Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Тони Блэр институти Ўзбекистондаги ислоҳотларга маслаҳат ёрдамини кўрсатади



Улашинг :



Шавкат Мирзиёев Буюк Британиянинг собиқ бош вазири, Глобал ўзгаришлар институти раҳбари Тони Блэр билан навбатдаги учрашувни ўтказди. Учрашув давомида йирик сармоядорларни жалб этиш, рақамлаштириш жараёнини тезлаштириш ва сунъий интеллектни жорий қилиш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

Шавкат Мирзиёев 10 апрель куни Буюк Британиянинг собиқ бош вазири, Глобал ўзгаришлар институти раиси Тони Блэрни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Учрашувда Ўзбекистоннинг ушбу тузилма билан амалий ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

«Тони Блэр Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши ва кўламини юксак баҳолади, уларни янада илгари суриш доирасида зарур эксперт-маслаҳат кўмагини кўрсатишга тайёрлигини билдирди», — дейилади хабарда.

Иқтисодиёт тармоқларига йирик стратегик инвесторларни жалб қилиш, технологик модернизация, рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этишни жадаллаштириш, устувор соҳаларда қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳамкорликнинг бошқа асосий йўналишлари сифатида қайд этилди.

Маълумот учун, Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр томонидан 2016 йилда ташкил этилган институт халқаро нотижорат ташкилот ҳисобланади. У турли мамлакатларга барқарор ва инновацион ривожланишнинг янги моделларини ишлаб чиқишда, иқлим ўзгариши ва бошқа замонавий таҳдидларга қарши курашишда кўмаклашади.

Газета.уз.


Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

10 04 2025 / 15:43