Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Инсон капиталига инвестиция киритиш – Янги Ўзбекистоннинг муҳим стратегияси



Улашинг :


10:22 / 15.08.2025

“Ватан учун, миллат учун, халқ учун!”

Етук кадрлар тайёрлаш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналиши ҳисобланади. Шу мақсадда ташкил этилган “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали 2018 - 2025 йилларда 2,3 минг нафарга яқин стипендиат дунёнинг 45 мамлакатига таълим олишга юборилди.

Бугунги кунда 1,4 минг нафардан ортиқ битирувчи Ўзбекистонга қайтиб келиб, иқтисодиёт, таълим, фан, тиббиёт ва давлат бошқаруви соҳаларида фаолият юритмоқда. 740 нафардан ортиқ стипендиат ҳозирда дунёнинг нуфузли Топ-300 талик рейтингига кирувчи университетларда таҳсил олмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 5 майдаги “Иқтидорли мутахассисларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлаш, уларда касбий кўникмаларни ривожлантириш ва рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси этиб қайта ташкил этилди.

Мақсад иқтидорли ёшлар ва мутахассисларни хориждаги нуфузли таълим, илмий ва бошқа ташкилотларда ўқишини ташкил этиш ҳамда давлат хизматчиларини хорижий мамлакатларда ўқитиш ва стажировкасини ташкил этиш орқали уларнинг касбий кўникмаси, билими ва тажрибасини янада оширишдан иборат.

Қайта ташкил этиш кадрлар тайёрлаш кўламини кенгайтиришга қаратилган. Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси, Бошқарув самарадорлиги агентлиги билан ҳамкорликда инсон капиталига инвестиция киритишнинг стратегик платформаси сифатида кадрлар тайёрлаш бўйича ягона кластер шакллантирилди.

“Эл-юрт умиди” жамғармасининг асосий миссияси – дунёнинг нуфузли университетлари ва илмий марказларида таълим олган янги авлод етакчилари ва мутахассислар жамоасини шакллантиришдан иборат. Улар Ватанга қайтиб келиб, илғор билимларни жорий этиш, давлат институтларини мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш, таълим, иқтисодиёт, рақамлаштириш, маданият ва бошқа муҳим соҳаларни янги босқичга кўтариш орқали Янги Ўзбекистонни барпо этишга ҳисса қўшади.

Жамғарма иқтидорли ёшлар ва глобал таълим тизими ўртасида боғловчи бўғин вазифасини ўтаб, шу орқали барқарор ўсишнинг асосий ресурси сифатида инсон капиталини мустаҳкамлайди.

Янги стратегия доирасида ҳудудлардаги истеъдодли ёшлар, аёллар, илм-фан ва давлат бошқаруви соҳаси вакилларини уларнинг жойлашуви ёки ижтимоий мавқеидан қатъи назар қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу барқарор ривожланишнинг глобал мақсадларига, жумладан, “Ҳеч ким ортда қолмасин” деган муҳим тамойилга ҳамоҳанг.

Трансформациялардан кейинги дастлабки 100 кун

Кенг кўламли трансформациялардан кейинги дастлабки 100 кун ичида «Эл-юрт умиди» жамғармаси истеъдодларни жалб қилувчи динамик марказга, халқаро стандартлар ва мамлакатнинг стратегик манфаатларига йўналтирилган очиқ платформага айланди.

Янгиланган тузилма, шаффоф танлов ўтказишнинг янги талаблари ва мезонлари, халқаро алоқаларнинг кенгайиши – буларнинг барчаси жаҳон академик тажрибасини кадрлар тайёрлаш миллий тизимига интеграция қилиш бўйича тизимли йўналишнинг бир қисмига айланди.

Бир сўз билан айтганда, жамғарма фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, кадрлар тайёрлашга ёндашувнинг ўзини қайта шакллантириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Ушбу чора-тадбирлар ўзбекистонлик ёшлар ва мутахассисларга жаҳон даражасидаги билим ва кўникмаларни эгаллаш ҳамда уларни мамлакат фаровонлиги йўлида қўллаш имконини берадиган кенг кўламли ташаббуслар учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.

Янги жамоа – янги имкониятлар

Ўзгаришлар марказида етакчи хорижий университетларда таълим олган ва халқаро ташкилотларда иш тажрибасига эга бўлган мутахассислар жамоасини шакллантириш туради.

Белгиланган янги, кенг қамровли вазифалардан келиб чиқиб, «Эл-юрт умиди» жамғармаси жамоаси юқори малакали, нуфузли таълим муассасаларини тамомлаган ёш ва истиқболли мутахассислардан шакллантирилди.

Ходимларнинг ўртача ёши – 34 ёшни ташкил этади. Уларнинг учдан бир қисми хотин-қизлар бўлиб, жамоа аъзоларининг 95 фоизи олий маълумотли, шундан қарийб ярми турли соҳаларда магистрлик даражасига эга.

