Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

"Шинжон" технологияси — манфаатдорлик ва ҳосилдорликнинг бош омили



Улашинг :


Айни пайтда Қашқадарё вилоятида хизмат сафари билан бўлиб турган қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ташриф дастурига мувофиқ, Косон тумани ҳудудида жойлашган “Косон” фермер хўжалиги дала майдонида бўлди.

Мазкур хўжалик томонидан 50 гектар ер майдонида Хитойда ишлаб чиқилган “Хин Лу Зао-57” пахта нави экилган бўлиб, бу ерда илғор технологияларни жорий этиш йўналишида муҳим тажрибалар синовдан ўтказилмоқда. Хусусан, 15 гектар майдонда пахта экинлари Шинжон (Хитой) технологияси асосида, плёнка остида, 76х10 схемада қўш қатор тарзида жойлаштирилган. Қолган 35 гектар майдон эса анъанавий усулда экилган. Бу тажриба ўзида инновацион ва классик усулларни солиштириш имконини беради.

Фермер хўжалиги раҳбари келгуси йилдан бошлаб бутун экин майдонини тўлиқ равишда Шинжон технологияси асосида ташкил этишни режалаштираётганини билдирди. Бу қарор айнан тажриба давомида кузатилаётган агротехник самарадорлик ва ҳосилдорлик кўрсаткичларига асосланган.

Вазир дала майдонини кўздан кечирар экан, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли ва тизимли амалга оширилгани ўз натижасини кўрсатганини эътироф этди.

Шунингдек, ҳар бир гектардан юқори ва баракали ҳосил олиш, энг аввало, замонавий аграр ёндашувларга таянадиган илмий асосланган қарорлар, илғор технологияларни амалиётга жорий этиш ва фермерларнинг билимини узлуксиз ошириб боришга бевосита боғлиқ эканини алоҳида қайд этди.

Албатта, ер ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, ҳар бир қарич ердан энг юқори натижа олиш бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

Шу боис, хорижий тажрибани ўрганиш, илм-фан ва технологияни ишлаб чиқариш билан интеграция қилиш орқали нафақат ҳосилдорлик, балки умуман аграр соҳанинг барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият кабсб этади.

gov.uz сайтидан олинди.


Сарлавха :
Марказ фаолиятига оид

04 06 2025 / 13:50