Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Энди бир солиққа тўланган ортиқча тўлов бошқасига йўналтирилади



Улашинг :


Ўзбекистонда энди солиқ тўловчиларга ортиқча тўланган ва ундирилган суммалардан нафақат муайян бир солиқ, балки бошқа солиқлар учун ҳам фойдаланишга рухсат берилди. Шунингдек, солиқ ҳужжатларини фақат ЭРИ эмас, балки биометрия (Face-ID ёки бармоқ изи) ёрдамида ҳам текшириш мумкин бўлди.

26 июнь куни қабул қилинган қонун [ЎРҚ-1071-сон] билан Солиқ маъмурчилигига қатор ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди. Ўзгаришлар Сенат томонидан 28 май куни маъқулланган.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, ортиқча ундирилган солиқ суммасини солиқ тўловчининг бошқа солиқлар бўйича келгуси тўловлари ҳисобидан ҳисобга олиш тартиби янада соддалаштирилди. Бунда энди ортиқча тўланган солиқ суммаларини нафақат шу солиқ, балки бошқа солиқлар бўйича ҳам келгусидаги мажбуриятларни тўлаш учун ишлатиш имконини беради.

Қонун ҳужжатларига киритилган қўшимчаларга кўра, солиқ муносабатларида фойдаланиладиган электрон ҳужжатларни шахснинг розилигини ифодалайдиган ва уни идентификация қилиш имконини берадиган электрон тасдиқлаш усуллари орқали тасдиқлаш электрон рақамли имзога тенглаштирилди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигида, шу жумладан балиқчилик хўжаликларида сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоботлари «Suv hisobi» ахборот тизими ва ушбу соҳадаги ваколатли органларнинг маълумотлари асосида автоматик тарзда шакллантирилади.

Унга кўра, бошқа солиқлар бўйича келгуси тўловлар учун ҳисобга олиш солиқ тўловчининг ёзма ёки электрон аризасига кўра солиқ органлари томонидан 3 кун ичида амалга оширилиши белгиланди.

Қонун билан киритилган қўшимчаларга кўра, «Маҳалла сервис» компаниялари томонидан маҳаллаларни обод қилиш билан боғлиқ ишларни бажариш ва аҳолига қонунчиликда белгиланган айрим ижтимоий пулли хизматлар кўрсатишдан олинган маблағлар солиқ солишда ҳисобга олинмайдиган даромадларга киритилди.

Шунингдек, мазкур хизматларни кўрсатишга мўлжалланган бинолар жойлашган ер участкалари ер солиғи солиш объекти ҳисобланмаслиги белгиланди.

Қуйидаги даромад турларига солиқ солинмаслиги кўзда тутилди:

· Чернобиль АЭСдаги ҳалокат оқибатларини тугатишда иштирок этган фуқароларнинг, шунингдек улар хотини (эри)нинг даромадлари;

· «Маҳалла сервис» компаниялари ходимларининг фаолияти натижасида олинган, уларнинг солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи тарзидаги даромадлари.

Бундан ташқари, Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов ва Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманларида ташкил этилган чарм-пойабзал саноат зоналарини бошқариш дирекциялари мол-мулк, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлашдан 2025 йил 1 январдан 2026 йил 1 январгача озод этилиши кўрсатилди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

газета.уз дан олинди


Сарлавха :
Иқтисодиёт

30 06 2025 / 12:44