Эътиборли жиҳати шундаки, 9 нафар ходим «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиатлари ҳисобланади. Улар ўзлари хорижда таълим олиш йўлидан ўтган бўлиб, энди Ўзбекистон келажагини шакллантира оладиган янги авлод етакчилари, иқтидорли ёшлар ва мутахассисларнинг хориждаги нуфузли университетларда таълим олишини ташкил этиш орқали уларнинг касбий кўникмалари, билими ва тажрибасини янада оширишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Бундай кадрлар таркиби илғор таълим амалиёти ва ёндашувларини жорий этишнинг кафолати бўлади.

Очиқ ва шаффоф танлов

«Эл-юрт умиди» жамғармасининг 2025 йил 1-очиқ стипендия танлови очиқлик, шаффофлик, тенг имконият ва адолат тамойиллари асосида ўтказилди.

Қисқа муддатда my.gov.uz тизимига интеграция қилинган махсус онлайн-платформа ишга туширилди. Бу бюрократик тартиб-таомилларни сезиларли даражада қисқартириш, шунингдек, инсон омили таъсирини бартараф этиш имконини берди. Бу эса, коррупция хавфининг олдини олиш бўйича самарали чора бўлди. Платформа 24/7 режимида ишлади, аризаларни дунёнинг исталган нуқтасидан топшириш имкони яратилди.

Агар 2024 йилда стипендия олиш учун очиқ танловга ариза топширганлар сони 4,1 минг нафарни ташкил этган бўлса, 2025 йилги биринчи очиқ стипендия танловида бу кўрсаткич 8 мингдан ошди.

Танлов комиссияси таркибини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Аъзоларнинг камида 50 фоизини хусусий сектор ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ташкил этди. Суҳбат жараёни видеоёзув ва Интернет тармоғида онлайн трансляция билан очиқ форматда ўтказилди.

Танлов босқичларидан ўтиш мезонлари аниқ белгиланди: тест синовлари ва суҳбатлар учун минимал ўтиш бали 61 ва ундан юқори этиб белгиланди.

Халқаро таълим дипломатияси

Жамғарма хорижий ҳамкорлар сафини фаол кенгайтирмоқда. Қисқа вақт ичида етакчи университетлар, илмий-тадқиқот марказлари, халқаро таълим ва бошқа ташкилотлар вакиллари билан музокаралар ўтказилди.

Хусусан, Давлат хизмати коллежи (давлат хизматчилари, давлат амалдорлари ҳамда ҳукумат раҳбарлари учун Буюк Британия ва бутун дунё бўйлаб салоҳиятни ошириш дастурларини тақдим этади), Сиракуза университетининг Фуқаролик ва жамоат ишлари бўйича Максвел мактаби (давлат бошқаруви, давлат сиёсати ва ижтимоий фанлар соҳаларида АҚШдаги етакчи илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларидан бири сифатида кенг тан олинган) билан алоқалар ўрнатилиб, ҳамкорлик масалалари келишиш жараёнида.

Жанубий Калифорния университети “USC Price” халқаро давлат сиёсати ва бошқаруви дастури, Колумбия университети Барқарор ривожланиш маркази, Гарвард университетининг Россия ва Евроосиё тадқиқотлари бўйича Девис маркази билан стажировкаларни ташкил этиш, қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш устида ишланмоқда. Шунингдек, жамғарма Уорвик университети, Вандербильт университети, Стенфорд университети Ипак йўли инновацион маркази билан ҳамкорлик тўғрисида келишув ва англашув меморандуми имзолаш арафасида.

Халқаро даражадаги таълим имкониятлари

Яқин келажакда жамғарма ўз олдига улкан вазифаларни қўймоқда: ҳамкорлик географияси кенгайтирилади ва тавсия этилган хорижий олий таълим муассасалари рўйхати оптималлаштирилади. Хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган, Scopus тизимида «Хирш» индекси (h-индекс) юқори бўлган олим, профессор-ўқитувчи ва тадқиқотчилар Ўзбекистонга жалб этилади. Глобал рейтингларда биринчи 300 таликка киритилган хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари амалга оширилади, уларнинг Ўзбекистон ҳудудидаги филиаллари очилади. Хорижий мамлакатлар, энг аввало, Марказий Осиёдан, ёшларни миллий олий таълим муассасаларида ўқиши молиялаштирилади.

Бу чоралар Ўзбекистоннинг минтақавий таълим маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш имконини яратади. Шу билан бирга, маданий алмашинув, қўшма илмий лойиҳаларни ривожлантириш ва узоқ муддатли ҳамкорликка кўмаклашадиган дўстона академик муҳит шаклланади.

Узоқ муддатли ривожланиш стратегияси доирасида «Эл-юрт умиди» жамғармаси Ўзбекистон давлат тузилмаларини етакчи хорижий университетлар, илмий марказлар ва профессионал ҳамжамиятлар билан боғлайдиган тўлақонли таълим хабига айланишини режалаштирган.

Бу, нафақат нуфузли халқаро олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, балки кадрлар тайёрлаш тизимини глобал таълим маконига чуқур интеграциялашга ҳам замин яратади.

Норгул Абдураимова,

ЎзА





Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

15 08 2025 / 14:32