундай қудратли, сафарбар этувчи кучни кўришни истаймиз”, дея таъкидлагани бежиз эмас.
Кўппартиявийлик сиёсий партияларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирокини амалга оширишга имкон берувчи муҳитни шакллантириш билан бевосита боғлиқ. Айнан кўппартиявийлик тизимининг мавжуд ҳолати, унинг тараққиёт йўналишлари кўп жиҳатдан сиёсий партияларнинг жамиятдаги мавқеини белгиловчи фактордир. Унинг таҳлили эса Ўзбекистонда сиёсий партияларнинг жамият ҳаётида тутган ўрни қандай бўлиши, қандай йўналишларда ривожланиши мумкинлигини тушуниб олишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташаббуси билан ўтказилаётган туркум ўқув-семинарларида Янги Ўзбекистонда янгиланиш ва тараққиёт омиллари, жамиятимизнинг янги қиёфасини яратиш, эркин ва кучли иқтисодиётнинг муҳим шарти ва гарови, қонун ва адолат устуворлигини таъминлашда сиёсий партияларнинг, хусусан, O‘zLiDePнинг ўрни ва роли қандай бўлиши кераклиги ва бошқа масалаларга эътибор қаратилмоқда.
Машғулотлар давомида Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти шаклланиши, аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ижтимоий интеграциялашувда сиёсий партиялар иштирокини кенгайтириш ҳамда партиялараро рақобатни ривожлантиришга қаратилган бир қанча таклиф ва тавсиялар илгари сурилмоқда.
Биринчидан, бугунги кунда сиёсий партияларни давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги долзарб ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий масалалар борасида доимий изланишлар олиб борадиган, аҳолини (электоратни) қийнаётган муаммолар ечимлари юзасидан аниқ ва манзилли дастурлар ишлаб чиқадиган, давлат бошқарув органлари устидан жамоатчилик назорати ва ижтимоий ҳамкорлик ўрнатадиган “ақл фабрика”ларига айлантириш зарурати мавжуд.
Иккинчидан, Ўзбекистонда фаолият олиб бораёнган сиёсий партияларни вакиллик демократияси институтига айлантириш учун, энг аввало, уларнинг иш самарадорлигини ошириш, электорат билан ишлашда янги, XXI асрга хос инновацион ижтимоий механизмларни қўллаш ҳамда партиялараро соғлом рақобат муҳитини яратиш лозим.
Учинчидан, давлат ва жамият ижтимоий-сиёсий тизими шаффофлиги ва легитимлигини таъминлаш, аввало, хилма-хиллик муҳитини яратиш ҳамда сиёсий плюрализмга ҳам боғлиқдир. Партиялараро рақобат ва фракциялараро кураш механизмларини янада такомиллаштириш талаб этилади. Таъкидлаш лозимки, кўппартиявийлик тизими ўз-ўзи билан демократияни ёки рақобат муҳитини яратмайди.
Тўртинчидан, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси асосида илгари сурилаётган улкан ислоҳотларнинг қай даражада муваффақиятли кечиши ушбу йилда мамлакатимизда кутилаётган парламент ҳамда маҳаллий вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловларга кўп жиҳатдан боғлиқдир. Таъкидлаш лозимки, бугун Ўзбекистонга том маънодаги демократик сайловлар, демократик партиялар ва демократик парламент жуда зарур.
O‘zLiDeP матбуот хизмати
Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий
19 06 2024 / 17:01