«Молия мутахассислари форуми – 2025»да Ўзбекистондаги молия соҳаси касблари келажаги муҳокама қилинди
Жорий 28 февраль куни Тошкентда
ЎзЛиДеП Ижроия қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон сертификатланган
молия мутахассислари уюшмаси (ACFP) ташаббуси билан Молия соҳасидаги мутахассислар
форуми бўлиб ўтди, унда молия-иқтисодиёт соҳасидаги мутахассисларнинг касбий
малака тизимини ривожлантириш бўйича ЎзЛиДеП сиёсати концепцияси тақдим этилди.
Концепциянинг
асосий мақсади халқаро профессионал маконга интеграциялашган молия соҳасидаги
мутахассисларни тайёрлаш, баҳолаш ва сертификатлашнинг комплекс миллий тизимини
яратишдан иборат. Бу миллий сертификатлар халқаро ташкилотлар томонидан,
халқаро малакалар эса миллий тизим томонидан эътироф этилганда малакаларнинг
ўзаро тан олинишини таъминлаш имконини беради.
"Бугунги
кунда иқтисодиёт, айниқса, иккита тоифадаги молия соҳасидаги мутахассисларга –
микро- ва кичик бизнес учун аутсорсинг бўйича мутахассисларга, шунингдек, ўрта
ва йирик бизнес учун юқори малакали кадрларга эҳтиёж сезмоқда," - дея
таъкидлади ЎзЛиДеП вакиллари Концепция тақдимоти чоғида.
Форумда
профессионал стандартларни янгилаш, таълим тизимини модернизация қилиш ва молия
соҳасидаги мутахассисларни сертификатлашнинг самарали тизимини яратиш
масалалари муҳокама қилинди. Халқаро интеграциялашувга ва Ўзбекистон
малакаларининг тан олинишига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда
вазирликлар, халқаро профессионал ташкилотлар, мамлакатнинг етакчи олий ўқув
юртлари ва таълим марказлари вакиллари иштирок этди.
Форум
доирасида миллий сертификатлаштириш ва профессионал таълим тизимини
ривожлантириш масалалари бўйича муҳокамалар ҳам бўлиб ўтди. Экспертлар халқаро
малака дастурларини жорий этиш ва мутахассисларни кўп тилли тайёрлаш бўйича ўз
тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
ЎзЛиДеП
молия соҳасидаги касбларни ривожлантириш юзасидан тизимли ўзгаришлар
ташаббускори ролини ўз зиммасига олмоқда. Партия қонунчилик базасини комплекс
янгилаш ташаббуси билан чиқмоқда, профессионал ва таълим стандартларини
модернизация қилишга, профессионал сертификатлашнинг самарали тизимини яратишга
кўмаклашади.
Форум
Ўзбекистонда молия соҳасидаги касбларни ривожлантиришда муҳим босқич бўлди ва
барча манфаатдор томонлар ўртасида янада конструктив мулоқот учун замин яратди.
Сарлавха :
Иқтисодиёт
04 03 2025 / 12:29