Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ, ЭКСПОРТ ВА ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ, САВДО ВА САНОАТ СИЁСАТИ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Улашинг :


Жаҳон иқтисодиётидаги кескин ўзгаришлар, ташқи хатарлар ва глобал рақобат шароитида миллий ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчиларни самарали қўллаб-қувватлаш, ички бозорда адолатли рақобат муҳитини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида қарор қиламан:

I. Асосий мақсад

1. Белгилансинки, ушбу Фармонни қабул қилишдан асосий мақсад ишлаб чиқариш, миллий маҳсулотлар экспорти, янги иш ўринларини яратиш бўйича 2025 йил учун белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш ҳисобланади.

II. Ички бозорда рақобат муҳитини ривожлантириш

2. Белгилансинки:

(а) олиб кирилаётган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш тартиби 1994 йилдаги Тарифлар ва савдо бўйича Генерал келишув (GATT) ва 1994 йилдаги мазкур келишувнинг VII-моддасини қўллаш тўғрисидаги Келишувда белгиланган умумий тамойил ва қоидаларга тўлиқ мувофиқ келтирилади;

(б) товарларнинг божхона қийматини аниқлашда имтиёзлар ёки махсус божхона расмийлаштируви тартиблари, жумладан, муайян аниқлаш усулларини қўллашга йўл қўйилмайди;

(в) божсиз олиб кириш меъёрлари ва божхона расмийлаштируви шартлари жаҳон стандартларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

3. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда ички бозорда рақобат муҳитини ривожлантириш чоралари бўйича қарор қабул қилсин.

III. Сертификация ва техник назорат соҳасидаги ислоҳотлар

4. Белгилансинки:

(а) хавф даражаси юқори бўлган маҳсулотларни мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби бекор қилиниб, уларга мувофиқлик тўғрисидаги декларация расмийлаштириш тартиби жорий этилади;

(б) 2025 йил 1 майдан бошлаб мувофиқлик декларациясини сертификатлаштириш органларида рўйхатдан ўтказиш тартиби бекор қилинади ҳамда уларни шакллантириш ва ҳисобга олиш Техник тартибга солиш ахборот тизими (ТРИС) орқали амалга оширилади.

(i) Вазирлар Маҳкамаси 2025 йил 1 августга қадар мажбурий сертификатланадиган товарлар рўйхатини тубдан қисқартириш ва маҳсулотлар мувофиқлигини декларациялаш амалиётини кенг қўллаш чораларини кўрсин.

5. Мувофиқликни баҳолаш ва назорат органлари функциялари қуйидагича қайта тақсимлансин:

(а) озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги назорати бўйича ваколатли орган вазифалари Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан амалга оширилади. Бунда:

(i) 2025 йил 1 августдан бошлаб озиқ-овқат маҳсулотлари учун техник регламентлар ва стандартлар мажбурийлиги бекор қилинади;

(ii) Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси 2025 йил 1 августга қадар Кодекс Алиментариус стандартлари асосида энг устувор озиқ-овқат маҳсулотларига тегишли санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини тасдиқласин;

(iii) Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари дахлдор вазирлик ва идоралар билан келишилгандан сўнг тўғридан-тўғри амал қилади;

(б) иловага мувофиқ айрим товарлар санитария-эпидемиология, давлат ветеринария хизмати, ўсимликлар карантини, техник тартибга солиш назоратидаги рўйхатлардан чиқариб ташлансин.

6. Санитар, фитосанитар ва ветеринария назорати соҳасидаги қуйидаги тартиб-таомилларга мажбурий амал қилиш 2025 йил якунигача талаб қилинмасин:

(а) маҳаллий ва импорт озиқ-овқат маҳсулотлари учун санитария ва эпидемиология хизматларининг лабораториялари натижаларига асосан санитария-эпидемиологик хулоса олиш орқали сертификатлаш;

(б) барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, шу жумладан, болалар овқатлари, терапевтик ва профилактик овқатланиш учун парҳез озиқ-овқат маҳсулотлари, озиқ-овқат қўшимчалари, биологик фаол озиқ-овқат қўшимчалари ва янги рецептлар ёки янги технология асосида яратилган озиқ-овқат маҳсулотлари учун барча техник ҳужжатларни (озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича барча янги ўзгаришларни, шу жумладан, рецептлар, технологик кўрсатмалар (нормалар), қоплама ҳажми, техник шартлар, ишлаб чиқариш, қадоқлаш, маркировкалаш, сақлаш, ташиш ва реализация қилиш жараёнларига оид) Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишиш ва тасдиқлаш;

