Олий Мажлис
ҳузуридаги ННТларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Ўзбекистонда хорижий грантлар
тўхтатилишидан жабр кўрган ташкилотларни қўллаб-қувватлашга тайёр. Жамғарма
раҳбари бу ҳақда АҚШнинг янги маъмурияти USAIDнинг хорижий ёрдамини тўхтатгани
ҳақидаги хабарлар фонида маълум қилди.
Ўзбекистонда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек,
хорижий грантлар олувчилар молиявий қийинчиликларга дуч келмайди. Бу ҳақда Олий
Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик
жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди директори Отабек
Ҳусанов маълум қилди.
У Sevimli телеканалига берган интервьюсида маълум
қилишича, АҚШнинг янги маъмурияти USAID (АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги) грант
дастурларини молиялаштиришни «музлатиб қўйгани» оқибатида Ўзбекистондаги бир
қатор фуқаролик жамияти институтларининг лойиҳалари тўхтаб қолган.
«Биз уларни
олдин ҳам, ҳозир ҳам, келгусида ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлашга, лойиҳаларини
давом эттириш учун зарур барча имконият, шарт-шароитларни яратишга тайёрмиз. Шу билан бирга, 2025 йилда
хорижий грантлар билан муаммо бўлаётган бўлса, қўшимча равишда молиялаштиришга
тайёрмиз. Мен барча нодавлат нотижорат ташкилотларини фондимиз томонидан эълон
қилинаётган давлат грантлари, давлат ижтимоий буюртмаларида фаол иштирок этишга
чорлаб қоламан», — деди Хусанов.
Иккинчи президентлик муддатининг биринчи куни, 20
январда Дональд Трамп ўнлаб ҳужжатлар қаторида ташқи ёрдамни 90 кунга музлатиб
қўйиш ва уни тақдим этиш тамойилларини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги
фармонни имзолади. 1 февраль куни USAID сайти ёпилди, 3 февралда эса Оқ уй сайтида USAID
«исрофгарчилик ва суиистеъмолликда» айбланган баёнот пайдо бўлди. Бироқ унда келтирилган «далиллар» — жумладан, беш
марта Daily Mail мақоласига (бу нашр кўпинча ишончсиз материаллари
билан танилган) ва Breitbart (нотўғри
маълумотлар тарқатадиган ультра ўнг
нашр) сайтига берилган ҳаволалар — нуфузли ОАВ томонидан дарҳол шубҳа
остига олинди.
Аввалроқ «Газета.uz» USAIDнинг Ўзбекистондаги собиқ
юқори лавозимли амалдори билан суҳбатни эълон қилган эди. Ташкилотнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлиги 1993 йилда бошланган. Ўшандан бери
USAID мамлакатдаги миллионлаб фуқароларнинг ҳаётини яхшилашга қаратилган
саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун қарийб 600 миллион доллар сармоя
киритган.
«газета.uz»дан олинди.
Сарлавха :
Иқтисодиёт
03 03 2025 / 10:18