ЯНГИ ТАХРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ ЯНА
Америкалик сиёсатчи, давлат
арбоби Бенжамин Франклиннинг шундай гапи бор: “Дунёда ҳеч нарса солиқ ва ўлим
каби муқаррар эмас”.
Хўш, бу гапда жон борми?
Умуман Ўзбекистоннинг солиқ сиёсати ҳақида фикрингиз қандай? Сизнингча,
мамлакатимизда солиқчилик соҳасида нималарни ўзгартириш керак?
Ҳозирда ҳар қандай
мамлакатнинг солиқ тизими нафақат давлат молиявий тизимининг таркибий қисми,
балки шу билан бирга иқтисодий тартибга солиш умумий тизимининг ҳам энг муҳим
бўғини ҳисобланади.
Солиқ соҳасида республикада
амалга оширилаётган ислоҳотлар кўпгина мунозараларга сабаб бўлмоқда. Мавжуд
муаммолар, уларнинг ечимлари, тизимни модернизациялаш масалалари, жаҳон солиқ
амалиётидаги илғор тажрибаларни ўзаро муҳокама қилиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур омилларни ҳисобга
олган ҳолда, жорий йил июнь ойида Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни
қўллаб-қувватлаш марказида ўтказилган “Тадбиркорлар билан мулоқот” форуми
лойиҳаси доирасида “Ўзбекистон Республикаси янги таҳрирдаги Солиқ кодекси бўйича
амалиётда учраётган масалалар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда O‘zLiDePнинг Олий
Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлари, Ўзбекистон менежерлар уюшмаси,
Бизнес-Омбудсман, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат солиқ қўмитаси, Адлия
ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирликлари, Ўзбекистон Иқтисодиёт ассамблеяси,
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Адвокатлар палатаси
экспертлари, қолаверса, соҳага оид бошқа ташкилотларнинг вакиллари иштирок
этишди.
Мулоқотда парламент қуйи палатаси
депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Эмма Аслонова сўзга чиқиб, мамлакатимизда
солиқ тизимини ислоҳ қилиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, унинг самараси
ҳақида тўхталиб, Солиқ кодексини ҳаммага бирдек тушунарли бўлиши учун янада
соддалаштириш, инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари
ҳимоясини кучайтириш, шунингдек, солиқ назорати механизмларини такомиллаштириш
борасида ўз кузатув ва таклиф-мулоҳазаларини билдирди.
Давлат солиқ қўмитасининг
масъул ходими Исматилла Севинчов сўзларига кўра, эндиликда товар айланмаси
1 млрд сўмгача бўлган кичик корхоналар учун алоҳида солиқ режими сақлаб
қолиниб, айрим турдаги товарлар билан савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимлар
(алкоголли маҳсулотлар) ва ер қаъридан фойдаланувчилар учун имтиёзлар Солиқ
кодексидан чиқариб ташланмоқда.
Шунингдек, давра суҳбатида
мутасадди ташкилотларнинг қонунга хилоф қўшимча солиқлар ҳисоблаши, молиявий
санкциялар қўллаши ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан ортиқча тўланган
солиқлар ўз вақтида қайтарилмагани учун жавобгарликни кучайтирилиши лозимлиги
бўйича кодексга қўшимчалар киритиш борасида ҳам тўхталиб ўтилди.
– Бож ундирувчи давлат
органлари билан солиқ тўловчиларнинг ўзаро муносабатлари жаҳон тажрибасидан
келиб чиқиб, янада яхшиланиши лозим, – деди Ўзбекистон менежерлар уюшмаси раиси
Алишер Шайхов. – Бу йўлда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг
жорий этиш, тизимда инсон омилини камайтириш, ҚҚСни такомиллаштириш, фойда
солиғини тартибга солишга оид ўзгартиришлар киритиш, харажатларнинг “иқтисодий
асосланганлиги” тўғрисидаги ноаниқликларни чиқариб ташлаш лозим.