(в) алкоголсиз ичимликлар учун қўшимчалар, хомашё, хусусан, ичимликлар ишлаб чиқариш учун бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш ва мамлакатга олиб кириш учун хар бир партияни сертификатлаш;

(г) озиқ-овқат маҳсулотлари учун фитосанитария сертификатини олиш, агар уларга нисбатан санитария-эпидемиология хизмати томонидан гигиеник хулоса ва (ёки) давлат ветеринария хизмати томонидан ветеринария хулосаси (сертификати) тақдим этилган бўлса;

(д) ўсимлик маҳсулотлари, мато, ипак, чарм, ўйинчоқлар, спорт инвентари ва бошқалар учун ветеринария сертификатини олиш.

7. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда санитария-эпидемиология, ветеринария, ўсимликлар карантини, экология, техник тартибга солиш ва техник назоратнинг бошқа йўналишларида товарлар рўйхатларини «гильотина» услубида қисқартириш бўйича қарор қабул қилсин, шунингдек, тартиб-таомилларни халқаро амалиётга мувофиқлаштириш, давлат лабораторияларини сотиш бўйича «йўл харитасини» тасдиқласин.

8. Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия (Ж. Ходжаев) бир ой муддатда сертификатланган ва декларацияланган асбоб-ускуна, бутловчи қисмлар, хомашёлар, ўлчов воситалари, кимёвий реагентлар ва кўтариш мосламалари импортида миллий сертификат олиш талаб қилинмайдиган хорижий юқори сифат ва назорат тизимларининг мезонларини тасдиқласин.

9. Адлия вазирлиги Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда уч ой муддатда «Маҳсулотларнинг умумий хавфсизлиги тўғрисида»ги ва 2025 йил 1 сентябрга қадар «Бозор назорати тўғрисида»ги қонунлар лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

IV. Божхона тўловлари ва солиқ маъмурчилиги

10. 2025 йил 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган хушбўйлаштирувчи ёки ранг берувчи қўшимчаларсиз оқ шакарга нисбатан акциз солиғи бекор қилинсин.

11. Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича ҳукумат комиссияси (Ж. Ходжаев) шакар ишлаб чиқарувчи корхоналарни технологик модернизация қилиш орқали уларнинг барқарор фаолият юритиши чораларини кўрсин.

12. Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия (Ж. Ходжаев) бир ой муддатда ишлаб чиқариш учун муҳим хомашё ва ускуналар (сут ва бетон ташувчи транспорт воситалари ҳамда стационар кузатув постлари) импортида вақтинчалик божхона божларини камайтириш бўйича қарор қабул қилсин.

13. 20 ва ундан ортиқ ишчиси мавжуд бўлган юридик шахслар томонидан мол-мулк ва ер солиқлари ҳамда ижара тўловлари бўйича ҳисобланган солиқ суммалари 2025 йил 15 июлда ва 1 декабрда бўлиб-бўлиб тўланилишига рухсат берилсин.

14. Белгилансинки:

(а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 27 декабрдаги «Тадбиркорлар учун тенг шароитлар ва адолатли рақобат муҳитини таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-229-сон Фармони 2-бандида назарда тутилган солиқ имтиёзларини қўллаш учун ҳисобот давридаги тўқув (трикотаж мато, ип-газлама ва пайпоқ маҳсулотлари), тикув-трикотаж, пойабзал ёки чарм-атторлик маҳсулотларини реализация қилишдан тушган умумий тушум ҳажмини аниқлашда, шартномага мувофиқ давал хомашёсини қайта ишлаш юзасидан кўрсатилган хизматлар бўйича олинган даромад ҳам инобатга олинади;

(б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-132-сон Фармони 8-бандига мувофиқ умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига тўланган қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтаришда ушбу фаолиятдан олинган даромад товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган жами даромаднинг камида 80 фоизини ташкил этиши зарур.

15. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Божхона қўмитаси билан биргаликда Жаҳон савдо ташкилоти қоидалари асосида электротехника саноати маҳсулотларига импорт квоталарини белгилаш, очиқ ва шаффоф электрон онлайн-аукцион тизими орқали тақсимлаш тартибини жорий этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

V. Ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш

16. Вазирлар Маҳкамаси саноат корхоналарининг автоматик мониторинг станцияси, чанг-газ тозалаш ускунаси, локал сув тозалаш иншооти ва стационар кузатув пости билан жиҳозлаш мажбурияти муддатини I тоифадаги корхоналар учун — 2026 йил 1 январга қадар, II тоифадаги корхоналар учун — 2026 йил 1 июлга қадар узайтирсин.

