Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистон — Венгрия: халқларимизнинг тарихий илдизлари муштарак



Улашинг :


22.05.2025

Муносабат

Ўзбекистон — Венгрия ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик нафақат тарихий ришталарга асосланиб, балки аниқ ташаббуслар билан ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Бундай ёндашув икки мамлакат ҳукуматлари, бизнес ва жамиятлари даражасида барқарор алоқаларни шакллантиришга стратегик ёндашувни намойиш этади.

Мамлакатларимизнинг барча даражадаги тизимли ҳамкорлиги – савдо-иқтисодий шериклик, парламентлараро ва идоралараро ҳамкорликнинг босқичма-босқич ривожланиши кенг қамровли шартномавий-ҳуқуқий базани шакллантириш имконини берди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 19-21 май кунлари Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг таклифига биноан ушбу мамлакатда расмий ташрифи икки давлат муносабатлари ва ТДТ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожланишига хизмат қилади.

Айтиш жоизки, сўнгги йилларда расмий Тошкентнинг Будапешт билан амалий ҳамкорлиги барча йўналишларда изчил ривожланиб бормоқда. Икки мамлакат парламентлари, ҳукуматлари, идора ва ҳудудлари даражасида самарали алоқалар йўлга қўйилган.

2025 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеясида Венгрия Миллий мажлис спикери ўринбосари Янош Латорсаи иштирок этгани парламентлараро алоқаларни ривожлантиришга туртки беради.

Сўнгги йилларда маданий-гуманитар соҳадаги амалий ҳамкорлик ҳам мунтазамлик касб этмоқда. Масалан, 2024 йил октябрь ойида Лакителек шаҳрида буюк шоир Алишер Навоий бюсти очилди. Бу йил январь ойида эса Будапештда ўзбек киноси кунлари ўтказилди.

2026 йилни Ўзбекистон ва Венгрия маданияти йили, деб эълон қилиниши, Венгрия давлат опера театри саҳнасида “Лазги” балетини саҳналаштирилиши ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга замин яратади.

Қисқача айтганда, Ўзбкистоннинг Венгрия билан саво-иқтисодий, молиявий, инвеститиявий ва технологик ҳамкорликни ривожлантириш, кенг кўламли шериклик алоқалари бугунги кунга келиб Стартегик ҳамкорлик даражасига кўтарилди.

Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида имзоланган Кенгайтирилган Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларатсия замонавий жадал ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратиши, шубҳасиз.

Икки мамлакат етакчилари ҳузурида қабул қилинган қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар, жумладан, экстрадитсия тўғрисидаги шартнома, Иқлим ўзгариши соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим, табиий офатларни бошқариш, илм-фан ва инноватсиялар, тинч атом соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги идоралараро келишувлар стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлик учун янги имкониятлар очади.

Гулдона АВЕЗДУРДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

22 05 2025 / 15:46