“Финекс” аудиторлик
компанияси директори Борис Фроянченко фикрига кўра, солиқ органлари ҳамда солиқ
тўловчилар ўртасидаги бевосита шерикликни амалда йўлга қўйиш ва доимий
такомиллаштириб бориш зарур. Зеро, ушбу шерикликнинг шаффоф тарзда йўлга
қўйилмаганлиги сабабли, солиқ тўловчиларнинг манфаатлари ва ҳуқуқлари
эътибордан четда қолиши мумкин. Жумладан, ўлпон тўловчилар тадбиркорлик
субъектлари ваколатли давлат органлари (Давлат солиқ қўмитаси, Иқтисодиёт ва
молия вазирлиги ва б.)дан солиқ муносабатлари юзасидан мунтазам тушунтириш
ҳамда изоҳлар сўраб туришади.
Бизнес-Омбудсман вакил
девони етакчи инспектори Эркин Султановнинг айтишича, солиқ кодексининг
2893-моддаси биринчи қисмида хушбўйлантирувчи
ёки ранг берувчи қўшимчаларсиз оқ шакарга Солиқ ставкаси 20 фоиз қўлланилиши
белгиланган. Шу сабабли, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи маҳаллий
корхоналар томонидан импорт асосида харид қилинган шакар маҳсулоти учун акциз
солиғи 20 фоиз тўлаб келинмоқда.
Маҳаллий қандолат ишлаб
чиқарувчиларга шакар импорти учун акциз солиғи қўлланилган бўлса-да, лекин
импорт қилинаётган қандолат маҳсулотларига акциз солиғи мавжуд эмаслиги боис
маҳаллий қандолат маҳсулотлари таннархи ошмоқда. Қолаверса, бу корхоналарнинг
молиявий имкониятига, тўлиқ қувватда ишлашига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу эса
маҳаллий қандолат ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг кўп қисми иш фаолиятини
тўхташига олиб келиши мумкин.
Эксперт таклифига кўра:
– қандолат маҳсулотлари
ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар томонидан импорт асосида харид қилинган
шакар маҳсулоти учун акциз солиғи тўловини бекор қилиш;
– импорт қилинаётган
қандолат маҳсулотларига акциз солиғини жорий қилиш;
– ҳар бир килограмми 20 АҚШ
долларигача бўлган қандолат маҳсулотлари импорт қилинаётганда улар учун солиқ
имтиёзлари қўлламаслиги лозим.
Давра суҳбатида ушбу
таклифлар инобатга олиниб, тегишли ҳужжатларга ўзгартириш киритилган тақдирда
қуйидаги ижобий натижаларга эришиш мумкинлиги эътироф қилинди:
– ўрта ҳолдаги маҳаллий
қандолат ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг кўп қисми сақлаб қолинади;
– иш ўринлари кўпайиб, ишлаб
чиқарувчилар фаолияти кенгаяди;
– корхоналарнинг тўлиқ
қувватда ишлашига замин яратилади;
– маҳаллий қандолат
маҳсулотлари таннархи арзонлашига эришилади;
– қандолат маҳсулотлари
импорти учун йилига сарфланадиган 50-60 миллион АҚШ долларига тенг маблағ
қисман камайишига эришилади.
Маълумки, Солиқ кодексининг
429-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ, қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган
ерларнинг солиқ ставкалари қишлоқ хўжалиги экинзорларининг норматив қийматига
нисбатан 0,95 фоиз миқдорда белгиланган. Ушбу модданинг ўн биринчи қисмида,
шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг маъмурий чегараларида жойлашган қишлоқ хўжалигига
мўлжалланган ерларга тумандаги ерларга белгиланган солиқ ставкаларининг икки
баравари миқдорида солиқ тўланиши қайд этилган. Бу эса бир-бирига қўшни бўлган
ҳудудларда фаолият юритаётган фермер ва деҳқон хўжаликларининг эътирозларига
сабаб бўлмоқда.
Жумладан, 2022 йил учун
Фарғона туманида жойлашган “Лоғон Чингизбек замини” фермер хўжалигининг 23,5
гектар ер майдонига 9 миллион 700 минг сўм, “Zohidov Farxodjon zamini” фермер
хўжалигининг 10,6 гектар ер майдонига 3 миллион 100 минг сўм ер солиғи
ҳисобланган.
