2030 йил охирига
қадар ЯТТлар ва ўзини банд қилганлар учун ягона рақамли платформага эга алоҳида
ҳуқуқий режим жорий этилади. У орқали фаолиятни расмийлаштириш,
ҳисоб-китобларни бошқариш, солиқ тўлаш, чек яратиш ва электрон ҳамён очиш
мумкин бўлади. Ҳужжатлар электрон калитсиз имзоланади.
Президент Шавкат Мирзиёев 11 август куни бўлиб ўтган йиғилишда якка
тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун тадбиркорлик
фаолиятини амалга ошириш жараёнини соддалаштиришга қаратилган комплекс
чора-тадбирларни тасдиқлади.
Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра,
ушбу тоифа учун 2030 йил 31 декабрга қадар алоҳида ҳуқуқий режим жорий этилади.
Унда асосий хизматлар — рўйхатдан ўтишдан тортиб, ҳисобот бериш
ва солиқ тўлашгача бўлган хизматларни ўзида бирлаштирган яхлит рақамли
платформа яратиш кўзда тутилган.
Платформа орқали тадбиркорлар ўз фаолиятини расмийлаштириш, банк
ҳисобварақларини очиш ва бошқариш, солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш,
тўловларни амалга ошириш ва чеклар яратиш имкониятига эга бўлади.
Бу тизимда электрон ҳамён очилиши тадбиркорларга даромадларни қабул
қилиш, ходимлар, контрагентлар ва ташкилотлар билан ҳисоб-китобларни
амалга ошириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш имкониятини
беради. Электрон ҳамёнга эга бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи
банд қилган шахслар учун банк ҳисобварақларини очиш ихтиёрий бўлади.
2025 йил 1 ноябрдан бошлаб ушбу
жараёнларда QR-кодлар ва «tap to pay» технологиясидан фойдаланилади.
Ҳужжатлар электрон калитсиз масофавий биометрия ва SMS-хабарномалар
ёрдамида имзоланиши мумкин. Ушбу маълумотлар қоғоз ҳужжатларга тенг бўлади.
«Кунлик тўлов» тартиби тажриба тариқасида жорий этилиб, ходимларга
тўловларни электрон ҳамён орқали тўлаш имконияти яратилади.
Бундан ташқари, 2026 йилдан бошлаб айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган якка
тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини банд қилганлар 1 фоиз миқдорида айланма
солиғи тўлайди. Электрон тўловларни қабул қилиш учун махсус QR-кодга
эга бўлиш чакана савдо қоидаларининг мажбурий талабига айланади.
газета.уз