Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Узумчилик – кеча ва бугун



Улашинг :


Узумчилик – кеча ва бугун

Саховатли юртимиз азалдан серҳосил узумзорлари билан машҳур бўлган.

Тарихга мурожаат қиладиган бўлсак, геопалентологик ва ампелографик тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, узумчилик билан аждодларимиз 6 минг йил аввал шуғулланган. Улар узумзорлар ташкил қилибгина қолмай, балки ўша даврлардаёқ узумни қайта ишлаган.

Қадимги Зардуштийлик динининг муқаддас китоби “Авесто”да ҳам деҳқончилик маданиятининг шаклланиши ва ривожланиши суғорма деҳқончиликка асосланганлиги, бошқа экинлар ва мевалар қатори узумчиликка ҳам катта эътибор берилганлигини кўришимиз мумкин.

Қадимги “Тупроққалъа”дан топилган археологик топилмалар-хумхона, эгасининг номи битилмаган тоштахта-тарапанлар – узумни сувини чиқаришга мосланган идиш, узун жўмракли кўплаб катта ва кичик кўзалар, ён юзаси безатилган мустахора сопол идишлар, қисман сақланиб қолган узум тераётган аёл сурати бу соҳанинг ўз даврида эътиборга молик бўлганлигидан далолат беради.

Бугун мамлакатимизда соҳа ривожига қаратилаётган эътибор ўз маҳсулини бермоқда, десак асло муболаға бўлмайди. Мустақиллик йилларида 30-40 минг гектардан ортиқ, асосан лалми ва фойдаланишдан чиққан ер майдонларда янги токзорлар барпо этилди. Таъкидлаш керак, кейинги 3-4 йил соҳа ривожи учун жуда самарали келди. Ўтган 2020 йилнинг ўзидагина республикамизда фермер хўжаликлари ва бошқа корхоналар томонидан 22,6 минг гектар майдонда янги токзорлар барпо этилди. Шунингдек, 4,3 минг гектар майдондаги токзорлар реконструкция қилинди.

Жорий йилда эса республикамизнинг лалми ва фойдаланишдан чиққан 40 минг гектардан ортиқ майдонларда янги токзорлар барпо этилиб, 6,2 минг гектар майдондаги эски иқтисодий самарасиз токзорлар реконструкция қилинади.

Кейинги йилларда мамлакатимизнинг соҳага тааллуқли илмий-тадқиқот муассасалари томонидан маҳаллий шароитга мос, ҳосилдор, юқори сифатли маҳсулот етиштириш имконини берувчи “Қора гўзал”, “Ризамат”, “Кишмиш вира”, “Кишмиш Сўғдиёна”, “Кишмиш Хишрау”, “Тарнау” ва бошқа хўраки-кишмишбоп навлар, “Ўзбекистон мускати”, “Рангдор”, “Олтиндай” навли техник узум навлари яратилди. Бу навлар ҳозирги кунда соҳибкорларимиз томонидан катта майдонларда етиштирилмоқда.

Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА


Сарлавха :
Иқтисодиёт

02 04 2021 / 13:16