
Жорий йилнинг 1 апрель куни Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича жаҳондаги етакчи компаниялардан бири бўлган Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида шамол электр станцияси қуришни бошлади.
Мазкур улкан иншоотга тамал тоши қўйиш маросимида Бухоро шаҳридаги студиядан видеоконференция орқали Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, “Masdar” компанияси Бош директори Муҳаммад Жамил ал-Рамаҳий, Энергетика вазирлиги ва «Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари» АЖ раҳбарияти иштирок этди. Тадбир давомида, шунингдек, БАА энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл бин Муҳаммад ал-Мазруий ҳамда саноат ва илғор технологиялар вазири Султон ал-Жаббор ҳам иштирокчиларга мурожаат йўллади.
Анжуман доирасида “Masdar” компанияси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ўртасида қурилаётган электр станциясининг лойиҳавий қувватини 500 МВтдан 1,5 ГВтгача ошириш бўйича битим имзоланди.
С.Умурзоқов ўз чиқишида “Masdar” Ўзбекистон ва БААни боғловчи мустаҳкам кўприкка айланади ва ушбу лойиҳа орқали БААнинг бошқа кўплаб компаниялари фаолият олиб бориш учун мамлакатимизга кириб келади», дея ишонч билдирди.
Маросимда сўзга чиққан Муҳаммад ал-Рамаҳий «Биз бугун шунчаки бир янги лойиҳани амалга ошираётганимиз йўқ, балки Ўзбекистоннинг тоза энергия соҳасидаги мақсадларини рўёбга чиқаришда кўмаклашиш бўйича ҳам сезиларли ютуқларга эришдик. Шамол энергетикаси йўналишида дунё пешақадами сифатида "Мasdar” Ўзбекистоннинг кам углеродли энергетикага ўтиш стратегиясини қўллаб-қувватлаётгани ва мамлакат ҳукумати билан барқарор ривожланишни таъминлаш борасида ҳамкорликни мустаҳкамлаётганидан фахрланади», – дея таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили “Masdar” компанияси билан Ўзбекистон Ҳукумати ўртасида Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида 500 МВт қувватга эга Марказий Осиёдаги энг йирик шамол электр станцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қуриш, мазкур иншоотдан фойдаланиш бўйича икки томонлама битим имзоланган. Станция компаниянинг муқобил энергетика соҳасида минтақадаги иккинчи лойиҳасидир.
Дастлаб 600 миллион долларга баҳоланган лойиҳа кенгайтирилгандан сўнг қарийб 1,8 миллиард доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияни жалб этиши кутилмоқда.
Лойиҳа қуввати 1,5 ГВтга оширилиши келгусида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган шамол электр энергияси миқдорини 3 ГВтга етказиш ва муқобил энергия манбасининг мамлакат умумий энергия балансидаги улушини 26 фоизга етказиш мақсадига эришиш имконини беради.
Зарафшон шаҳридаги шамол электр станцияси 2024 йил охиригача тижорий фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Аввалига 500 МВт қувватга эга ушбу лойиҳа 500000 хонадонга етарли ҳажмда электр энергияси ишлаб чиқаришни, атмосферага чиқаётган карбонат ангидрид чиқиндисини йилига 1,1 миллион тоннага камайтиришни таъминлаши кўзда тутилган эди. Эндиликда бу рақамлар мос равишда ўсиб, электр билан таъминланадиган хонадонлар сони 1,5 миллионга етади. Пировард натижада ҳозир ҳосил бўлаётган карбонат ангидрид миқдори 3,3 миллион тоннага камайиб, ҳаво мусаффолиги даражаси кескин ошади.
Маълумот ўрнида: Абу-Даби Ҳукуматининг «Мубадала Investment Company” инвестициявий холдинг шўба компанияси – “Masdar” томонидан амалга оширилган инвестиция лойиҳалари портфели қайта тикланадиган манбалардан 4000 МВтдан кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқариш учун ўрнатилган ускуналарни ўз ичига олади. Бугунги кунда корхона БААдан ташқари яна 30 дан ортиқ мамлакатда, жумладан, Иордания, Саудия Арабистони, Мавритания, Миср, Марокаш, Буюк Британия, АҚШ, Австралия, Испания, Сербия, Ҳиндистон, Индонезия ва Ўзбекистонда фаолият кўрсатмоқда.
https://www.uza.uz/uz/posts/masdar-kompaniyasi-bilan-navbatdagi-bitim-imzolandi_254029
Сарлавха :
Иқтисодиёт
02 04 2021 / 13:02