Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Нодавлат нотижорат ташкилотларининг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимояси кучайтирилади



Улашинг :


Нодавлат нотижорат ташкилотларининг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимояси кучайтирилади



not found
not found
not found

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида Президентимиз раислигида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида илгари сурилган ташаббуслар хусусида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, коррупция нафақат ислоҳотлар самарадорлигига тўсиқ бўлмоқда, балки ҳокимият ва давлатга ҳам ишончсизлик келтириб чиқаряпти. Сўнгги йилларда бу иллатга қарши курашиш бўйича қонунлар қабул қилиниб, янги тизим яратилди. Жамиятда коррупция муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ тизим ва муҳит яратилди.

Фракция аъзолари давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар хусусида тўхталар экан, тарбияга алоҳида эътибор бериш, жумладан, мактабларда “Тарбия” фани доирасида ўғил-қизларимизга ҳалоллик, бировни ҳақига хиёнат қилмаслик каби эзгу ғояларни содда тилда тушунтириб бориши кераклиги бежиз таъкидланмаганини қайд этдилар.

– Болаликдан бировнинг ҳаққидан қўрқишни ўргатиш – аждодлар ўгити ва бу масаланинг фундаментал ечими, – деди фракция раҳбари Алишер Қодиров.

Йиғилишда кун тартибига киритилган бир қатор қонун лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди. Айниқса, фракция ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги ва “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунларга ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Солиқ кодексларига бир қатор қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда.

Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг Конституция ва қонунчиликда белгиланган фаолият эркинлиги кафолатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида уларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун давлат органларининг мансабдор шахсларига маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Фракция аъзоси Нодир Тилаволдиев мазкур қонун лойиҳасининг аҳамиятига тўхталиб, унда назарда тутилаётган янгиликлар ҳақида батафсил тушунтиришлар бериб ўтди.

Депутатнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши нодавлат нотижорат ташкилотларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, уларнинг фаолият эркинлиги кафолатларини ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.

Мунозаралар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, ҳужжатдаги айрим нормалар бўйича бир қатор таклифлар беришди. Ушбу таклифлар лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш ва такомилига етказиш жараёнида инобатга олинадиган бўлди.

Савол-жавоблар ва муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.





Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

12 03 2025 / 17:26