Ўз навбатида, мазкур фермер
хўжаликларига чегарадош бўлган Қувасой шаҳрида жойлашган “Fayz Sirojiddin
bog‘i” кўп тармоқли фермер хўжалигининг 17,2 гектар ер майдонига 17 миллион 300
минг сўм, “Аҳмадшоҳ Акбар боғи файз” фермер хўжалигининг 41,1 гектар ер
майдонига 39 миллион 900 минг сўм ер солиғи ҳисобланган.
Шунингдек, Марғилон шаҳрига
янги ўтказилган ҳудудда жойлашган 2 гектар деҳқон хўжалигига 2022 йил учун 84
миллион 600 минг сўм ер солиғи ҳисобланган. Тадбиркорлар шу каби муаммоларни
бартараф этиш мақсадида:
– Солиқ кодексининг
429-моддаси 11-қисмига ўзгартириш киритиш;
– вилоят маркази бўлмаган
шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг маъмурий чегараларида жойлашган қишлоқ хўжалигига
мўлжалланган ерлардан фойдаланувчилар учун солиқ ставкаларини туманлар билан
бир хил, яъни қишлоқ хўжалиги экинзорларининг норматив қийматига нисбатан 0,95
фоиз миқдорда белгилаш;
– Олий Мажлис палаталарининг
қарорларига асосан туманлардан шаҳарлар ҳудудига қўшилган қишлоқ хўжалиги
ерлари учун солиқ ҳисоблашни тартибга солиш;
– шаҳарлар ҳудудига қўшилган
қишлоқ хўжалиги ерлари учун сўнгги 3 йил давомида нотурар жой сифатида
ҳисобланган солиқларни қайта ҳисоб-китоб қилиб, солиқларнинг ортиқча
ундирилган қисмини ердан фойдаланувчиларнинг келгуси солиқ тўловларига аванс
сифатида белгилаш каби таклифларни ўртага ташладилар.
Шунингдек, ишбилармонлик
соҳаси вакиллари амалиётда юзага келадиган низо ва муаммоларни кўриб чиқиш учун
мустақил ва холис жамоатчилик гуруҳи, масалан, экспертлар кенгаши ташкил қилиш
зарур, деб ҳисоблайди. Ушбу кенгаш таркибига таниқли экспертлар (солиқ маслаҳатчилари
ва аудиторлари) ҳамда ваколатли идораларнинг (Солиқ қўмитаси, Молия ва Адлия
вазирликлари ва б.) масъуллари киритилиши керак. Солиқ амалиёти масалаларини
кўриб чиқиш бўйича Экспертлар кенгаши томонидан билдирилган хулосаларини
тегишли ташкилот ва муассасаларга фикр-мулоҳаза ҳамда таклифлар шаклида киритиб
бориши мақсадга мувофиқдир.
Шунингдек, давра суҳбати
иштирокчилари:
– ихтиёрий солиқ
тўловчиларни рағбатлантириш, яъни виждонли солиқ тўловчилар учун солиқ
имтиёзлари ёки соддалаштирилган ҳисобот тартиб-қоидалари каби солиққа оид
рағбатлантириш дастурларини ишлаб чиқиш;
– солиқ санкция (жазо)ларини
қўллашда дастлабки қоидабузарлик содир этилган(билмаслик ёки бошқа ҳолатлар
туфайли)лиги учун жазо чораси расмий огоҳлантириш ва тушунтириш шаклида бўлиши,
иккинчи ёки такрорий ҳуқуқбузарликлар учун жазо чораси сезиларли даражада
оширилиб борилиши, жумладан, катта миқдордаги жаримадан то тадбиркорлик
фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилишгача бўлган бошқа таъсир
чоралари кўрилишига доир фикр-мулоҳазалар ва таклифларни ўртага ташлади.
Давра суҳбати якунида
экспертлар томонидан билдирилган фикрлар, илгари сурилган таклифлар келгусида
қонун ижодкорлари томонидан инобатга олинса айни муддао бўлиши эътироф этилди.
Акром АЛИМОВ,
Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни
қўллаб-қувватлаш маркази директори
Сарлавха :
Иқтисодиёт
19 07 2024 / 10:32