“ItecaExhibitions”
халқаро кўргазма компанияси ҳамда “ICA Eurasia Group” ҳамкорлигида ташкил
этилган ушбу тадбирда 30 мамлакатдан 400 дан ортиқ компания томонидан
озиқ-овқат ва қайта ишлаш саноати, қадоқлаш ва сақлаш учун энг янги ускуналар
ва технологиялар, озиқ-овқат ва ичимликларнинг кенг ассортименти тақдим
этилмоқда.
Ушбу кўргазмани
ўтказишдан асосий мақсад юртимизда амалга оширилаётган давлат дастурлари
ижросини таъминлашдир. Яъни, бу аҳолини сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш,
замонавий технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришни ривожлантириш
ва экспорт салоҳиятини ошириш билан боғлиқ.
“Ўзэкспомарказ”нинг барча кўргазма майдонларида
намойиш тақдимотларини ўтказиш маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги ҳамкорлар
топиш, инновацияларни жорий этиш ва экспорт имкониятларини кенгайтиришда муҳим
аҳамият касб этади. Унда замонавий ускуналар, қадоқлаш, ингредиентлар ва ишлаб
чиқариш технологиялари томошабинлар эътиборига ҳавола этилмоқда.
Тошкентдаги “Golden
pages” компаниясининг вакили Абдулазиз Мамасолиевнинг таъкидлашича, мазкур
корхона мамлакатимизда ташкил этиладиган барча кўргазманинг иштирокчиси
ҳисобланади.
– “Golden pages”
компаниясининг бизнес маълумотномаси тадбиркорларга товар ва хизматлар бозорида
самарали ҳаракатланиш, шунингдек, ўз тижорат таклифларини маҳаллий ва хорижий
компанияларга тақдим этиш имконини яратади. Лойиҳа доирасида бизнес
соҳасини кенгайтириш мақсадида компания хорижий давлатларнинг ахборот тизимлари
билан маълумот алмашишни йўлга қўйган. Маҳсулотлар ва хизматлар тўғрисидаги
маълумотларни чет эл тадбиркорларига тақдим этиш орқали маҳаллий корхоналарнинг
бозордаги мавқеини мустаҳкамлаш, инвестор ва ҳамкорларни жалб қилиш имконияти
яратилади. Маълумотлар базамизда 34 мингдан зиёд Ўзбекистон компанияси ҳақида
ахборотлар жамланган. Ҳар йили биз "Маълумотнома" китобини чоп
эттириб, ишлаб чиқарувчиларга тарқатамиз, – деди А. Мамасолиев.
Туркиянинг "Düzdaş" компанияси маҳсулотлари ҳам
ушбу кўргазмада намойиш этилмоқда. Мазкур корхона технологи Муҳаммед Али
Ўзбекистон ота юрти экани ва унинг иқтисодий ривожига ҳисса қўшиш мақсадида
мазкур тадбирда иштирок этаётганини таъкидлади.
– Очиғини айтганда,
бундай тадбирлар ишлаб чиқарувчиларни мулоқотга ва ҳамкорликка чорлайди. Компаниямиз
2005 йилда ташкил этилган. У асосан озиқ-овқат ва саноат ускуналарини,
жумладан, сут маҳсулотларини қайта ишлаш учун ускуналар ишлаб чиқаради,
"Düzdaş" технологияларининг 45 фоиздан зиёди хорижга экспорт
қилинади. Компаниямиз маҳсулотлари юқори сифати ва инновацион ечимлари билан
дунёга танилган. "Düzdaş"нинг ишлаб чиқариш ва маҳсулотлар
кўрсаткичлари халқаро миқёсда кенг тарқалган, – деди у.
Кўргазма эртага ўз ишини
давом эттиради.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА
Сарлавха :
Иқтисодиёт
09 04 2025 / 16:12