Сув тежовчи технологиялар – ҳосилдорлик ва барқарорлик калити
Улашинг :
Сув тежовчи технологиялар – ҳосилдорлик ва барқарорлик калити
15.09.2025
Ғўзанинг ривожида сувнинг аҳамияти жуда катта. Шу маънода сувни тежаш ва уни оқилона ишлатиш қишлоқ хўжалигининг келажагини белгилайдиган муҳим омиллардан бирига айланмоқда.
Сирдарё вилоятида ҳам бу йўналиш устувор вазифа сифатида белгиланиб, замонавий суғориш тизимлари тобора кенг жорий этилмоқда. Айниқса, ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш каби технологиялар амалда ўзини тўлиқ оқлаяпти. 2025 йилнинг ўзидаёқ 4,7 минг гектар ер майдонида ёмғирлатиб суғориш тизимлари қўлланди. Бу рақамлар фермер ва агрокластерларнинг замонавий тизимларга қизиқиши ҳамда улардан самарали фойдаланаётганини кўрсатади.
Сирдарё туманидаги “Султон Собир Равшан” фермер хўжалиги тажрибаси шунга ёрқин мисол. Хўжаликда 18 гектарда мобил ёмғирлатиб суғориш тизими жорий этилди. Натижада сув сарфи 40 фоизга, минерал ўғитлар эса 35 фоизга тежалди. Ҳар гектардан 50 сентнердан ҳосил олишга эришилди. Фермер ҳозирда насос агрегатини қуёш панеллари орқали ишлатиш режасини қўйган. Бу эса электр энергияси харажатини ҳам қисқартириш имконини беради.
– Сирдарё вилоятининг барча туманларида Туркия технологияси асосида ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш тизимлари жорий қилинмоқда. Бунинг ҳисобига ҳосилдорлик 30–40 фоизга ошди. Энг муҳими, агар анъанавий усулда фермер 10 тонна ҳосил олган бўлса, замонавий тизимлар орқали бу кўрсаткич камида 13–14 тоннага етибгина қолмай, сув ресурсларини тежаш имкони ҳам яратилмоқда, – дейди Қуйи Сирдарё ирригация тизими ҳавза бошқармаси бошлиғи Нуркамол Отақулов. – Масалан, 2024 йилнинг ўзида 11,3 минг гектар ерда сув тежовчи технологиялар жорий қилиниб, 31 миллион куб метр сув иқтисод қилинган бўлса, жорий йилда 28,1 минг гектарда замонавий тизимлар қўлланиб, 196 миллион куб метр сув тежалишига эришилди.
Инфратузилмани янгилаш ишлари ҳам изчил давом этмоқда. Қозоғистон билан чегарадош "Дўстлик" каналининг Гулистон шаҳридан ўтувчи 4,4 километр қисми бетонлаштирилди. 110 йил аввал қурилган сув иншоотлари реконструкция қилиниб, автоматик бошқарув тизимига ўтказилди. “Ақлли сув” дастури орқали назорат қилиш имконияти яратилиб, сув йўқотишлар кескин камайди, ҳисоб-китоблар эса янада аниқлашди.
Вилоятдаги 5 423 километрлик ички суғориш тизимидан 1 505 километри бетонлаштирилди. Қолган қисмларда ҳам босқичма-босқич таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Мутасаддиларнинг фикрича, сув тежовчи технологияларнинг кенг жорий этилиши нафақат фермерлар харажатини камайтиради, балки ҳосилдорликни оширади. Энг муҳими, ер ва сув ресурсларини асраб-авайлаш, қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришда муҳим омилга айланмоқда.