Мамлакатимизда сейсмик
хавфсизликни кучайтириш: соҳани ривожлантириш учун илмий-инновацион ёндошувлар
Жорий йил 13 май куни Давлатимиз раҳбари Шавкат
Мирзиёев сейсмик хавфсизликни кучайтириш чора-тадбирларига оид таклифлар
тақдимоти билан танишди. Давлатимиз раҳбари қурилишда сифат ва хавфсизлик
биринчи ўринда эканини таъкидлаб, бу йўналишларни илмий ривожлантириш, соҳага
замонавий ёндашувларни жорий этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Бугунги кунда мамлакатимизда қурилиш-бунёдкорлик
кўлами сезиларли равишда кенгайиб бормоқда. 2017 йилдан буён жойларда 11 минг
410 та кўп қаватли уйлар қурилган. Бу аҳолини турар жой билан етарлича
таъминлаш, турмуш шароитларини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Бино ва иншоотларнинг хавфсиз тарздаги қурилиш
асосларидан бири бўлган сейсмология соҳасига ҳам эътибор қаратилмоқда. Бу
борада хорижий илмий марказлар билан ҳамкорлик қилиб, инновацион
технологияларни татбиқ этишга эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, давлатимиз
кўп жабҳаларда ташаббускор ҳамдир.
Эслаб ўтиш жоизки, 1966 йил 26 апрелда Тошкент
шаҳрида вайронкор зилзила содир бўлган. Ўзбекистон Президенти зилзила
қурбонларига ҳурмат кўрсатиш ва бу борада халқаро ҳамкорлик зарурлигини эслатиш
мақсадида хотира ва бирдамлик кунини таъсис этиш ташаббусини илгари сурган эди.
Бунинг эътирофи ўлароқ, яқинда БМТ Бош Ассамблеяси 29 апрелни Халқаро зилзила
қурбонларини хотирлаш куни, деб эълон қилиш тўғрисида резолюция қабул қилди.
Бу соҳада халқаро стандартларга мос бўлиш учун
давлатимиз раҳбари янги қурилаётган уйларнинг сифатига эътиборни кучайтириш
вазифасини қўйган эди. Шунга мувофиқ, кўп қаватли уйларнинг зилзилага
бардошлилигини ошириш ва аҳолининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш чоралари
кўрилмоқда.
Жумладан, давлат лойиҳа институтлари мутахассислари
иштирокида жойларда ўрганишлар ўтказилди. Ушбу ўрганиш натижалари ва
ҳудудларнинг сейсмик ҳолати таҳлили асосида бу тизимни янада такомиллаштириш
бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Унга кўра, хорижий мутахассислар жалб қилинган ҳолда,
биноларни ўрганиш бўйича янги амалиёт йўлга қўйилади. Зилзилага ва бошқа табиий
офатларга бардошли уйларни қуриш бўйича тажриба алмашиш кенгайтирилади. Бинолар
инструментал техник текширувдан ўтказилиб, камчиликлар бартараф этилади.