Бугун
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси
томонидан енгил саноат ва хизматлар, транспорт-экспедиторлик хизматлари
соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил
этилди.
Унда аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда юқори қўшилган қийматли товарлар
ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти
депутатлар ва мутахассислар томонидан қизғин муҳокама қилинди.
Давра суҳбати аввалида қўмита раиси Шарофиддин Назаров мамлакатимизда
тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва уларга кенг имконият ва
шароитлар яратиш, тадбиркорлик муҳитини кенгайтириш орқали аҳоли бандлигини
таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Бу борада соҳа
вакилларига кенг солиқ имтиёзлари ва преференциялар тақдим этилаётгани тадбиркорлик
фаолиятининг ривожланишига катта туртки бўлмоқда.
Давра суҳбатида янги ишлаб
чиқилган қонун лойиҳаси батафсил муҳокама қилинди. Солиқ-божхона сиёсати ва
даромадлар прогнози департаменти директори ўринбосари А.Салоҳиддинов қонун
лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар ҳақида маълумот берди.
Қайд этилганидек, мазкур лойиҳа тадбиркорлик субъектлари фаолиятини
қўллаб-қувватлаш ва улар ўртасида тенг рақобат муҳитини таъминлашга қаратилган.
Унга кўра, яйлов хўжаликларининг яйлов ерларини ер солиғидан озод қилиш, янги
боғларни барпо этишда импорт қилинадиган кўчатлар ва пайвандтаглар ҳамда айрим
техникаларни 2028 йилга қадар қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)дан озод қилиш кўзда
тутилмоқда.
Шунингдек, 2028 йилга қадар хизматлар соҳасидаги тадбиркорлик субъектларининг
30 ёшдан ошмаган ходимлари учун ижтимоий солиқ ставкасини 1 фоиз этиб белгилаш,
тикув-трикотаж, пойабзал ва чарм-атторлик саноатида ишлаб чиқарувчи
тадбиркорлар учун фойда солиғини 2 фоиз ва ижтимоий солиқ ставкасини 1 фоиз
этиб белгилаш таклиф этилмоқда.
Шу билан бирга, транспорт-экспедиторлик хизматлари ва фармацевтика
маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга ҳам бир қатор солиқ имтиёзларини тақдим этиш
кўзда тутилмоқда.
Давра суҳбатида депутатлар ва мутахассислар томонидан бир қатор саволлар
ўртага ташланиб, муҳокама қилинди. Лойиҳани такомиллаштириш юзасидан
таклиф-тавсиялар билдирилди.
М.Комилова, ЎзА
Сарлавха :
Иқтисодиёт
24 07 2025 / 11:42