(i) Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2025 йил 1 сентябрга қадар мазкур жиҳозлаш қурилмаларини молиялаштириш учун халқаро молия институтларининг 100 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағларини тижорат банкларига жалб этиш чораларини кўрсин.

17. Олтингугуртга (ТИФ ТН коди 2503) нисбатан экспорт божи 2025 йил 20 апрелдан бошлаб амал қилсин.

18. Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси «Ўзкимёсаноат» АЖ билан биргаликда 2027 йил 1 январга қадар биржа савдолари орқали алоҳида форвард битимлар тузган ҳолда, ПВХ маҳсулотини 25 фоизли бўнак тўлов асосида ортиб бериш ва қолган 75 фоизини икки ой муддатда бўлиб тўлаш шарти асосида сотиш тартибини йўлга қўйсин.

19. Устав капиталининг 50 фоизи ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган техник газ, кислород ва янги турдаги кам тоннажли кимё маҳсулотларини 2026 йил 1 январга қадар фақат биржа савдолари орқали сотиш талаби татбиқ этилмасин.

20. Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича ҳукумат комиссияси (Ж. Ходжаев) «Савдони ривожлантириш компанияси» АЖ ва «Ўзсаноатқурилиш-материаллари» уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда қурилиш материалларини экспорт қилишда корхоналар рейтингидан ва талаб этиладиган харажатлар суммасидан қатъи назар хорижий сертификатларни расмийлаштириш харажатларини тўлиқ қоплаб беришни йўлга қўйсин.

21. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги уч ой муддатда хусусий уруғчилик корхоналарини ривожлантириш, Давлат бюджети ва грантлар ҳисобидан қишлоқ хўжалигида илм ва инновацияларни кенг жорий қилишда хусусий сектор иштирокини кенгайтиришга оид дастурни тасдиқласин.

VI. Экспортни кенгайтириш

22. Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссияга (Ж. Ходжаев) экспорт божхона божлари ставкаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ваколати берилсин.

23. Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия (Ж. Ходжаев) ички ва ташқи бозордаги конъюнктурадан келиб чиқиб, ҳар ойда экспорт божхона божи ставкаларининг пасайтирилган ставкаларини тасдиқлаб борсин (гўшт, гуруч, ип-калава, тери хомашёси ва тайёр маҳсулоти, минерал ўғитлар ва кам тоннажли кимё маҳсулотлари).

24. Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги тадбиркорлик субъектларига хорижий бозорларга чиқиш учун зарур рухсатномаларни расмийлаштириш, тегишли реестрларга киришни таъминлаш бўйича давлат амалий ёрдамини кўрсатиб борсин.

25. Белгилансинки, мазкур Фармонда назарда тутилган масалалар юзасидан ҳамда ташқи бозорлардаги ўзгаришларга тезкор мослашиш мақсадида қабул қилинадиган Вазирлар Маҳкамасининг, Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссиянинг, Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича ҳукумат комиссиясининг қарорлари, агар уларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, дарҳол кучга киради. Бунда, бюджет ва бошқа соҳалардаги қонунчиликда белгиланган ҳуқуқий ҳужжатларнинг амал қилиш муддатларига оид талаблар татбиқ этилмайди.

VII. Инвестицияларни рағбатлантириш

26. Белгилансинки, 2025 йил 1 июндан бошлаб, хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 250 минг АҚШ доллари ҳамда уларнинг ҳар бир оила аъзосига (турмуш ўртоғи, фарзанди ва ота-онаси) 150 минг АҚШ доллари миқдоридаги тўловлар эвазига Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси 5 йил муддатга соддалаштирилган тартибда берилади.

27. Солиқ ва муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлмаган экспорт қилувчи корхоналар томонидан хорижда савдо уйини ташкил этиш учун алоҳида қарорларсиз йилига 50 минг АҚШ долларигача маблағни чет элга ўтказишга рухсат берилсин, бундан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари ҳамда Ҳукумат қарорлари асосида алоҳида белгиланган тартиблар мустасно.

VIII. Назорат ва ижро

28. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Божхона қўмитаси ва Савдо-саноат палатаси билан биргаликда оммавий ахборот воситаларида ушбу Фармоннинг мазмун-моҳиятини очиб бериш учун нашрлар, эшиттиришлар ва тематик теледастурлар ташкил қилсин.

29. Мазкур Фармон норма ва қоидалари, агар уларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, дарҳол кучга кирсин.

30. Мазкур Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2025 йил 18 апрель,

ПФ-67-сон


Сарлавха :
Иқтисодиёт

22 04 2025 / 15:30