Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни
қўллаб-қувватлаш марказида Жанубий Корея делегацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2024 йилнинг 9 август куни Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни
қўллаб-қувватлаш марказида Корея Республикасининг “Самсунг-Холдинг”, “СтарБанк"
ва "Си-Джи-Cо консалтинг" компаниялари вакиллари билан учрашув
ўтказилди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида етиштирилаётган мева-чева, полиз
ва озиқ-овқат маҳуслотларини Жанубий Кореяга, шунинг бошқа хорижий давлатларга
экспорт қилиш учун ягона рақамли савдо-сотиқ порталини яратиш ва яқин келажакда
йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик масалалари ҳамда кореялик мутахассислар томонидан
ишлаб чиқилган замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонда янги
лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Корея делегацияси вакилларининг фикрича, ушбу рақамли технологиялар бўйича инновацион
лойиҳаларни Ўзбекистонда жорий қилиш Ўзбекистон фермер хўжаликлари ва хўжалик
юритувчи субъектлар томонидан хорижий давлатларга экспорт қилиш мева-сабзавот,
экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари учун ягона савдоси платформасини яратиш катта
самара беради. Дастлаб, Жанубий Кореядан денгиз йўли билан, кейинчалик
Россиянинг Владивосток шаҳри орқали Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа
мамлакатларига логистика йўналишларини яратиш имкониятлари ҳам муҳокама
қилинди. Бу минтақа давлатлари ўртасида савдо-сотиқ бўйича ҳамкорликни
ривожлантириш, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларини янада самарали ташиш ва
сақлаш имконини яратади.
Ўз навбатида, кореялик ҳамкорлар томонидан таклиф этилаётган технологиялар
мамлакатимизнинг ишбилармон доиралари вакилларида ҳам катта қизиқиш уйғотиб,
Республиканинг ишбилармонлик муҳити салоҳияти юксалиб бораётгани, Ўзбекистон ва
Корея Республикаси ўртасидаги инновациялар ва яшил технологиялар соҳасидаги
ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва
иқлим ўзгариши вазирлиги вакиллари ҳам иштирок этиб, Корея томонининг
Ўзбекистондаги экологик вазиятни яхшилашга ёрдам бериши мумкин бўлган ва таклиф
этаётган лойиҳаларига қизиқиш билдиришди. Улар турли хилдаги чиқиндиларни қайта
ишлаш ва бу билан атроф-муҳит, ҳаво ифлосланишини камайтириш, шунингдек,
мамлакатда энергия самарадорлигини ошириш стратегиясининг бир қисми сифатида
ушбу технологияни жорий этиш имкониятларини кўриб чиқишга тайёр эканликларини
билдирдилар.
Мутахассисларнинг фикрича, ушбу лойиҳанинг асосий элементи чиқиндиларни
механик саралаш ва қайта ишлаш ҳисобланади. Чиқиндиларни замонавий
технологиялар асосида механик саралаш кейинчалик уларни саноат даражасида қайта
ишлаш учун самарали ажратиш имконини беради. Бундан ташқари, органик
чиқиндиларни иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган
биогаз сифатида қайта ишлаш имконини беради. Бу нафақат табиий чиқиндилар
ҳажмини камайтириш, балки қайта тикланиши мумкин бўлган манбалардан тоза
энергия ишлаб чиқариш имкониятини яратади. Ушбу пилот лойиҳаларни амалга ошириш
мақсадида Тошкент вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида махсус ер
майдонлари ажратилиб, яқин кунларда қурилиш ишларини бошлаш режалаштирилган.
Умуман олганда, Ўзбекистон ва Корея делегациялари ўртасидаги икки томонлама
музокаралар илиқ ва дўстона руҳда бўлиб ўтди. Бу ўз навбатида Ўзбекистон
Республикаси ва Жанубий Корея ўртасида “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш,
хусусан ҳар хил турдаги чиқиндиларни қайта ишлашда замонавий технологияларни
жорий этиш учун дастурул-амал бўлиб хизмат қилади.
Ж.Нематиллаев,
Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни
қўллаб-қувватлаш
маркази бош мутахассиси
Сарлавха :
Иқтисодиёт
10 08 2024 / 18:52